Жаҳон | 10:14 / 25.02.2023
6402
2 дақиқада ўқилади

Молдова Россиянинг «Днестрбўйидаги провокация» бўйича баёнотини рад этди

Кишинёв расмийлари Россия Мудофаа вазирлигининг Украина томонидан кутилаётган провокация ҳақидаги маълумотларини ёлғон ҳамда «ваҳима ва саросимага солиш» учун мўлжалланган деб атади.

Фото: AP

Молдова ҳукумати Россия вазирлигининг Днестрбўйида «Украина армиясининг провокацияси» кутилаётгани ҳақидаги хабарларини ёлғон деб атади. Молдова Мудофаа вазирлигининг 24 февраль, жума куни эълон қилинган баёнотига кўра, минтақага Украинадан тўғридан тўғри таҳдид йўқ.

«Мудофаа вазирлиги минтақада ва Тирасполдаги режим назорати остидаги ҳудудда содир бўлаётган барча воқеалар, ҳаракатлар ва ўзгаришларни кузатиб боради. Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирда давлатнинг ҳарбий хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдидлар йўқ», - дейилади республика Мудофаа вазирлиги хабарида. Таъкидланишича, «улар бошқа барча давлат хавфсизлик идоралари билан ҳамкорликда ишламоқда».

«Тарқатилган ёлғон маълумотлар Днестр дарёсининг икки томонидаги одамларни ваҳима ва саросимага солиш учун мўлжалланган. Биз фуқароларни хотиржам бўлишга ва маълумотни фақат расмий манбалардан олишга чақирамиз», — дея огоҳлантирди вазирлик.

Россия Мудофаа вазирлиги бир кун олдин «Украина армиясининг провокацияси» режалаштирилганлиги сабабли Днестрбўйида Россия тинчликпарвар кучларига таҳдид борлиги ҳақида баёнот берди. Вазирликнинг билдиришича, Украина «Днестрбўйи Молдова Республикасига бостириб киришга тайёргарликни кучайтирган». Аввалроқ Россия ҳарбий идораси Украина қўшинлари Днестрбўйи бўйлаб «қуролли провокация» тайёрлаётгани ва баҳона сифатида «украиналик диверсантлар»ни рус аскарлари қиёфасида кийинтиришни режалаштиргани ҳақида хабар берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид