Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Григорий Низовский: «Acer минтақанинг ҳар бир мамлакати эҳтиёжига мослаштирилган шериклик дастурларини жорий этади»
24–25 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Acer`нинг шериклик конференциясида компаниянинг EEME минтақаси бўйича вице-президенти Григорий Низовский Ўзбекистонда шериклар учун жорий қилинган дастурлар ҳамда B2B ва B2G сегментлар учун энг яхши нархлар ҳақида сўзлаб берди.
2022 йилда Acer’нинг Ўзбекистон бозорида эришган натижалари ҳақида
2022 йил Ўзбекистон бозорида яхши ўтди. Лекин ҳайратга қолдирмади. Ички баҳолашларга кўра, айланма 12-13 млн АҚШ доллари атрофида бўлди, 2021 йилда 16 млн доллар бўлганди. Рақамлар тахминий, чунки маҳсулотларнинг бир қисмини Ўзбекистондаги шерикларга тўғридан-тўғри жўнатган бўлсак, бир қисмини бозор Дубайдаги дистрибьюторлардан сотиб олган. Иккинчи ҳолда биз якуний харидор қайси мамлакат бўлганлигини аниқлашга қийналамиз. Умумий суръатда тушумнинг қисқариши 2022 йилда индустриянинг натижаларига мувофиқ келади – у барча иштирокчилар учун осон бўлмади.
2020–2021 йилларда локдаун тўлқинида талаб ўсиши, бинобарин, ишлаб чиқариш кенгайиши кузатилди. Юқори талаб кутилмалари 2022 йилнинг биринчи ярмида катта миқдорда товар чиқарилишига олиб келди, иккинчи ярим йилликда эса, бозор сўна бошлади. Маҳсулот керагидан кўпайиб кетди, нархлар барқарорликни йўқотди, бу шерикларда хавотир уйғотди.

Компания дастурлари дистрибьюторларни қўллаб-қувватлайди
Биринчидан, Acer анъанавий равишда шерикларни кредитлаш дастури орқали қўллаб-қувватлайди – биз товарларни олдиндан тўловларсиз жўнатамиз.
Иккинчидан, биз қуйидаги сегментлар учун мўлжалланган мақсадли дастурларни жорий этишни режалаштирганмиз: йирик ритейл, улгуржи сотувлар, савдо нуқтаси, кичик бизнес учун IT етказиб берувчи, тизим интегратори. Ҳар бир гуруҳ билан индивидуал ишлаймиз, ҳамкорликнинг оптимал шартларини таклиф этамиз. Масалан, Acer майда ритейлга сотувлар учун бонус жорий қилади, шунингдек нуқталарни савдо жиҳозлари ва POS-материаллар билан таъминлайди.
Кичик ва ўрта бизнесга товар етказиш билан шуғулланувчи компаниялар учун, ҳатто кичик товарлар партияси учун ҳам, биз махсус шартлар ва нархлар таклиф этамиз. Масалан, 10-15 та ноутбукли кичик тендер учун таклифни биз бир неча соат ичида шакллантиришга тайёрмиз. Мутахассисларимиз буюртмачининг талабларига жавоб берувчи моделни танлайдилар ва энг яхши нархларни таклиф этадилар.

Acer – барча минтақада фаол
Acer B2B ва B2G сегментлари билан кўп ишлайди. B2Gʼда бу – аввало, таълим соҳаси. Таълимга етказиб беришнинг устуворлиги – бу Acer глобал сиёсатининг бир қисми.
Кейинги 6 йил давомида биз Грузия мактаблари учун ноутбук етказиб берамиз. Ҳар йили мамлакат ҳукумати 60 мингта ноутбук сотиб олишга тендер ўтказади ва бизнинг таклифлар мунтазам равишда энг яхши бўлади. Шунингдек, компания яқинда Грузиянинг қатор давлат муассасалари учун компьютер ва ноутбуклар сотиб олиш бўйича жамланма тендерни ютиб олди.
Озарбойжонда B2G-сегментида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган, у ерда Acer`нинг йиғув корхонаси ишлайди, бу бизнинг мослашувчанлигимизни кучайтиради. Буюртмачи процессор, хотира картаси каби деталларнинг муайян параметрларини танлаши мумкин, биз эса берилган характеристикалар бўйича ҳатто кичкина партияда ҳам ноутбук ва шахсий компьютерлар ишлаб чиқара оламиз. Ўтган йилда Озарбойжон B2G-сегментидаги сотувларимиз тақрибан 20 минг дона маҳсулотга тенг бўлди. Acer`нинг Дубайдаги Яқин шарқ офиси ҳам бир неча йилдан бери Alef Education номли йирик таълим лойиҳаси учун хромбуклар етказиб бериш тендерини ютиб келади.
Acer имкониятлари янада кенгроқ
Acer EEME учун 4 та устувор йўналишни ажратиб кўрсатаман. Биринчиси – SpatialLabs компанияси билан биргаликда яратилган юқори технологик ечим. Бу реал вақт режимида саҳналарни рендерлаш технологияси бўлиб, фойдаланувчига 3D-тасвирни махсус кўзойнаксиз кўриш имконини беради. Ҳар бир кўз қорачиғи учун датчиклар ўз манзарасини генерациялайди, бу билан 3D-эффектни яратади. 4К дисплейи зичлиги ҳисобига, тасвир ёрқин ва дона-дона чиқади. SpatialLabs технологияси геймерлар ва контент яратувчилар имкониятларини кенгайтиради, шунингдек мураккаб муҳандислик йўналишларида ва ўқув симуляцияларида катта салоҳиятга эга.
Иккинчи устуворлигимиз сайёравий кўламга эга. Бу Acer Vero эко-оиласи бўлиб, қайта ишланган пластикдан фойдаланиш туфайли атроф-муҳитга юкламани камайтиради.
Учинчи йўналиш – компьютер аксессуарлари оиласини кенгайтириш. Биз тренд ранглардаги дизайнерлик аксессуарларини жорий қиламиз.
Ва охиргиси – Acer`нинг нокомпьютер товарлари. Жорий йил апрель ойида улар бутун дунё бўйлаб умумий тушумнинг 34,6 фоизини келтирди. Бу – киберхавфсизлик, тизим интеграцияси, булутли ечимлар, ақлли шаҳар ва транспорт соҳасидаги ечимлар, шунингдек тиббиёт жиҳозлари, ҳаво ва сувни тозалаш ускуналаридир.

Ўзбекистон бозори учун долзарб ечимлар
Мен электр самокатлар ва электр велосипедларда салоҳият кўряпман. Бу транспорт турлари марказда яшовчи ва экология ҳамда саломатлик ҳақида қайғурувчи шаҳарликлар учун қулай. Инсон жисмоний фаолият билан шуғулланади, тирбандликларда турмайди, автотураргоҳ муммосига дуч келмайди.
ES Series 5 электр самокати битта зарядда 65 км гача юра олади, бу уни шаҳар бўйлаб узоқ сайрларга мос келишини таъминлайди. ES Series 3 электр самокати енгил бўлгани сабабли, бошқа турдаги транспортлар билан уйғунлашади. Фойдаланувчи у билан осонгина автобусга чиқади ёки метрога туша олади. ES Series 1 йиғма рулга эга, бу эса, ушбу моделни йиғиб, юкхонага солиш имконини беради.
Яна бу йил янгилиги – Acerpure Pro Vero ҳаво тозалагичи ҳам Ўзбекистон учун долзарб бўлади. Мослама ҳаво сифатини таҳлил қилади ва мустақил равишда мос фильтрация режимини танлайди. Чанг бўронлари шароитида ҳавони зарарли моддалардан тозалаш айниқса муҳим.
Ўзбекистон бозорида кулранг қурилмалар сотувининг сустлиги ва маҳсулотлар кафолати масаласи кўп бора кўтарилади. Албатта, кулранг бозор биз учун, ишлаб чиқарувчи сифатида, муайян ноқулайликлар туғдиради. Аммо биз ҳар доим харидор тарафида бўлишга интиламиз. Агар муаммо техник характерга эга бўлса, шериклик сервис маркази уни ҳал қилади. Эҳтиёт қисмларини алмаштириш – бошқа масала. Агар муайян модель Ўзбекистон учун мўлжалланмаган бўлса, сервис маркази унинг учун бутловчи қисмлар олмайди ва бизнинг кучимиз билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

Ўзбекистон билан боғлиқ режалар ҳақида
Биз Ўзбекистон бозорида янада кенгайишни режалаштирганмиз. Агар Acer`нинг минтақадаги тарихи таҳлил қилинса, компания ҳеч қачон портловчи ўсишни намойиш этмаганлигини кўриш мумкин. Бизнинг кучимиз хотиржам, аста-секин олға интилишдан иборат. Биз йилдан-йилга сифатли маҳсулот чиқарамиз, асталик билан шериклар ҳамда якуний фойдаланувчилар ўртасида таниқлилик ва обрўга эга бўлиб борамиз. 2023 йил учун мақсадимиз – Ўзбекистондаги айланмани 10-15 фоизга ошириш ва эълон қилинган шериклик дастурларини муваффақиятли жорий қилиш.
Реклама
Мавзуга оид
19:00 / 28.08.2023
Тўғри танлов: шаҳарда сайр учун электр самокат қандай танланади?
22:48 / 04.01.2023
Acer компютерда ишлаш учун мўлжалланган машқ велосипедини тақдим қилди
12:10 / 22.04.2019
Тахт учун кураш: Acer дизайнерлар ва ишлаб чиқарувчилар қалбидан ўрин олиш мақсадида кураш бошлади
14:35 / 14.09.2018