Қрим кўпригига ҳужум қилган денгиз дронлари қандай қурол? Кўприк улардан ҳимояланмаганми?
Қрим кўпригига қилинган ҳужумдан кейин бу операцияни амалга оширишда айнан қандай аппаратлардан фойдаланилгани жумбоқ бўлиб қолмоқда. Портлашлар тунда содир бўлган, шунинг учун видеоёзувлар қолмаган. Ҳозир фақат шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу дрон ёки портловчи моддалар билан тўлдирилган экипажсиз қайиқлар бўлган.
«Қрим кўпригига тунги ҳужум Украина ҳарбий-денгиз кучлари ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус операцияси бўлган», дея хабар берган BBC нашрининг УХХдаги манбалари.
«Кўприкка сув усти дронлари билан ҳужум қилинди. Кўприккача бориш қийин бўлди, лекин охир-оқибат буни уддаладик», дейди УХХдаги манба. Бошқарма бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси ҳужум «иккита бошқарувчисиз сув усти қурилмаси» томонидан амалга оширилганини маълум қилди.
Очиқ манбаларда қурилмалар хусусиятларини жуда тахминий равишда кўрсатиши мумкин бўлган иккита далил мавжуд.
Биринчиси, Mash телеграм-канали хабари бўлиб, у ўз маълумотларига таянган ҳолда, дронлар сув мотоцикллари асосида яратилган бўлиши мумкинлиги таъкидлаган.
«Биздаги маълумотларга кўра, 145-таянч устун яқинидаги ҳужум ҳудудида сув мотоциклларининг бўлаклари топилган. Украина қуролли кучлари айнан уларни портловчи моддалар билан дронга айлантиришга ўргатилган. Улар сув устида фақатгина бир неча сантиметрга кўриниб, нишонга деярли сув остидан боради», дейилади хабарда.
Иккинчиси, кўприкка зарба берилишидан сал олдин тахминан Севастопол яқинида ёзиб олинган иккита видео. Россияпараст телеграм-каналлар хабарига кўра, 16 июл куни Севастополга аввалига ҳаво дронлари, кейин эса денгиз дронлари ҳужум қилган. Уларнинг барчаси йўқ қилингани айтилган.
Видеолардан бирида қирғоқ яқинидаги сувда қора объект ҳаракатланаётгани кўринади.
Иккинчи видеода сув мотоциклига жуда ўхшаш сув транспорти акс этган. Видеони тарқатган Mash канали таъкидлашича, бу экипажсиз катер бўлган. Роликда сувда портлаш содир бўлгани кўрсатилган, катта эҳтимол билан бу ушбу аппаратнинг йўқ қилиниши эди.
«Коммерсант» газетаси келтирган версиялардан бирига кўра, Қрим кўпригига жами икки марта зарба берилган. Биринчи зарбада масофадан бошқариладиган гидроцикллар портловчи моддалар билан кўприкни зарарлашга уринган, иккинчи ҳужумда эса қўлбола аппаратлардан эмас, анча мукаммалроқ жанговар қурилмалардан фойдаланилган.
Портлашлар сув юзасида, кўприк устунлари орасидан бир неча метр узоқликда содир бўлган ва шу қадар кучли бўлганки, темир-бетон конструкцияга зарар етказган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги муҳокамаларда бундай шикаст етказиш учун зарур бўлган портловчи қисм миқдори ҳақида турли тахминлар янгради, лекин ҳамма жойда бу бир неча юз килограмм, жумладан 500 килограммгача бўлиши айтилди.
Зарбдор гидроцикл
Агар Mash канали эълон қилган видеода кўринган қурилма ҳақиқатан ҳам сув мотоцикли асосида яратилган Украина қуролли кучлари денгиз дрони бўлса, унда унинг конструкциясига жуда кўп ўзгартиришлар киритилган.
Биринчидан, сув мотоцикллари узоқ масофага саёҳат қилишга мўлжалланмаган. Улар дастлаб спорт, дам олиш ва кўнгил очиш учун ишлаб чиқилган. Гидроцикл — бу бир ёки икки, максимал уч кишини ташиш учун мўлжалланган тезкор катер. Ва ундаги энг муҳим жиҳат узоқлик эмас, балки тезликдир.
Экипажсиз зарбдор катер учун тезлик ва манёвр қилиш қобилияти муҳим, аммо охирги босқич — нишонга яқинлашиш пайтида.
Бироқ дрон катер учун узоққа сузиш ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас, чунки бундай дронлар катта оралиқ масофадан ишга туширилади. Нишонга катта кемада яқинлашиш эса жуда хавфли, чунки уни осонгина пайқаш мумкин.
Турли манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, гидроциклларнинг максимал сузиш масофаси тахминан 130 километрдан 270 километргача етади. Бу қурилманинг маълум моделига, фойдали юк массасига, шамол тезлиги ва йўналишига, сув оқимларига, сувнинг шўрлигига, сув ва ҳаво ҳароратига ва ниҳоят, моторнинг ишлаш режимига боғлиқ.
Агар харитага қаралса, 270 километр, бу тахминан кўприкдан Қора денгизнинг ўртасигача бўлган масофа. Бироқ, бундай узоқликка фақат идеал шароитлардагина эришиш мумкин ва айни пайтда қурилманинг ўзи нишонга қараб тўғри, манёврлар қилмасдан, энг тежамкор режимда сузиши керак.
Ва, катта эҳтимол билан қайиқ тўлиқ юкламага эга бўлмаслиги керак. Ўртача гидроцикл таший оладиган юкнинг максимал оғирлиги тахминан 270 килограммни ташкил қилади.
Бироқ, гап экипажсиз катер ҳақида кетаётган экан, демак унда бошқарув, алоқа ва навигация ускуналари бўлиши керак. Бу ҳам катернинг фойдали юк ҳажмини камайтиради.
Шунинг учун кўплаб шарҳловчилар кўприк бир ёки иккита гидроцикл ёрдамида портлатиб юборилганига шубҳа қилмоқда.
Mash манбаси таъкидлашича, сув мотоцикллари «сув юзасида бор-йўғи бир неча сантиметр кўринган ҳолда, ўз нишонига деярли сув остидан бориши мумкин». Ушбу иқтибос ҳам шубҳа уйғотади, чунки бу сувнинг қаршилигини кучайтириб, сузиш масофасини қисқартиради.
Украина экипажсиз денгиз қурилмаларини чет элдан олмоқда. Россиянинг кенг кўламли босқинининг бошидан бери ғарблик ҳамкорлар Украинага бир нечта денгиз дронларини етказиб берди.
Хусусан, Буюк Британия буни намойишкорона тарзда амалга оширди. Лекин, 2022 йил август ойида тақдим этган олтита REMUS-100 бошқарувчисиз қурилмалари фақатгина миналардан тозалаш учун ишлатиладиган кичик сув ости дронларидир.
Украина қуролли кучларининг зарбдор қурилмалари
Украина аллақачон денгиздаги рус кучларига қарши дронлардан фойдаланган.
Энг муваффақиятли ҳужум 2022 йил 29 октябрдаги бошқарувчисиз катерлар рейди бўлиб, ўшанда улардан бир нечтаси кемалар тўхташ жойига ёриб киришга муваффақ бўлган ҳамда Британия разведкаси маълумотларига кўра, минадан тозаловчи «Иван Голубец» ва «Адмирал Макаров» фрегатига зарар етказган.
Шундан сўнг Украина қуролли кучлари Севастополга яна бир неча марта ҳужум уюштиришга уринган. Камида битта ҳужум очиқ денгиздаги кемага қарши амалга оширилган.
Россия мудофаа вазирлиги 2023 йил 24 май куни эрталаб учта денгиз дрони Босфор бўғозидан 140 километр шимоли-шарқда жойлашган «Иван Хурс» разведкачи кемасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Россия ҳарбийлари катерларнинг барчаси йўқ қилинганини даъво қилди, бироқ Украина қуролли кучлари улардан бирининг камерасидан олинган видеони намойиш этди ва бу кадрларда дрон кемага жуда яқин боргани, катта эҳтимол билан унга урилгани кўринган. Аммо, кейинчалик Севастополга сузиб келган «Хурс»нинг фотосуратлари пайдо бўлди.
Мустақил ҳарбий таҳлилчи ва ҳарбий-денгиз масалалари бўйича мутахассис Эйч-Ай Саттон ўз блогида ёзганидек, 2022-2023 йилларда очиқ манбаларда турли бошқарувчисиз катерларнинг бир нечта турлари, шунингдек, битта сув ости қурилмаси пайдо бўлган.
Улардан камида биттасининг тактик-техник хусусиятлари маълум. 2022 йил ноябр ойида Украина шундай дронлар паркини қуриш учун маблағ йиғишни бошлади. Кампанияни президент Володимир Зеленский ўз расмий телеграм-каналида реклама қилди.
Аппарат узунлиги 5,5 метр, сузиш узоқлиги 800 километр, автономия 60 соат, максимал тезлиги соатига 80 километр, жанговар каллаги эса 200 килограмм.
Эйч-Ай Саттон томонидан тайёрланган иллюстрацияларга кўра, барча Украина катерлари деярли бир хил ўлчамларга эга ва бунга мос равишда фойдали юк ҳажми ҳам ўхшаш.
Эҳтимол, кейинги моделларнинг хусусиятлари сузиш узоқлиги, тезлик ёки алоқа, навигация ва бошқарув тизимларида фарқ қилиши мумкин.
Денгиз дронларидан қандай ҳимояланиш мумкин?
2022 йил октябр ойидаги Севастополга муваффақиятли ҳужумдан сўнг, кўплаб шарҳловчилар интернетда денгиз урушида янги давр бошланганини эълон қилди. Ўшанда ҳақиқатан ҳам кўзга ташланмайдиган экипажсиз катерлар кемаларга тезлик билан яқинлашиб, уларга жиддий зарар етказиши мумкиндек туюлди.
Бироқ, бундай йўқ қилиш воситаси анча янгидек кўринишига қарамай, денгиз дронлари узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган қурилмалар — тезюрар зарбдор катерлар ва торпедалар билан жуда кўп умумийликларга эга бўлиб чиқди. Бу аппаратларнинг ҳар бирига қарши кураш тактикаси эса аллақачон ишлаб чиқилган.
Денгиз ёки рейддаги кемалар кичик қурилмаларга қарши самарали курашиши мумкин бўлган турли аниқлаш воситалари ҳамда тез ўт очадиган тўплар ва пулемётлар билан ўзларини ҳимоя қилиши мумкин.
Бундан ташқари, кўрфазлар ва улардаги кемалар, кўприклар, бурғилаш платформалари ва бошқа объектлар каби йирик нишонлар сузувчи тўсиқлар — яъни узун «занжир» билан бирлаштирилган сузувчи буйлар орқали ҳимояланиши мумкин. Бундай тўсиқлар сув усти қурилмалари ҳаракатига халақит беради.
Сув ости кемаларига қарши эса махсус тўрлардан фойдаланиш мумкин. Ҳарбий ишларда пўлат тўрлар кемалар ва турли объектларни торпедалар зарбасидан ҳимоя қилади.
Булар кўприкни дрон ҳужумларидан ҳимоя қилишнинг энг оддий усуллари. Бироқ, Украинанинг экипажсиз катерлари кўприккача етиб боргани ва унга зарар етказганидан келиб чиқиб, бу мудофаа чоралари кўрилмаган деб тахмин қилиш мумкин.
Бундан ташқари, янада мураккаб тизимлар ҳам мавжуд, масалан соҳил мудофаасининг гидроакустик ускуналари, денгиз юзасидаги объектлар ҳаракатини кузатиш учун радар станциялари.
Шубҳасиз, экипажсиз кичик қайиқларни радар ёрдамида аниқлаш қийин, бироқ Қримдаги кўприк Россия пропагандасида жуда муҳим ўрин тутганига қарамай, бундай тизимлардан ё фойдаланилмаган ёки улар ишламаган.
Ниҳоят, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланишидан олдин ҳам, Россия матбуотида кўприк замонавий радиоэлектрон кураш воситалари билан ҳимоялангани бир неча бор айтилган.
Бундай тизимлар радиоалоқа орқали масофадан бошқариладиган қурилмаларга қарши ҳақиқатан ҳам самарали. Бундан ташқари, радиоэлектрон кураш воситалари автоном дронлар фойдаланадиган сунъий йўлдош навигация тизимларига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Лекин, кўприк ҳудудига радиоэлектрон кураш тизимлари жойлаштирилгани ҳақидаги даъволарга қарамай, ёки улар ҳам денгиз дронларининг зарбаларига халақит бера олмаган ёхуд ўша пайтда ишламаган.
Мавзуга оид
20:14 / 16.08.2024
Қрим кўпригига Америкада ишлаб чиқарилган ATACMS ракеталари ёрдамида ҳужум уюштирилди
15:07 / 28.03.2024
«Савол ўринли, аммо биз тан олмаймиз» — УХХ раҳбари россиялик пропагандачиларга суиқасдлар ҳақида
21:24 / 04.03.2024
Симонян немис ҳарбийларининг Украинага Taurus ракеталарини етказиш ва Қрим кўпригига зарба муҳокама қилинган суҳбатини эълон қилди
10:40 / 21.08.2023