Ўзбекистон | 20:14 / 15.07.2023
26253
3 дақиқада ўқилади

Ташқи миграция агентлигидан навбатдаги “томоша”ми? Жанубий Корея учун имтиҳон баллари ўзгартириб қўйилди

Kun.uzʼнинг мурожаатлар бўлими шу кунларда Жанубий Кореяда ишлаш истагида бўлган юзлаб фуқароларнинг шикоятлари билан тўлиб кетди. Шикоят мазмуни бир хил: Корея томони имтиҳондан ўтиш поғонасини 40 балл деб белгилаган, Агентлик эса 45га ўзгартирган.     

Фотоколлаж: Kun.uz

Корея Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганлар орасида 7-19 июн кунлари имтиҳонлар бўлиб ўтган. Шикоятчиларнинг бизга билдиришича, Корея томони имтиҳондан ўтиш баллини 40 балл деб белгилаган бўлса-да, Ўзбекистон томони ўтиш баллини 45га ўзгартирган.

13 июл куни “Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан хизмат кўрсатиш соҳаси учун ўтиш балли 45 балл этиб белгиланди” деган эълон чиқди. Бу “янгилик” оқибатида кўплаб фуқаролар, гарчи эълон қилинган 40 баллни қозонган бўлсалар-да, имтиҳондан ўтганлар “қайиғи”дан тушиб қолди.

Шуни айтиш керакки, Корея томони ресурсида ўтиш балли 40 баллигича турибди.

Мазкур ҳолатдан норози бўлган фуқаролар Миграция агентлиги ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бориб, шикоятларини билдиришган.

Kun.uz вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари билан боғланди. Унинг билдиришича имтиҳон топширувчилар кўпайиб кетгани сабаб ўтиш балли 40 баллдан 45 баллга кўтариб қўйилган. Таҳририят билан суҳбатлашган (суҳбат 15 июл куни соат 11:20 да бўлиб ўтган) матбуот хизмати раҳбари яқин соатлар ичида вазирлик саҳифаларида расмий баёнот эълон қилинишини айтганди. Аммо иш куни якунига қадар ҳам на вазирлик ва на агентлик саҳифаларида ваъда қилинган баёнот пайдо бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фуқароларни Жанубий Кореяга ишлаш учун юбориш билан боғлиқ жараёнларидаги коррупция ва қонунбузилишларига оид кўплаб мақола ва видеолар эълон қилиб келмоқда. Аммо ҳанузгача бунга ваколатли органлар, хусусан қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилишига масъул Бош прокуратура эътибор қаратгани йўқ.

Жорий йил 1 июн куни президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП қурултойида ташқи меҳнат миграцияси тизими тўлиқ ислоҳ қилинишини айтганди.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотларнинг изоҳини кутиб қоламиз.

Мавзуга оид