Жаҳон | 15:07 / 28.03.2024
16728
6 дақиқада ўқилади

«Савол ўринли, аммо биз тан олмаймиз» — УХХ раҳбари россиялик пропагандачиларга суиқасдлар ҳақида

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари катта интервю берди. У Қримдаги ва Россия ҳудудларидаги портлашлар, Владлен Татарский ўлдирилиши ҳамда Захар Прилепинга суиқасд уюштирилиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарган.

Фото: Курск области маъмурияти

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари (СБУ) Василий Малюк «Факти ICTV» канали учун интервю бериб, украин махсус хизматлари Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар орқали зарбалар берганини тасдиқлади. У шунингдек Захар Прилепинга уюштирилган суиқасд ҳамда «ҳарбий мухбир» Владлен Татарский ва Олий раданинг собиқ депутати Иля Киванинг ўлдирилишига изоҳ берган. Қуйида ушбу интервюнинг асосий жойлари келтирилади.

«Биз нима қилишимиз керак? Путинни кислороддан узишимиз»

Василий Малюк Украина хавфсизлик хизмати Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводларига учувчисиз учар қурилмалар орқали ҳужумлар уюштираётганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳужумлар давом эттирилади. У «Россия ўз бюджетини айнан нефт маҳсулотлари экспорти ҳисобига тўлдириши»ни таъкидлаган. 

«Бу амалда унинг бюджетининг учдан бир қисми, ҳарбий бюджетнинг эса асосий улушидир. Биз нима қилишимиз керак? Албатта, бундай тушумларни максимал даражада минималлаштириш ва автоматик равишда [Владимир] Путинни кислороддан узишимиз. Шунинг учун узоқ масофали дронлар орқали қатор муваффақиятли амалиётлар ўтказилди», — деган у. 

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари тасдиқлашича, Украина нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар эвазига «аллақачон Россия нефтини қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини 12 фоизга қисқартирган». У Украина хавфсизлик хизмати бу ишларни Украина мудофаа вазирлигининг Махсус амалиётлар кучлари (ССО) ва Бош разведка бошқармаси (ГУР) ҳамкорлигида амалга ошираётганини қўшимча қилган. 

«Қрим кўпригини йўқ қилиш учун салоҳиятимиз етарли»

Малюкнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг икки ҳужумидан кейин Россия эндиликда Қрим кўпригидан қуролларни ташишда фойдаланмаяпти — бу ҳужумлар 2022 йил октябрида ва 2023 йил июлида амалга оширилганди. У Москва кўприкни тўлиқ тиклаш устида иш олиб бораётганини қайд этган. 

«Улар таянч устунларни тиклаганида, яна қурол-аслаҳаларни таший бошлаши мумкин. Ўшанда, табиийки, биз яна бир бор уларга „салом“ йўллаймиз. Барча нарсанинг ўз вақти бор, келинг, воқеалар ривожидан олдинга ўтиб кетмайлик. Албатта, бизда уни тўлиқ яксон этиш учун салоҳият бор», — деган УХХ раҳбари.

У шунингдек Қрим кўпригига 2022 йил октябрида амалга оширилган илк ҳужумга тайёргарлик тафсилотларига тўхталган. Унинг сўзларига кўра, «оператив режа»ни ишлаб чиқиш 2022 йил мартида бошланганди. Кўприкда «плёнка рулонлари остига яширилган» қўлбола портловчи қурилмалар портлатилганди.

«Биз гексоген аралашмасидан фойдаландик, унинг умумий вазни қарийб 14 тоннани ташкил этарди, тротил эквивалентда — бу 21 тонна дегани. Ўта мураккаб уч марталик ўзаро боғланган детонация тизими қўлланган. Дарвоқе, учинчиси ишлади, чунки олдинги иккитаси радиоэлектрон кураш воситалари томонидан тўсилганди», — деган Малюк.

«Савол манзилига тўғри йўлланган, аммо биз буни тан олмаймиз»

«Факти ICTV» журналисти Елена Фроляк Малюкдан Украина хавфсизлик хизмати ходимларининг украиналик собиқ депутат Иля Кива, «ҳарбий мухбир» Владлен Татарский, шунингдек Донбассдаги айирмачиларнинг собиқ етакчиларидан бири Олег Царев ҳамда ёзувчи Захар Прилепинга суиқасдларга нечоғлик алоқадорлиги тўғрисида сўраган.

«Сиз саволни ўринли беряпсиз, аммо биз буни ҳеч қанақасига тан олмаймиз», — дея жавоб қайтарган Малюк. Шу билан бирга, у интервюда суиқасдларнинг тафсилотларини айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, Прилепин суиқасд натижасида гўёки «жинсий аъзосидан айрилган».

Ҳақиқий ҳарбий жиноятчи. Ўз ҳовлисига кетаётганида йўлда тегишли танк минаси ишлаб кетади. Ўша куни рулда унинг ҳайдовчиси бўлган, у ҳам ватандошларимизни ўлдирган ҳарбий жиноятчи. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган, Прилепин эса жиддий жароҳатланган, тос суяги, оёғи жароҳатланган ва кечирасиз, у жинсий аъзосисиз қолган. Майли, шундай яшашда давом этсин ва ҳаётдан баҳра олсин.

Владлен Татарскийнинг ўлдирилишини изоҳларкан, Малюк «ҳарбий мухбир»га топширилган ҳайкалчада «400 грамм термобарик моддалар бўлгани, улар [Татарскийга] „бритва каби“ ишлагани» ҳақида айтган.

Малюк шунингдек Иля Кива қисқа стволли қурол орқали ўлдирилганини маълум қилган. Собиқ депутатнинг дастлаб кўкрак соҳасига отилган, кейин эса бошига «ишни тугатиб қўйиш» учун бошига ўқ узилган.

Россия қандай жавоб қилди?

Василий Малюкнинг интервюси 25 март куни эълон қилинди. Кейинги куни Москва шаҳар Басманний район суди уни Қримда 2022 йил кузида рўй берган портлаш бўйича тергов иши доирасида сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Тергов қўмитаси версиясига кўра, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари террорчилар гуруҳи ташкилотчиси бўлган. Уни терактда (РФ 205-моддаси, 3-қисми, «б» банди) айблашган.

Судда шунингдек Малюк аллақачон қидирувга берилгани эълон қилинган. У қачондан ушбу иш доирасида фигурант бўлгани ва уни қамоққа олиш тўғрисидаги қарор интервю билан қанчалик боғлиқлиги номаълум.

Мавзуга оид