Жаҳон | 07:44 / 24.04.2023
5999
3 дақиқада ўқилади

SIPRI: Европада ҳарбий харажатларнинг кескин ўсиши кузатилмоқда

Россиянинг Украинага бостириб кириши Европада ҳарбий харажатларнинг 13 фоизга ошишига олиб келди – бу дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда кўпроқ. Дунёда ҳарбий харажатларнинг умумий миқдори рекорд даражадаги 2,24 триллион долларга етди.

Фото: AP

24 апрель, душанба куни эълон қилинган Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, жами глобал ҳарбий харажатлар кетма-кет саккизинчи йил ўсиб, 2022 йилда 3,7 фоизга ошиб, рекорд миқдорда 2,24 триллион долларни ташкил қилди.

Шу билан бирга, энг кескин ўсиш Европа қитъасида содир бўлди, бу кўрсаткич йил давомида 13 фоизга ошди. Бу кўп жиҳатдан Россия ва Украинанинг уруш учун сарфлаган харажатлари, Европа давлатларининг Украинага ҳарбий ёрдами ва Россия таҳдидидан қўрқиб, қитъанинг кўплаб давлатлари ўз мудофаасига сарфланган маблағлар кўпайиши билан боғлиқ, дейди экспертлар.

Ўтган йили Ғарбий ва Марказий Европа давлатларининг ҳарбий харажатлари 345 миллиард долларни ташкил қилди. Улар Совуқ уруш охири - 1989 йилга ҳамда 2013 йилга нисбатан 30 фоизга юқори бўлган. 2022 йил февралида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Европанинг бир қанча давлатлари ўз ҳарбий бюджетларини кескин оширди – Финландия (+36 фоиз), Литва (+27 фоиз), Швеция (+12 фоиз) ва Полша (+11 фоиз). Қитъанинг бошқа давлатлари, хусусан Дания, келгуси ўн йил ичида мудофаа харажатларини босқичма-босқич ошириш режаларини эълон қилди.

Россия агрессиясига қарши кураш Украинада ҳарбий харажатларнинг SIPRI томонидан бир мамлакатда қайд этилган энг юқори йиллик ўсишига олиб келди. 2022 йилда мамлакатда мудофаа саноатини молиялаштириш ҳажми 44 миллиард долларга етди ва 640 фоизга ўсди. Бунинг ва урушнинг мамлакат иқтисодиётига етказилган зарари натижасида Украинанинг ҳарбий юки ялпи ички маҳсулотнинг 2021 йилдаги 3,2 фоизидан 34 фоизигача кўтарилди.

Ўтган йили Россиянинг ҳарбий харажатлари, SIPRI маълумотларига кўра, 9,2 фоизга ўсиб, қарийб 86,4 миллиард долларни ва мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,1 фоизини ташкил қилди (дунёда АҚШ ва Хитойдан кейин учинчи ўринда). Россия томонидан 2022 йил охирида эълон қилинган рақамлар шуни кўрсатадики, «миллий мудофаа харажатлари» - давлат бюджетининг энг йирик ҳарбий харажатлари моддаси номинал кўринишда 2021 йилда тузилган бюджет режаларидан 34 фоизга юқори бўлган. «Украинага бостириб кириш Россияга кутилганидан анча қимматга тушди», деди SIPRI ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш дастури директори Люси Беро-Судро.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид