Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Молдовада давлат тили номи румин тилига ўзгартирилди
Молдова конституцияси, қонунлари ва қонуности ҳужжатларидаги «молдова тили» ибораси «румин тили» билан алмаштирилади.
Молдова президенти Майя Санду 23 март, чоршанба куни мамлакат конституциясидаги давлат тили номини «молдова тили»дан «румин тили»га ўзгартириш ҳақидаги фармонни имзолади. Конституцияда, барча қонунларда ва қонуности ҳужжатларида матнлар алмаштирилади. Аввалроқ бу қарор Молдова парламенти томонидан тасдиқланган эди.
Санду ўзининг Facebook'даги саҳифасида «дунё бўйлаб 27 миллиондан ортиқ одам билан бир қаторда молдоваликлар Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бири бўлган румин тилида гаплашишини» ёзди. «Бизга Молдова Республикаси фуқаролари, румин тилида эмас, «молдова» тилида гаплашамиз, деб бир неча ўн йиллар давомида айтиб келаётганлар фақат битта мақсадни кўзлаганлар: бизни бўлиб ташлаш», — деди президент.
Молдова тилининг алоҳида тил ёки румин тилининг бошқа номи эканлиги ҳақидаги баҳслар мамлакатда мустақилликка эришилгандан бери тўхтамаган. 2013 йилда Молдова Конституциявий суди румин тилини мамлакатнинг давлат тили деб тан олди. Энди киритилган ўзгартиришлар Молдова қонунчилигини Конституциявий суднинг мажбурий бўлган, аммо ижро этилмаган ушбу қарорига мувофиқлаштиради.