Жамият | 17:36 / 24.07.2023
12310
6 дақиқада ўқилади

Сут, сувли идиш ва сабзавотлар – иссиқ кунларда салқинлаш учун тавсиялар

​​​​​​​24-27 июл кунлари Ўзбекистонда ёзнинг навбатдаги энг иссиқ кунлари кузатилади. Аномал иссиқда танани салқин тутиш, соғлом уйқуни сақлаб туриш учун қандай усуллар фойда беради?

Фото: Representative Image

24-27 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига иссиқ ҳаво кириб келиши билан, айрим ҳудудларда ҳарорат 44 даражагача кўтарилиши маълум қилинганди. Юқори ҳарорат барча тирик жон учун яшашни қийинлаштиради. Ташқари тана ҳароратидан юқори бўлишни бошласа, тана ўз ҳароратини назорат қилолмай қолади. Натижада иссиқ уриши ва юрак билан боғлиқ касалликлар кўпаяди. 

Иссиқ жисмоний соғлиқ билан бирга руҳий заифликка ҳам сабаб бўлади. Одамлар жаҳлдор, стрессли ва ўзини камроқ бахтли ҳис қила бошлайди. Қанчалик ғалати бўлмасин, Австралияда олиб борилган тадқиқотларга кўра, ҳарорат 27дан кўтарилганда касалхонада беморлар сони ошиб кетган, Грецияда 25дан юқори ҳарорат кузатилганда қотиллик 30 фоизга ошган. Атрофдагиларга ва ўзига зиён қилмаслик учун иссиқдан сақланиш бўйича айрим тавсияларга риоя қилиш фойда беради.

Аччиқ, иссиқ овқатлар ва сут

Ҳарорат кўтарилганда одатда кўп миқдорда суюқлик ичиш тавсия этилади. Агар ҳаво дим иссиқ бўлса, иссиқ сувни камроқ ичган маъқул. Таркибида алкоголи бор маҳсулотларни эса бутунлай унутиш фойдадан холи бўлмайди. Унинг ўрнига таркибида суви кўп мева сабазавотлар: қовун, тарвуз, бодринг кабиларни рациондан айирмаган маъқул. Аччиқ ва иссиқ овқатлар яхши терлатиши ҳисобига салқинлашга ёрдам беради.

Тиббиёт мутахассислари яқин 10 йилдан бери кунига 6-8 стакан ёки 2-3 литр сув ичиш кераклигини таъкидлаб келишади. Лекин иссиқда салқинликни ушлаб туриш учун янада кўпроқ суюқликка эҳтиёж сезилади. Шундай вазиятда сут сувдан яхшироқ бўлиши мумкин. Чунки унинг таркибида туз ва шакар бўлиб, бу ортиқча терлаш орқали йўқотилган моддаларнинг ўрнини босади. Бироқ унутманг, сувни ҳам ҳаддан ташқари кўп ичиш сувдан заҳарланишга олиб келади.

Иссиқ соатларда кўчага чиқмаслик

Соат 11:00-15:00 оралиғида кўчага чиқмасдан уй ичида қолиш ёки ҳеч бўлмаганда сояли жой топишга ҳаракат қилиш керак. Чунки куннинг бу соатлари энг иссиқ вақт ҳисобланади.

Агар имконингиз етса, ҳовли ёки кўп қаватли уйингиз деворларига яшил ўсимликлар ўстиришни бошлашингиз мумкин. Яшил деворларга кўп мамлакатларда салқинликнинг энг яхши манбаси сифатида қаралади. 

Яна бир муҳим тавсия: шахсий машинада ҳаракатланаётган бўлсангиз, у ерда болаларни узоқ вақт қолдирмаган маъқул. Чунки машиналар жуда тез қизийди. Бундай иссиқда болаларнинг ҳарорати катталариникидан 3-5 баробар тезроқ кўтарилади. Шунинг учун машина болалар учун хавфли жой бўлиши мумкин. Статистикага кўра, АҚШда охирги 25 йилда 900 нафар бола иссиқда машинада қолдириб кетилганидан вафот этган.

Кенг кийимлар ва қуёш кремлари

Кенг кийимлар кийиш танада ҳаво айланишига жуда яхши ёрдам беради ва бу иссиқда терининг салқин қолишини таъминлайди. Шунинг учун ёзда ортиқча тугма, темир-терсаклардан холи бўлган кийимларни кийиш, кўчага чиққанда шляпани унутмаслик, қуёш кремларини суриб юриш тавсия этилади. Булар имкон қадар тери ракини камайтиради.

Шунингдек салқин душ қабул қилиш ҳам танани совитади.

Нам мато ва сув тўлдирилган идиш

Салқин кириши учун деразани очиш доим ҳам фойда бермайди. Агар ташқаридаги ҳаво ичкаридан иссиқ бўлса, деразани очиш орқали бор салқин ҳавони ҳам ташқарига чиқариб юбориш мумкин. Бунинг ўрнига хона пардаларини тушириб, қуёшдан уйни ҳимоялаш тавсия этилади.

Қадимги одамлар хонанинг қуёш тушадиган жойи ёки дераза токчаларига идишларда сув ёки ҳўл матолар ташлаб қўйишган. Бу хонада ҳаво айланганда намликни таъминлаб турган. Ҳозирги кунда вентилятор ёнига муз тўлдирилган идиш ёки нам чойшаб ташлаб қўйиш ҳам салқин ҳавони ҳайдашга ёрдам беради. Вентиляторлардан фойдаланганда уй ичидаги ҳароратга диққат қилган маъқул. Чунки 35 даражадан юқори иссиқда парраклар ҳавони ҳайдаб, намликнинг камайиб, қуруқлашувга сабаб бўлиши мумкин.

Иссиқда ухлаш

Барча тирик жонзотларнинг нормал уйқуси учун ҳарорат жуда муҳим рол ўйнайди. Тадқиқотчилар инсон учун идеал хона ҳарорати 19-21 даражада, тана ҳарорати эса 31-35 оралиғида бўлиши кераклигини айтиб келишади.

Уйқу вақти яқинлашганда инсоннинг юрак уриши билан бирга тана ҳарорати ҳам пасайишни бошлайди ва бу ухлашни тезлаштиради. Қўл оёқ томирлари бўшашиб, қон айланиши яхшиланади ва бу иссиқлик йўқотилишига сабаб бўлади. Иссиқ кунларда эса тери тез совимайди, яъни уйқуга кетиш қобилияти пасаяди. Натижада уйқу бузилиб, бедорлик бошланади. Бундай пайтда танага ёрдам бериш учун тўшак ва кечки кийим матоларига эътиборли бўлиш муҳим.

Кўпчилик, исиб кетганда кўпроқ ҳаво олиш учун чойшабини ирғитиб қўя қолади. Лекин бу сиз ўйлаганчалик тана совишига ёрдам бермайди, чунки чойшаб тун давомида тери ҳароратини назорат қилиб туради. Чойшабдан батамом воз кечгандан кўра, чойшаблик учун жуда юпқа матодан фойдаланган маъқул. Шунингдек, тепада ёки шифтда осилган вентилятор ҳам ҳавони танага тақсимлашга ёрдам беради ва бу тунда камроқ уйғонишни таъминлайди.

Тунги уйқуни яхшилаш учун яна бир муҳим тавсия: тунги газаклар ҳақида унутиш керак. Сабаби улар танани иситиб юборади, бу шундоқ ҳам иссиқдан азият чекаётгани учун ухлолмаётган танангизга қўшимча юк бўлади.

Мавзуга оид