Жаҳон | 16:00 / 07.04.2023
4845
2 дақиқада ўқилади

Туркия Россиядан ўғит экспорти йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга рози бўлди

Фото: Picture Alliance

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Украина иштирокидаги Қора денгиз дон ташаббусини узайтириш мақсадида РФнинг Россия ўғитлари ва ғалла экспорти йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш талабига рози бўлди

Чавушўғли россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида Туркиянинг Украина портларидан ғалла ва бошқа товарлар хавфсиз экспортини таъминлаш учун келишувни узайтириш тарафдори эканини таъкидлади. 

«Биз нафақат Россия ва Украинадан ғалла ва ўғит экспорти бўйича келишувни давом эттиришга, балки глобал озиқ-овқат инқирозига барҳам бериш учун ҳам катта аҳамият қаратамиз», — дея Чавушўғлининг сўзларини келтиради Reuters. 

«Биз, шунингдек, Россия дон ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш керак деган фикрга қўшиламиз. Ғалла бўйича келишувни янада узайтириш бўйича масалаларни ҳал қилиш керак», - деди вазир.

Россия ТИВ раҳбари, ўз навбатида, агар Россия экспорти йўлидаги тўсиқлар давом этса, Москва «дон келишуви»даги иштирокини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. 

«Агар Россия ўғитлари ва ғалла экспорти йўлидаги тўсиқларни бартараф этишда бундан кейин ҳам олға силжиш бўлмаса, унда бу келишув зарурми ёки йўқми, бу ҳақда ўйлаб кўрамиз», деди Лавров Анқарада Чавушўғли билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид