Жамият | 16:37 / 03.02.2023
44104
7 дақиқада ўқилади

Нотариус: шафқатсиз “аждаҳо”дан мижозга қулай идорага айланган тизим

Бир эслаб кўринг: яқин ўтмишда нотариал идора иш битиши қийин бўлган, олиб борилган ҳужжатлардан албатта камчилик топадиган ва қайтарадиган, кўзини лўқ қилиб пора оладиган ташкилот эди. Бу ҳолат Ўзбекистонда хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилгандан кейин ҳам давом этди. 2010 йилда эса барча хусусий нотариуслар лицензияси бир кунда бекор қилинди ва шу пайтгача ҳам жуда абгор бўлган соҳа ҳақиқий тўполонлар маконига айланди. Фуқаролар битта оддий ҳужжатни тасдиқлаш учун ҳам ҳафталаб кутадиган бўлиб қолишди.

Ҳаётимизга кириб келган яхши ўзгаришларга тез кўникамиз, ютуқларни осон унутамиз, эътироф этишни муносиб кўрмаймиз. Бизда негадир ҳамма соҳа ортда қолаётгандай, ҳеч нарса ўрнидан силжимаётгандай тасаввур уйғонган. Лекин айрим вазирликлар ва соҳаларда реал ислоҳотлар кўзга кўриниб қолди.

Масалан: яқин йилларгача ҳам кўчмас мулк сотиш ва сотиб олиш ҳақиқий дахмаза эди. Келинг, ўша даврдаги жараённи оддий тилда, босқичма-босқич тушунтириб ўтамиз:

1. Харидор билан нарх борасида келишиб, бўнак, яъни заклад олинади ва уйни расмийлаштириш учун ўртача 10-15 кун муддат белгиланади;

2. Хонадонда пропискада турганлар ҳақида маълумотни англатувчи Форма-17 маълумотномасини олишга борилади. Уни берувчи ташкилот сешанба куни тушдан кейин, пайшанба ва шанба кунлари тушгача ишлайди. Жуда катта навбатлар, асаббузарлик билан кечади;

3. Уй сизники эканини билдирувчи маълумот олиш учун кадастрга борасиз. Қўлингизда ҳужжат бор, олди-соти шартномаси турибди, уни шу кадастр ташкилоти тасдиқлаган. Йўқ, навбатда туриб, диққат бўлиб, пулини тўлаб, ўртача 5-7 кунда маълумотномани оласиз. Тезлаштирмоқчи бўлсангиз “қистирасиз”, ундаям 2 кунда қилиб беришади. Одатда ҳамма қистиради ва ҳамма кутади;

4. Коммунал хизматлардан маълумот олиш учун ишга киришасиз. “Иссиқ сув” деган бир ташкилот борки, унинг маълумотномасини олиш АҚШ визасидан ҳам қийин бўлган бўлса керак. Аввал ариза берасиз. Келиб “счетчик”ни кўриб кетишади. Кейин Ф-17 билан бирга 7-8 та ҳужжат топширасиз. Тўловларни қиласиз. Ана ундан кейин навбатда турасиз. Бу ерда ҳам роса одам, яъни “узат-узат” авжида. Ҳамма ноилож, пул бериш шарт деб ўйлайди;

5. Совуқ сувдан келишади. Иссиқ сувдан сал осонроқ. Лекин буям бир саргузашт. Келиб текширадиган инспекторни обдон кутасиз. Тезроқ келиши учун нима қилишни ҳамма тушунади;

6. Мурожаатга кўра газ идорасидан ҳам келишади. Ҳамма ёқни текширади, аллақаердан ақл бовар қилмас қарзлар чиқиб келади. Ҳайратдан ёқа ушлайсиз ва нажот излаб газчига термуласиз. У “ҳа майли, фақат сизга қилиб беряпман” дегандай иддаолар билан чўнтагингизни қоқлаб, бир парча қоғоз беради. Ана шу қоғоз билан кейин бориб маълумотнома оласиз;

7. Худди шундай электр, маиший чиқинди, ЖЭК, телефондан маълумотлар оласиз. Қайсидир нисбатан осон, қайсидир қийинроқ. Лекин ҳаммасининг ҳам ўзига яраша бош оғриқлари бор.

Келишилган 10-15 кун ичида улгурсангиз-ку, хўп-хўп. Кўп ҳолларда улгурмай ҳам қолинарди. Бу вақт оралиғида харидор айниб қолмаса бас. Чунки жуда кўп шундай бўларди. Бу муддат ичида харидор учун яхшироқ бошқа уй чиқиб қолиши мумкин, баъзан сотувчиларга олдингидан қимматроқ харидор келиб қолади ва келишув бузилади. Бунинг ортидан яна сур-сурлар...

Ҳаммаси силлиқ кетса, келишув бузилмаса, нотариусга йўл оласиз. Мана бу ерда ҳақиқатан ҳам ҳамма тўпланиб олган! Танишингиз бўлса-ку, хўп-хўп. Бўлмаса, оддий котибга бориб ҳужжат кўрсатгунча товонингиз едирилади. Ҳужжатни топшириб, 2-3 кундан кейинга ваъдалашсангиз, омадингиз. Нотариуснинг оддий ходими, яъни ёрдамчиси ҳужжатларингизни бир кўриб бергунча димоғидан қурт ёғилади.

Ҳамма дилхираликлар ортда қолиб, ҳужжатлар дастлабки текширувдан ўтади. Бевосита шартнома имзолаш олдидан уй тақиқда бор-йўқлиги, яъни “запрет” текширилади. Қизиғи, ҳатто шу нотариус биносидаги текшириш хонасидан ҳам қоғоз олишга мажбурсиз. Яъни алоҳида маълумотнома олинмаса, иш битмайди.

Уни ҳам олиб, энг охирги нуқта – нотариусга етиб борасиз. У кўзойнаги қири билан ҳужжатларни обдан текширади. Мақсад шу ишни битказиш эмас, бирор камчилик топиб, қайтариб юборишдек гўё. Илтимос қиласиз, “атаганингиз”ни секин берасиз, хуллас, йўл топасиз.

Қизиғи, амаллаб “оформление” қилиб олинганидан кейин сотиб олган одам яна кадастрга бориши шарт эди. Чунки уйни сотиб олганингизни қайта қайддан ўтказишингиз керак. Яна ўша навбатлар...

Қисқаси, яқин йилларгача бирор ташкилот иккинчисига боғланмаган, боғланиш нияти ҳам бўлмаган. Одам қадри ярим тийин, фақат бир парча қоғоз гапиради. Вақти келса, бир ташкилот берган қоғозни иккинчиси тан олмайди, ҳамма ёқ коррупция уяси эди.

* * *

Хўш, ҳозир-чи? Ҳозир бу муаммолар анча ечимини топган.

Харидор билан келишасиз ва бирдан нотариусга борасиз. Ҳамма ташкилотлар билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Нотариусдаги хушмуомала ходимлар 2 дақиқа ичида тақиқ ва қарзлар бор-йўқлигини текшириб беришади. Қарз чиққан тақдирда ҳам оддий телефондаги иловалар орқали дарҳол тўлаш мумкин. Кейин бирпасда уй олди-сотдиси расмийлаштирилади. Шу ернинг ўзида кадастр қайдидан ҳам ўтказиб олиш мумкин. Узоғи бир соатда ҳамма ишлар битади. Ҳужжатингиз тўғри бўлса, коррупцияга ҳожат ҳам, асаббузарлик ҳам йўқ. Навбат ҳам кўп эмас, ҳар муюлишда нотариус. Яъни барча хизмат турлари каби, нотариус фаолияти ҳам мижозга тез ва сифатли хизмат кўрсатишдан манфаатдор тизимга айланди.

Мана, истаса қилса бўлар экан-ку!

Албатта, ҳамма соҳалар каби бу ерда ҳам камчиликлар ҳали бор. Интернет узилади, тизим ишламай қолади, айрим жойларда навбатлар сақланиб қолган. Лекин ҳаммаси нисбийликда баҳоланади. Зеро 3-4 йил олдин бугунги даражани орзу ҳам қилмагандик.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид