Ўзбекистон | 16:59 / 16.03.2023
6037
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 6 феврални Туркий ташкилот доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг айтишича, бугунги саммит Туркий давлат ташкилотига аъзо мамлакатлар дўстлиги ва бирдамлиги нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғи бўлган.

“Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар. Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тан-у бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди. Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этди.

Мавзуга оид