Жаҳон | 20:35 / 15.05.2023
2449
14 дақиқада ўқилади

Итоаткор халқ: Нега россияликларни Европада шундай таърифлашади?

Бугун «итоаткор халқ» тамғасини таҳлил қилиб кўрамиз. Айрим одамлар россияликларни, РФ раҳбарияти олиб бораётган кескин сиёсатни қўлловчиларни шунақа деб атайди. Аслида бундай эмас. Унда бу тамға қандай пайдо бўлган?

«Итоаткор халқ»

Айримлар россияликларни ҳокимиятга қарши кучли норозилик билдира олмасликда айблаб, уларни ҳаттоки «қулмижоз халқ» деб атайди. «Руслар! Қуллар!» — дея бақиришганди 2023 йил март ойида Тбилисида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши намойишларда гуржилар ҳам. Украинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Володимир Огризко 2022 йил октябрида «Россия халқи — эркинлик, ўзини ўзи бошқариш нималигини тушунмайдиган итоаткор халқ», деган эди.

Феминист тадқиқотчи Олгерта Харитонова эса «рус халқида итоаткорликдан бошқа жамоатчилик онги пайдо бўлиши учун ҳеч қачон тарихий имконият бўлмагани»ни таъкидлаган. Россия мактабларида «қуллик онги» тарбияланиши ҳақида рус блогери Иля Варламов ҳам айтган эди.

Фуқароларининг қуллик онги ҳақида РФ коммунистик партияси ҳам ўзининг сайловдаги муваффақиятсизликлари ва сайловчилар пассивлигини тушунтира туриб ёдга олган эди. Ўтган йил мартида эса РФ президенти Владимир Путин россияликларнинг Ғарбда яшаш истагини «қуллик онги» билан тушунтирганди.

Ҳаттоки 1841 йилда машҳур рус шоири Михаил Лермонтов ҳам шундай сатрлар битган: Алвидо Россия, иркит Ватаним, / Қуллару хожалар яйраган ўлкам. / Мовий мундир кийган кибор тўраю, / Унга содиқ халқим, хайр сенга ҳам.

Россияликларни кимлар «итоаткор халқ» дея бошлаган?

Бу жуда кўҳна тамға бўлиб, дастлаб уни чет элликлар муомалага киритган. Сўнгра уни Россия зиёлиларининг бир қисми ўзлаштириб олган.

Барча руслар «шафқатсиз қуллик» шароитида яшаётганини XVI асрда немис дипломати Сигизмунд Герберштейн ёзиб кетган. У икки бор буюк княз Василий III даврида Москва давлатига келган ва саёҳати ҳақида батафсил китоб ёзган. Ушбу китоб билан ғарбий Европанинг ўқимишли аҳолисига Россияни «очиб бериш» бошланган.

Герберштейн буюк княз атрофида бўлинмас ҳуқуқ ва имтиёзларга эга зодагонлар эмас (ғарбий Европада шундай эди, Герберштейннинг ўзи ҳам аристократ эди), пошшога бор инон-ихтиёрини топширган, ҳеч қандай мулк ва эркинликка эга бўлмаган «хизматкор»лар йиғилганига эътибор қаратган.

Герберштейндан сўнг Москва давлатига, сўнгра Россия империясига саёҳатга келган, сиёсий тузилма ва одатларни тасвирлаган деярли ҳар бир ғарблик саёҳатчи шундай хулосага кела бошлаган. Улардан бири «Россия 1839 йилда» китоби муаллифи маркиз Астолф де Кюстин бўлган.

Кюстин ҳам аристократ, сиёсий қарашларига кўра консерватор эди. Унга ўша 1830-йиллардаги ватани Францияда амалда бўлган буржуа ва либерал тартиблар (июл монархияси) ниҳоятда ёқмасди ва у Россияга консерватив утопия: эзгу ниятли абсолют монарх, садоқатли аристократия, итоатгўй ва роҳатда яшаётган оддий халқни кўриш умидида келади. 

Унинг умидлари чилпарчин бўлади. «Бу ерда беғараз ва ҳисобсиз лаганбардорлик ҳукмрон экан», — деб ёзган у илк саёҳат қайдининг ўзидаёқ. Кюстин Россияда пошшодан бошқа ҳамма қулмижоз экан деган хулосага келган: подшо боёнлари билан боёнлар ўз крепостнойлари билан мулоқот қилганидан бироз яхшироқ гаплашади. Устига устак, боёнлар худди крепостнойлар каби итоаткор, шахсий қадр-қиймат ҳиссидан маҳрум эди. Ҳеч кимда ҳеч қандай ҳуқуқ ва кафолат йўқ эди, ҳамма жойда бошбошдоқлик ҳукмрон эди.

«Россия 1839 йилда» китоби тезда Ғарбда машҳур бўлиб кетади. Россияда у тақиқланади — лекин кимга қизиқ бўлса барибир уни топиб ўқирди. «Итоаткор халқ» тамғаси Кюстиннинг китоби туфайли пайдо бўлмаган бўлса ҳам, унинг шарофати билан кенг оммага тарқалган.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Герберштейн учун ҳам, Кюстин ва уларнинг Ғарб давлатларидаги ўқувчилари учун ҳам Россиядаги дворянлик (боёнлик) аҳволи ниҳоятда ҳайратланарли бўлган. 

Америкалик тарихчи Маршалл Понинг қайд этишича, бу қандайдир экзотиклаштиришга ўхшайди: хорижий саёҳатчилар ўз ватанида кўникиб қолган жамият тизимини меъёр сифатида қабул қилиб, Россияда бу меъёрдан ҳар қандай четлашишни бу мамлакат ёввойи, варвар, у ерда яшовчи инсонлар «нормал давлатлар»дагидан буткул фарқ қилувчи бошқача инсонлар деб ҳисоблашган.

Нима бўлганда ҳам, «қулмижоз халқ» тамғаси асрлар оша яшаб келмоқда. Совуқ уруш бошланганидан сўнг АҚШнинг СССРдаги элчиси Уолтер Смит Кюстиннинг китобини «Совет иттифоқи ҳақида ёзилган энг яхши асар», деб баҳолаган. Уни ўрганиш учун сиёсатшунослар Жорж Кеннан ва Збигнев Бзежинский ҳам тавсия этган.

Хўш, халқлар қулмижоз бўла оладими?

Асло йўқ. 

Деярли барча халқларнинг вакиллари ўз ўтмишининг маълум бир даврларида қул ҳам, қулдор ҳам бўлган. Антик даврларда сурияликлар ва фригияликлар (замонавий Туркия ҳудудида яшаган этник гуруҳ) қуллар деб аталган. Мустамлакачилик даври бошланганидан сўнг «қул халқлар» мавжудлиги ҳақидаги ғояни европаликлар ўзлаштирган. Улар учун турли қитъаларда яшовчи одамлар ўртасида катта фарқ бўлмаган: улар европаликларга ўхшамаган одамларни «қуллар» деб кетаверишган.

Бундай фикрлаш — эссенциализациянинг классик мисоли. Бу маълум бир гуруҳдаги инсонлар бошқа гуруҳдаги инсонлардан фарқланиб туриши учун ўзгармас характеристикага эга деган тасаввурни билдиради. Бундай хусусиятлари гуруҳнинг имкониятлари ва унинг жамиятда чекланиши учун сабаб бўлади. Эссенциализм вазиятни соддалаштиради, қандайдир инсонлар атрофида стереотиплар яратади, демак, дискриминацияга сабаб бўлиши мумкин. 

«Қулмижоз халқ» деган камситиш оҳангини ўз ожизлигини оқлаш учун («бўлмағур халқ тўғри келиб қолди») ҳам, ўз аҳамиятини кўрсатиб қўйиш учун ҳам ишлатиш мумкин. Бу миф авторитар етакчилар ва элитага ўз ҳокимиятини асослаш имконини беради: халқ бир қулмижоз бўлса, уни қаттиққўллик билан бошқармаса бўлмайди, қабилида.

Бироқ, қадриятларни бўйича кўплаб тадқиқотлар россияликлар ўз кўшниларидан кўп ҳам фарқ қилмаслигини кўрсатган. European Social Survey маълумотларига кўра, россияликларнинг катта қисми индивидуализм қадриятларига йўғрилган (54 фоиз) шароитда яшашади. Уларнинг бу хислати ҳеч ким аҳолисини қулмижоз, итоаткор демайдиган Испания (45 фоиз) ва Германия (26 фоиз)дагидан кўпроқ. 

Роналд Инглҳартнинг «Қадриятлар харитаси» китоби машҳур. Ундаги маълумотларга кўра, россияликларга энг аввало дунёвий қадриятлар хос (асло яриммистик «анъанавий» қадриятлар эмас), иккинчидан, улар яшовчанлик қадрияти (етарли ойлик маош, меҳнат шароитлари)ни қадрлашади. Харитада бу борада россияликларга энг яқин давлатлар Украина, Латвия, Сербия ва Албаниядир.

Яна бир муҳим жойи: Россия ўз-ўзича кўп таркибли жамият саналади ва унинг ичидаги гуруҳларнинг қадриятлари фарқланиши мумкин. Россияда юзлаб этномаданий гуруҳлар бор, уларнинг барчасини «қуллар» деб аташ — қандайдир маънода Кремлнинг Россия жамиятининг яхлитлиги тўғрисидаги империяча нарративини такрорлашга ўхшайди.

Унда нега руслар қаршилик кўрсата олмайди?

Бу мураккаб савол. Лекин халқнинг «қулмижоз»лиги унинг жавоби эмас, бу аниқ. Бу таъкид ксенофобия бўлибгина қолмасдан, масалани ниҳоятда соддалаштириш ҳамдир.

Ҳокимият тепасида авторитар етакчи бўлиши халқнинг «қулмижоз»лиги кўрсаткичи эмас. Агар бундай мантиқ билан фикр юритилса, Виктор Орбан қўл остида 13 йилдан буён яшаётган венгрларни ҳам, 2016 йилдан 2020 йилга қадар Доналд Трампга чидаган америкаликларни ҳам «қулмижоз» дейиш керак. Эрдўған давридаги турклар ва хитойликларни-ку, асти қўяверинг.

Россияликларни «қулмижоз халқ» дейиш билан Россия аҳолисида эркинликка интилиш йўқлиги назарда тутилади. Бу мифдан россияликларнинг совет диктатурасини соғинишларини тушунтиришда ҳам фойдаланилади. Лекин бу ҳам тўғри эмас.

Россияликлар ҳам норозилик билдириб туради, албатта. Шунчаки, бу норозликлар чоғидаги ўзгаришлар кимлардир кутгани даражасида кенг миқёсли эмас. Анархизм назариячиларидан бири Михаил Бакунин Россия тарихини «қора ишчиларнинг давлатга қарши туганмас исёни», деб атаган. Тарихда норозиликлар ва деҳқонлар исёнларининг кўплаб мисоллари бор, иккита инқилобни гапирмай турайлик, 1980-1990 йилларда СССРда ишчилар норозилиги, КПСС ва совет ҳокимиятига қарши миллионлаб инсонлар иштирок этган чиқишлар ҳам бўлган.

Россиядаги мавжуд режимга қарши норозилик акциялари иштирокчилари сони сиқувларга қарамасдан доимо ошиб борган. Улардан ташқари мамлакат кўплаб пастки ижтимоий ҳаракатлар — фуқаролар маҳаллий даражада ўз ҳуқуқларини талаб қилган пайтлар бўлган. Улар муваффақиятга ҳам эришишган. Архангелск области аҳолиси Шиевни асраб қолган, бошқидистонликлар — Қуштовни, екатеринбургликлар эса шаҳар хиёбонини

Украинага кенг миқёсда босқин уюштирилганидан сўнг ҳам одамлар режимга, урушга қарши норозилик билдирмоқда, гарчи акцияларда қатнашиш жуда хавфли бўлиб қолган бўлса-да. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, 2022 йил мобайнида бор-йўғи 25 кун сиёсий ҳибсларсиз ўтган — демак қолган кунларда одамлар нимадандир норози бўлиб кўчага чиқишган. Сўнгги йил бу норозиликлар радикаллаша бошлаган.

Лекин буларнинг барчаси етарли эмас. Бунинг учун сиёсатшунос Жек Голдстоун санаб ўтган бир неча омил мос келиши керак: 

  • Иқтисодий муаммолар;
  • Элитанинг парчаланиши;
  • Кўп сонли норозиликлар;
  • Намойишчилар ва мухолиф элитани бирлаштириши мумкин бўлган аниқ олий мақсад борлиги;
  • Қулай халқаро шароитлар.

Россиядаги норозиликлар ҳамда россияликларни «қулмижоз халқ» деб мулоҳаза қилувчилар бошқа постовет давлатлари — Украина, Гуржистон, Арманистон тажрибасига ишора қилишади. Улар «эплашган» бўлса, нега «бизда» бу имконсиз, дея. Голдстоун қуриб берган модел шак-шубҳасиз эмас, лекин шу саволга у жавоб бера олади. Украинада 2014 йилда элиталар бўлиниши, жамиятни бирлаштирган бош ғоя мавжудлиги, жаҳон ҳамжамияти қўллаб-қувватлови ҳам бор эди. 

Россияда эса бу йўқ. Норозиликлар кам сонли, намойишчилар учун чиқимлар жуда юқори. Ҳокимият кучишлатар тузилмаларга сарфлаши мумкин бўлган жуда улкан катта ресурсларга эга. Қатъий халқаро санкциялар ҳозирча иқтисодий таназзулга олиб келгани йўқ, элита парчаланиши ҳам рўй бермади — улар президент атрофида жипслашиб олишди. 

Мухолифат илгари сураётган ғоялар (урушни тугатиш, режимни алмаштириш) кўплаб россияликлар учун абстракт кўринишга эга. Улар буни қўрқа-писа қабул қилишади, чунки 1990-йилларда режим алмашиши вақтида нималар рўй бергани ҳамон уларнинг ёдида. Боз устига кўплаб россияликлар давлатга боғлиқ ёки шунчаки сиёсатдан йироқ. Жаҳон ҳамжамияти эса на мухолиф кучларни, на инсонларни қўллаб-қувватлашга шошилмаяпти — аксинча, энг биринчи навбатда оддий россияликларга таъсир қиладиган санкциялар (банк соҳасида, масалан) қатъийлаштирилмоқда. Шундай қилиб «Голдстоун бўйича» муваффақиятга олиб келувчи омилларнинг бирортасига риоя қилинмаяпти. 

Умуман олганда, ўз ҳуқуқларига намойишлар орқали эришишнинг самараси пасайиб бормоқда ва бу глобал трендга айланган. Замонавий технологиялар диктатураларга нафақат давлат пропагандасини тарқатишга ёрдам беради, шунингдек, норозиларни таъқиб қилишда ҳам қўл келмоқда. 

Ҳаттоки юқорида зикр этилган омиллар тўғри келганида ҳам Россиядаги режим қулашига ҳеч ким кафолат бермайди. Кўп йиллардан буён турли давлатлардаги авторитар режимларни ўрганаётган Мичиган университети доценти Эрика Франтц маълумотларига кўра, Россия каби персоналистик автократиялар демократик давлатга айланиши эҳтимоли жуда паст. Улар фақат етакчи (доҳий) кетганидан сўнг ўз мавжудлигини йўқотади, етакчилар эса ўз ихтиёрига кўра кетишни исташмайди.

Яна бир нохуш факт бор. Россия каби етакчиси 20 йилдан зиёд ҳокимият тепасида турган давлатларда 80 фоиз ҳолатларда диктаторлардан кейин ҳам режимлар сақланиб қолади.

Лекин эътибордан қочирмаслик керакки, диктаторнинг давлат тепасида туриши халқнинг «қуллиги» далили эмас, худди диктатор йўқлиги халқнинг «эркинлиги» далили бўла олмаганидек. «Қул» ёки «эркин» халқлар бўлмайди. Қаердадир диктатура бош кўтарса, «халқи қул бўлганидан сўнг нимаям дейсан», деб қўл силташдан осони йўқ. «Қулмижоз халқ» — максимал эринчоқлик билан берилган жавоб. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид