Жаҳон | 09:14 / 07.03.2023
6593
2 дақиқада ўқилади

Россияда журналист “фейклар” бўйича ишда айбдор деб топилди

Андрей Новашов армия ҳақида “фейклар” тарқатишда айбланган Россия Федерациясидаги биринчи журналист бўлди. Суд уни саккиз ойлик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди ва журналистлик фаолиятини тақиқлади.

Андрей Новашов

Кемерово вилоятининг Прокопевск шаҳрида яшовчи журналист Андрей Новашов “РФ Қуролли Кучларидан фойдаланиш тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни оммага тарқатишда” айбдор деб топилди. Бу ҳақда 6-март, душанба куни «Тайга.инфо» нашри хабар берди. Прокопевскнинг Рудничний туман суди журналистни саккиз ойлик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Шунингдек, у бир йилга публицистик фаолиятдан четлатилган.

Аввалроқ журналист Андрей Новашов «Тайга.инфо», “Сибир. Реалии” ва “Радио Свобода” билан ҳамкорлик қилган. Жиноят ишини қўзғатишга у “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида жойлаштирган репост асос бўлди. Хабар муаллифи, “Новая газета” журналисти Виктория Ивлева Мариупол мэри маслаҳатчиси Петр Андрюшченконинг шаҳар блокадасининг биринчи кунлари оқибатлари ҳақидаги матни таржимасини чоп этди.

“Тергов ушлаб олган ўша репостни ҳибсга олинганимда 100 га яқин одам кўрган. Олти-етти киши лайк қўйди”, — деди журналист «Тайга.инфо» нашрига. Журналист ўз айбини тан олмади ва жиноят ишини “журналистлик фаолияти учун қасос” деб ҳисоблади. Охирги сўзда журналист айблов асос қилиб олган мансабдор шахслар тақдим этган маълумотни “ҳақиқат” деб ҳисоблашдан бош тортишини айтди.

ОВД-инфо маълумотларига кўра, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3-моддаси — “Россия Федерацияси Қуролли Кучларидан фойдаланиш тўғрисида била туриб ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш” бўйича жиноий ишлар 145 кишига нисбатан қўзғатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид