Жаҳон | 13:20 / 10.03.2023
9043
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўқитувчиларнинг иш ҳақи жиддий равишда кечикишни бошлади

Росстат маълумотларига кўра, январь ойида ўқитувчилар олдидаги қарзлар 12 баравар кўпайиб, 162 миллион рублни ташкил этди.

Фото: DW

Россияда кўп йиллар давомида биринчи марта педагоглар иш ҳақи бўйича катта кечикишга дуч келишди. 2023 йил февраль ойининг бошига келиб, давлатнинг ўқитувчилар олдидаги қарзи 162 миллион рублга етди, бу ўтган ойга нисбатан 12 бараварга ошган, ўтган йил охирида эса 17 миллион рублдан нарига ўтмаганди. Бу ҳақда Росстатнинг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳақидаги ҳисоботида айтилади.

Ушбу маблағнинг 146 миллион рублини вилоятлар бюджетлари, 4 миллиони маҳаллий бюджетлар ва 2 миллиони федерал ғазнадан қарздир. Ўқитувчилар иш берувчилардан «ўз маблағлари йўқлиги» туфайли яна 10 миллион рубль олмаган. 

Февраль ойининг бошига қадар барча соҳаларда умумий иш ҳақи қарзи 799 миллион рублни ташкил этди, бу январь ойига нисбатан 24 фоизга кўпдир. Деярли 19 минг ишчининг иш ҳақи кечиктирилган, январь ойида бу кўрсаткич 8,3 минг ишчига тенг эди. 

Давлат томонидан ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилмаслиги Россия бюджети тақчиллигининг ўсиши фонида содир бўлди. 2023 йил январь-февраль ойларида Молия вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, у 2,581 триллион рублни ёки йил учун режалаштирилган 2,925 триллион рублнинг деярли 90 фоизини ташкил этди. Бюджет муаммолари, хусусан, нефть ва газни сотишдан тушган даромадлар билан боғлиқ. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, улар деярли ярмига камайган. Молия вазирлиги буни биринчи навбатда Urals нефти нархининг пасайиши ва табиий газ экспортининг қисқариши билан изоҳлайди. 

Газ экспортининг камайиши ҳам Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар, ҳам Россиянинг ўзи «дўст бўлмаган» давлатларга энергия етказиб беришдан бош тортгани ва «Шимолий оқим» газ қувурининг ёпилиши билан боғлиқ. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид