Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истанбулда шаҳарга оид маълумотлар барча учун очилмоқда: бу азалий сиёсий адоватни ҳам йўқ қилиши мумкин
Туркиянинг энг йирик шаҳрида ҳукумат шаффофлигини ошириш ва инновацияларни рағбатлантириш учун очиқ маълумотлар бўйича бир қатор ташаббуслар йўлга қўйилмоқда. Стартапларни турли партияларга мансуб, бир-бирига нисбатан сиёсий адоватга эга амалдорлар ҳам қўллашмоқда.
Фото: Anadolu Agency/Getty Images
Истанбул мэри Акром Имомўғли 2019 йилда ўз лавозимига киришгач, унинг маъмурияти одамлар субсидия бўйича арзон нон харид қилиш мумкин бўлган жойлар сонини оширмоқчи бўлган. Лекин бу ғоя сиёсий рақиблар сони кўпроқ бўлган шаҳар кенгаши томонидан дарҳол рад этилган. Шундан сўнг Имомўғлининг рақамли хариташунослик бўйича мутахассислари ишга киришган. Улар Истанбул харитасида барча нон дўконларини белгилаб, 16 миллионлик шаҳарда фақатгина 6,4 миллион киши ўз уйидан 500 метр узоқликда нон дўконига эга эканига аниқлик киритишган, деб ёзади Bloomberg.
«Кенгашдагилар буни кўргач, таклифни қабул қилишга мажбур бўлишди, — дейди Туркиянинг энг йирик шаҳарини бошқарувчи маъмурий орган — Истанбул буюкшаҳар баладиясининг ахборий технологиялар бўйича директори Эрол Ўзгунар. — Бу сиёсий чиқиш эмасди, шунчаки рақамлар ҳамма нарсани сўзлаб турганди».
Сўнгги тўрт йил ичида Ўзгунар шаҳарда маълумотларга асосланган сиёсатни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бошқарди. 2020 йилда унинг офиси Очиқ маълумотлар порталини — шаҳарнинг 30 та шуъба компаниялари ва ўнлаб агентлик томонидан тўпланган барча маълумотларни рақамлаштириш, анонимлаштириш ва пировард натижада, эълон қилиш бўйича амбицияли уринишни тақдим этди. Бугунги кунга келиб Истанбул буюкшаҳар баладияси мобиллик, фавқулодда вазиятларни бошқариш, атроф-муҳит, энергетика ва ижтимоий хизматларни қамраб олувчи 330 та маълумотлар дастасини омма учун юклаб, шаҳар транспортида йўловчилар оқими, истироҳат боғларида яшилликни таъминлаш учун сарфланаётган йиллик сув миқдори каби деталларни очиқлаб қўйган.
Фото: Ёсин Оқгул / AFP
Ҳали жуда кўп маълумотларни эълон қилиш талаб этилса-да, тадбиркорлар, нодавлат ташкилотлар ва алоҳида турғунлар бу маълумотлар дастасидан Истанбулдаги ҳамшаҳарлари ҳаётини яхшилаш бўйича янгича қарашларни тақдим этишидан умид катта.
«Очиқ маълумотлар шаффофлик, ҳисобдорлик, ҳамкорлик ва жамоатчиликнинг шаҳар ҳаётидан хабардор бўлиб иштирок этиши учун хизмат қилади», — дейди самарали бошқарувни рағбатлантиришни мақсад қилган Туркиянинг TESEV мустақил таҳлил марказининг тадқиқотлар бўйича директори Итир Оқдўған.
Истанбулдаги рақамли илдамлаш бўйича объектлардан яна бири — Маълумотлар лабораториясидир. Бу ўзига хос стилга эга бўлган объект ўтган йили шаҳарнинг шиддат билан ривожланиб бораётган Бошоқшаҳр туманида очилди. Ундан тренинг ва тадбирлар ўтказиш, шаҳар маълумотларидан фойдаланиб иш олиб бораётган, эндигина иш бошлаган компанияларни жой билан таъминлаш учун фойдаланилади. Очиқ усулда режалаштирилган конференц-залларда ишлаб, стартаплардан бири сунъий интеллектдан фойдаланиб парковка қилиш учун илова ишлаб чиққан. У шаҳардаги парковкалардан маълумот олиб, ҳайдовчиларга бўш жой топишга ёрдам беради. Бошқа бир стартап шаҳар автобусларидаги камералар орқали туширилган тасвирларни махсус алгоритм орқали қайта ишлаб, йўлдаги чуқурлар, нотекисликлар ва бошқа муаммоларни аниқлаб бермоқда.
Акром Имомўғли Истанбулнинг маълумотлар соҳасидаги ушбу ташаббуслари бошқарувга шаффоф ёндашувнинг бир қисми эканига урғу бериб, ўзи аъзо бўлган мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)нинг аксарият ечимлари таназзулли ва ёпиқ дея танқид қилинадиган ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП)дан фарқлаб турувчи асосий жиҳат эканини таъкидлаган. Бироқ бундай саъй-ҳаракатларни амалга оширишга қизиқиш партия сиёсати даражасидан ҳам ошиб кетди; Туркиянинг ЖХП ва АТП вакиллари бошқараётган тўққизта бошқа йирик шаҳри ҳам эндиликда ўзларининг очиқ маълумотлар порталига эга.
Манба: Истанбул буюкшаҳар баладияси.
Шаҳарлар ривожланиб, кенгайиб борар экан, кўпайиб бораётган шаҳар аҳолиси эҳтиёжларини қондириш учун маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш тобора муҳим бўлиб бормоқда.
«Шаҳар гўёки тинимсиз ишлаётган динамик машинага ўхшайди, очиқ маълумотлар эса ундаги жараёнларни мониторинг қилишда ва бирор кор-ҳол рўй беришидан аввал огоҳлантиришда қўл келади», — дейди Мармара шаҳар баладиялари иттифоқи маълумотлар ва технологиялар маркази директори Самад Кескин. Бу Мармар денгиз атрофида жойлашган 190 та шаҳар ҳокимиятини минтақавий миқёсда режалаштириш бўйича ҳамкорликка ундайди. У маълумотларни ўз иш жараёнларига интеграция қилишни истаётган маҳаллий амалдорларга ўқиш, ўргатиш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашни таклиф этмоқда.
Туркиядаги ҳокимиятлар ҳанузгача бу борада Кескиннинг таъбири билан айтганда «болаларча қадам» босишаётган бўлса-да, иш сиёсат ишлаб чиқишда маълумотлардан фойдаланишга бориб тақалганда, бундай ташаббуслар пировард натижада ҳудудий муаммоларни ечишнинг иқтисодий жиҳатдан самарали усулига айланишига унинг ишончи комил. У 2021 йилда Мармар денгизда «денгиз шиллиғи»га сабаб бўлган саноат ифлосланишини мисол келтирди. «Шаҳарларнинг муаммолари кўп жойда бир хил, уларни биргаликда ҳал қилишга интилиш керак; очиқ маълумотлар бу — янгидан янги лойиҳалар яратавермасдан, чекланган ресурслар билан буни амалга ошириш усули», — деган Самад Кескин.
У илғор амалиётга мисол сифатида TESEV томонидан ишлаб чиқилган хариталар асосида яратилган Urban95 интерактив платформасини келтирди, у ҳокимиятга инфратузилмаларни тартибга солиш, кичик ёшли болалар ва оилаларга кўмак кўрсатиш бўйича хизматлар тақдим этишни баҳолашда ёрдам беради. Платформа ишлаётган беш шаҳардан бири бўлган Истанбулда Urban95 янги болалар боғчаси қурилиши лозим бўлган ҳудудларни аниқлашда фойдаланилади, дейди TESEV лойиҳаси координатори Бурга Алвон Эргинли. Эргинли хонимга кўра, Urban95 хариталарида яшил зоналар камлигини кўриб қолган иккита туман ҳокимияти кўпроқ парклар ва боғлар яратишга қарор қилган.
Фото: Ёсин Оқгул / AFP
Бироқ технологик ва сиёсий тўсиқлар Urban95 каби маълумотлар асосида сиёсий ишланмалар яратиш ва жорий этишни секинлаштирди. Эргинли хонимнинг сўзларига кўра, янги тизимга қаршилик кўрсатаётган идораларга жўнатилган сўровларга жавоб олиш, уларни солиштириш, таққослаш ва стандартлаштириш учун жуда кўп вақт сарфланмоқда. Туркиядаги у қадар катта бўлмаган OpenStreetMap ҳамжамиятининг фаол аъзоси ва инженер-геоматиги Саид Турксеварнинг сўзларига кўра, геомаълумотлар борасида Истанбул буюкшаҳар баладиясининг Очиқ маълумотлар платформаси ҳам чекланган. «Улар маълумот алмашадиган формат тасвирлаб беришга ҳали тайёр эмас, шунинг учун у билан ишлаш ўта самарасиз», деган у.
TESEV’даги Оқдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия шаҳарлари ўз маълумотларидан барча фойдалана оладиган бўлиши учун ҳали жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш керак. Агар улар саъй-ҳаракат қилмаса, муниципал платформалар «фуқаролар олдида мақтанишга арзигулик бир нарса»дан бўлишдан ортиғига ярамай қолади. Мармара шаҳар баладиялари иттифоқидан Самад Кескин ҳам бу нуқтайи назарни қўллаб-қувватламоқда. «Баладиянинг иши «яхши, мана, биз барча маълумотларни очиқладик», дейиш билан битмайди. Бу ҳали ҳеч нарсани билдирмайди; маълумотлар қачонки қайта ишланса ва ундан фойдаланишга яроқли бўлсагина қадр-қимматга эга бўлади».
Фавқулодда ҳолатларда тўлиқ, таҳлил қилинган ва осонгина етишиш мумкин бўлган маълумотлар катта аҳамиятга эга бўлади, дейди Турксевар. Масалан, биноларнинг юзаси ва баландлиги ҳақидаги маълумотлар одамларга феврал ойида Туркиянинг жанубий-шарқий қисмида рўй берган зилзила каби ҳолатларда қанча одам зилзила натижасида жабр тортган бўлиши мумкинлигини баҳолашда қўл келади. Ўша фалокат чоғида одамлар ижтимоий тармоқларга зарарланган биноларнинг жойлашган ўрни ва қариндошлари сўнгги марта кириб қамалиб қолган жойлар ҳақида қайғули постлар жойлаб, хабар беришган. Бироқ ушбу чақириқларни йиғиш ва тартибга солувчи марказлаштирилган платформа йўқлиги сабабли кўплаб сўровлар қаноатлантирилмасдан қолиб кетган ва фожиавий оқибатларга олиб келган.
Фото: Натан Лейн / Bloomberg
TESEV’нинг тадқиқотлар бўйича директори Оқдўғаннинг тан олишича, «Туркиядаги сиёсий маданият ахборот ва маълумотлар алмашиш учун очиқ эмас; ҳаттоки бир баладия доирасида турли бўлинмалар бошқаларда қандай маълумотлар борлигини билмайди». Лекин унинг ташкилоти сиёсатчилар ва амалдорларнинг сиёсий қарама-қаршилигига қарамасдан биргаликда ишлашга ёрдам бериш учун ишнинг техник томонига эътибор қаратиб, бу тўсиқларни енгиб ўтиш учун ҳаракат қилмоқда. COVID-19 пандемияси чоғида TESEV’ни кризиснинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини тадқиқ этиш, маълумотлар асосида ечимлар таклиф этиш масаласида рақобатлашаётган мэрлари турли партиялардан бўлган иккита тумани ҳокимияти қўллаб-қувватлаган.
Бундай ҳамкорлик маълумотлар билан боғлиқ лойиҳалар Туркиядаги шаҳарларни самарали бошқаришда халақит берувчи азалий сиёсий можароларни енгиб ўтишда ҳам ёрдам қилишига умид уйғотмоқда. «Биз уларга маълумотлар билан бўлишишдан қўрқмаслик кераклигини кўрсатишга уринмоқдамиз, – деган Оқдўған. – Аслида бу уларни янада кучлироқ қилувчи нарса».
Мавзуга оид
15:02 / 23.05.2025
Истанбулда Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди
19:10 / 17.05.2025
Истанбул аэропортида танасига олтин яширган ўзбекистонлик аёллар ушланди
13:33 / 17.05.2025
Таҳдид ва тарих ҳақида ваъз: Истанбул музокараларида нималар дейишди?
18:23 / 16.05.2025