Ўзбекистон | 08:38 / 17.02.2023
37761
4 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: "Озодлик" хатога йўл қўйилганини тан олиши керак  

Олий Мажлис собиқ депутати, табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Ўзбекистон нефть ва газ конлари бўйича суриштирув юзасидан ўз фикрини билдирди.

Расул Кушербаев

Унинг маълум қилишича, бир шахс ёки бир гуруҳ эмас, бутун мамлакат ҳаёти билан боғлиқ маълумот тарқатишдан олдин унинг оқибати қандай бўлишини инобатга олган ҳолда, ҳар томонлама асосли фактларга таянилиши керак.

"Тўғрисини айтаман, “Озодлик”нинг Ўзбекистон нефть ва газ конлари бўйича суриштирувини кўрганимда анча таъсирландим. Наҳотки, шу маълумотлар рост бўлса, деган савол ўйлантирди.

Лекин Ўзбекистон расмийлари, соҳага масъул ташкилотлар нима деркин, деб кутдим. Агар расмийлар бу масалада жимлик сақласа демак бу маълумотлар рост, деган фикрга борардим.

Аммо куни кеча Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” компанияси томонидан берилган муносабатлар, журналист ва блогерларнинг фикри қолаверса, масъул ташкилотлар томонидан кўрсатилган далиллардан шуни билдимки, назаримда “Озодлик” иккита жиддий хатоликка йўл қўйган", дейди собиқ депутат.

Унга кўра, биринчиси - Ўзбекистоннинг бутун газ ва нефть конларини барча ҳуқуқлар билан 35 йилга битта компанияга бериши ва 35 млрд АҚШ доллари бир шахсга тегишли корхонага (ERIELL, ENTER Engineering) ишлатилган деган иддао нотўғри бўлиб чиққан.

"Ушбу айбловларни илгари сурган “Озодлик” ижодкорларида агар Ўзбекистон расмийлари кўрсатган далиллардан кучли далиллар бўлса буни кўрсатиши керак. Агар бундай далил бўлмаса, хатога йўл қўйилгани тан олиниши керак. Бу ҳам оммавий ахборот воситаларининг муносиб позицияси бўлади", деб ёзади Р.Кушербаев.

Қайд этилишича, иккинчи хато - Ўзбекистон расмийлари билдирган норматив ҳужжатлар қандайдир корхоналарнинг бухгалтерлик ҳужжатларидан кўра ишонарли чиқди. Барча келишувлар рўй-рост айтилди. Суриштирувдан аввал мана шу эҳтимолий аргументлар инобатга олиниши керак эди.

"Озодлик"нинг суриштируви чуқур асосланмаган иддаолар билан оммага ахборот тарқатишга бўлган уринишга ўхшаб туюлмоқда. Бу ишдан мақсад нима эканлиги тушунарсизлигича қолди. 

Нима бўлганда ҳам бир шахс ёки бир гуруҳ эмас, бутун мамлакат ҳаёти билан боғлиқ маълумот тарқатишдан олдин унинг оқибати қандай бўлишини инобатга олган ҳолда, ҳар томонлама асосли фактларга таянилиши керак.

Айни ўринда ушбу материал том маънода Ўзбекистон халқини жунбишга келтириши мумкин. Асосланмаган ва ишончсиз маълумотларни халқаро омма ихтиёрига ҳавола этиш эса одамларни манипуляция қилиш, дея баҳоланади", дейди вазир маслаҳатчиси.

Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ERIELL ва Enter Engineering компанияларига берилган нефт ва газ соҳасидаги йирик буюртмалар юзасидан изоҳ берганди.

“Озодлик” радиоси эълон қилган суриштирувда бу икки компанияга 5 йил ичида 35 млрд сўм “тутқазилгани” таъкидланган эди. Расмийларга кўра, “бу сумманинг тенг ярми ҳаводаги, таги йўқ маблағ”.

Шунингдек, бу лойиҳаларга “бюджетдан бир доллар ҳам кетмагани” маълум қилинди.

Мавзуга оид