Ўзбекистон | 12:29 / 07.07.2023
4907
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 3,3 млрд сўмлик сигарет йўқ қилинди

6 июл куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш тадбири ўтказилди. 

Тадбирда божхона, экология, санитария-эпидемиология ходимлари ва мажбурий ижро тузилмалари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, 2023 йил 22 февраль куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Миробод туманидаги хонадонлардан бирида ўтказилган тезкор тадбирда хорижда ишлаб чиқарилган, ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 140 дан зиёд турдаги 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф тарзда сақланаётганлиги аниқланган. 

Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш жараёни Фото: Kun.uz

“Қиймати 3,3 млрд сўмлик 220 мингдан зиёд тамаки маҳсулотлари ёқиш йўли билан йўқ қилинмоқда. Суд ҳукмига кўра ушбу тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланган”, - дейди Давлат божхона қўмитаси матбуот мизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев.

Журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида – 228 минг 144 қути сигаретлар ёқиб юборилди.

Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш жараёни Фото: Kun.uz

Расмийларга кўра, 2023 йилнинг 6 ойида божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 37,5 млрд. сўмлик 1 млн 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринилмоқда.

Ички ҳудудлар кесимида энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

Бахтиёр Тўхтаев
Муаллиф Бахтиёр Тўхтаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид