Ўзбекистон | 10:04 / 22.06.2023
6985
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Боку порти орқали шакар импортини оширишни режалаштиряпти

Озарбойжоннинг самарадорликни ошириши туфайли транзит вақти икки баробарга қисқарди.

Фото: trend.az

Ўзбекистон Озарбойжон орқали шакар ва бошқа товарлар импортини ошириш ниятида. Бу ҳақда Trend агентлиги транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминовга таяниб хабар берди.

Расмийга кўра, Ўзбекистон ўз товарларини экспорт қилиш учун Гуржистоннинг Поти порти, шунингдек, Боку порти инфратузилмасидан фойдаланади. Бироқ, Озарбойжон порти анча ривожланган.

Бундан ташқари, Боку портини модернизация қилишнинг иккинчи босқичи доирасида Ўзбекистон ўз эҳтиёжлари учун фойдаланмоқчи бўлган минерал ўғитлар учун янги терминал ишлай бошлайди.

Вазир ўринбосари, шунингдек, ташиш вақтини икки баробарга қисқартиришга ҳам эътибор қаратди. Шу туфайли Озарбойжоннинг транспорт хизматлари Марказий Осиё бошқа мамлакатлари орасида ҳам талабга эга.

“Озарбойжонлик ҳамкасбларимизнинг оператив фаолиятини яхшилаши эвазига юк ташиш вақтини икки баравар – бир ойдан икки ҳафтага қисқартира олдик. Бугун ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё Озарбойжоннинг транспорт салоҳиятидан фойдаланмоқда”, — деди Абдусамат Мўминов.

Шунингдек, у жорий йилда Ўзбекистон Боку порти инфратузилмасидан шакар импорти учун фойдаланишни режалаштираётганини, у 300 минг тоннани ташкил этишини таъкидлади. Шу мақсадда Озарбойжонга шакар учун 100 та вагон жўнатилди.

Мавзуга оид