Туямўйин сув омборидаги сув сатҳи кескин камайиб кетди. Нима сабаб?
Май ойининг иккинчи ўн кунлигида Туямўйин сув омборидаги сув ҳажми 2,3 куб кмгача қисқарган. Бунга иссиқ ва қуруқ об-ҳаво, шунингдек, бир қатор ташқи омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Амударё қуйи оқимида сув тақчиллиги йилдан йилга оғирлашмоқда. Хусусан, охирги 4 йилдан бери Туямўйин сув омборидаги сув миқдори ўлик сатҳ атрофида тебранмоқда.
“Амударёнинг қуйи оқимида баҳордаги иссиқ ва камёғин давр жойларда сув танқислигини, Туямўйинда совуқ мавсумда тўпланган сувнинг охирги ҳажмлари ишлатилишига сабаб бўлди”, дейилади Uzb_Meteо каналида.
Метеожурнал'нинг ёзишича, майнинг бошида сув омборидаги сув ҳажми 2,5 км кубгача камайган. Майнинг иккинчи ўн кунлигида сув омборига кириш оқими прогноздагидан 1,23 км кубгача кам бўлди. Сув омборидан 0,15 км кубгача сув оқиб чиқди. Натижада сув ҳажми 2,3 км кубга камайиб кетди. Бу сув омбори учун жуда ҳам минимал ҳолатдир. Амударёнинг қуйи оқимида жуда кучли сув танқислиги мавжуд. Март-апрел ойларида ҳудуддаги экинларнинг сувга бўлган талаби иссиқ ва қуруқ ҳаво омили туфайли мавсумга хос бўлмаган тарзда 50 фоизга ортиб кетган.
Сув сатҳи камайишига қайси омиллар таъсир кўрсатмоқда?
Биринчидан, охирги йилларда Марказий Осиёда кўпйиллик ўртача меъёрлардан баландроқ ҳаво ҳарорати янги меъёрга айланиб бормоқда. Жазирама кунлар сони аввалгига қараганда кўпайди. Минтақада ўртача йиллик ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда. Бу эса сув ресурсларига бўлган талабни оширди.
Иккинчидан, Афғонистон ҳукумати Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуриш лойиҳасини фаол равишда амалга оширмоқда. Бу Амударё сувининг кескин камайишига таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Туркманистон минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотади. Хусусан, майнинг биринчи ўн кунлигида Амударё сувининг Қўштепа каналига очиб юборилиши ҳам Туямўйин сув омборидаги сув миқдорининг қисқаришига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан сув тақсимоти бўйича ҳеч қандай келишувга эга эмаслиги катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Учинчидан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида кузатилган аномал совуқ таъсирида Қорақум каналида авария ҳолати юзага келган. Бунинг натижасида 100 млн куб метр сув қумга оқиб кетган.
Тўртинчидан, сувдан нотўғри фойдаланиш, эскирган суғориш усуллари, аҳоли сони ортиши каби омиллар ҳам Амударё сувининг камайишига ўз таъсирини ўтказган.
Прогнозлар салбий
Жорий йил давомида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув миқдори кескин равишда камаяди. Бу ҳақда “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида келтириб ўтилган.
“Прогноз маълумотларига кўра, 2023 йил вегетация даврида сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Сирдарё ҳавзасида 10 – 15 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 – 20 фоизга кам бўлиши кутилмоқда”, дейилади ҳужжатда.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсади. Бу жуда катта кўрсаткич. Шу билан бир қаторда, Марказий Осиёда сув манбаларининг камайиб бориш тенденцияси рўй бериш эҳтимоли мавжуд.
Музликлар минтақадаги сув ресурсларининг асосий манбайи ҳисобланади ва уларнинг энг катта қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келади. Бу ердаги музликлар Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Бундан ташқари, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайган.
Сув ресурслари камайиши минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан ҳам Ўзбекистон учун кўпроқ салбий оқибатлар билан характерланади. Сув танқислиги қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатиб, турмуш даражаси ёмонлашуви, экспорт камайиши, инфляция ошиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашиши ва бандликни таъминлашда жиддий муаммолар келтириб чиқаради.
Жумладан, охирги 60 йилликда Амударё қуйи оқимида бир қанча салбий воқеалар кузатилган:
- ўтган асрнинг 60 йиллари. Йирик суғориш каналлари қурилиши натижасида Орол денгизининг сатҳи пасая бошлайди;
- ўтган асрнинг 80 йиллари. Орол яхлит сув ҳавзаси сифатидаги мақомини йўқотади, майдони икки баробар қисқариб кетади ва денгиздаги тирик организмлар нобуд бўлади. Оқибатда Оролқум шўрхоклари пайдо бўлади;
- XXI асрнинг боши. Орол денгизи бир нечта кўлларга бўлинди, улардан фақат шимолидагина сув шўрлиги билан боғлиқ вазият яхши, бошқа жойларида сувнинг юқори концентрацияси кузатила бошлайди;
- XXI асрнинг дастлабки йигирма йиллиги. Амударёнинг қуйи оқими сув тақчиллигидан тобора кўпроқ азоб чекмоқда, у ёки бу даражада сув танқислиги доимий ҳодисага айланди. Охирги 20 йилликда фақат биттагина сув тошқини (2010 йил) кузатилган ва Оролнинг шарқий қисмида ҳеч қандай қайтадан кўл ҳосил бўлиши рўй бермади.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
22:59 / 21.11.2024
Иқлим ўзгариши тўфонлар тезлигини оширмоқда — тадқиқот
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
13:55 / 20.11.2024
2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди
12:10 / 20.11.2024