Жаҳон | 19:02 / 01.08.2023
24258
12 дақиқада ўқилади

Совет тузумининг энг қонли даври: «Катта террор»да қанча одам отиб ташланганди?

Бундан 86 йил аввал, 1937 йил 30 июл куни СССРда оммавий ҳибсга олишлар бошланиб кетади. Тарихда «Катта террор» номи билан аталган бу иш доирасида қисқа кунлар ичида мамлакат бўйлаб миллионлаб одам ҳибсга олинади. Уларнинг қарийб ярми отиб ташланди, қолганлари узоқ муддатларга қамалди.

Фото: KUN.UZ

Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Чунки бу давлат иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, ёвуз бошқарув туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган.

Қатағонларнинг асосий қисми мамлакатни 31 йил бошқарган Иосиф Сталин даврида содир этилган. Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган эди.

Сталин давридаги энг йирик қатағон 1937 йил 31 июлдан 1938 йил ноябр ойигача ўтказилган ва шу даврда қарийб 2 млн одам ҳибсга олинган. Уларнинг қарийб ярми ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қолганлари узоқ йилларга қамалиб, ГУЛаг қамоқхона лагерларида ўлиб кетган. Тарихда советларнинг бу қатағони «Катта террор» деб номланади.

«Катта террор»нинг асосчиси ва ижрочиси бўлган Николай Ежов Сталин билан бирга

Қатағон ҳақидаги қарор ва «Тройка»

1937 йил 30 июл куни СССР Ички ишлар халқ комиссари Николай Ежов (НКВД раҳбари) «Собиқ қулоқ қилинганлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш операцияси ҳақида»ги № 00447-сонли буйруқни имзолайди.

Ўша куннинг ўзида буйруқни СССР Компартияси марказий қўмитаси тасдиқлаб беради. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб барча иттифоқдош республикаларда, областларда ва районларда ички ишлар халқ комиссари, прокурор ва партия марказий қўмитасининг биринчи котибидан иборат «махсус учлик» (Тройка)лар тузила бошланади.

«Тройка»ларнинг асосий иши ҳибсга олинадиган одамларнинг рўйхатини шакллантириш, уларга судсиз ҳукм ўқиш бўлган. Москвада НКВД қошида ташкил этилган «Тройка»ни эса фақат Ежовнинг ўзи бошқарган.

Ўзбекистонда биринчи «Тройка» таркиби республика прокурори Борис Шейдлин, ички ишлар халқ комиссари Николай Загвоздин ва Ўзбекистон ССР компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби Акмал Икромовдан иборат бўлган.

Ўзбекистондаги дастлабки қатағонлар юқоридаги уч шахс тасдиқлаб берган рўйхат асосида бошланган. Ҳибсга олинганларга чиқарилган қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши ҳақидаги ҳукмларнинг аксарияти ҳам улар томонидан имзоланган.

1938 йилда «Тройка» таркиби ўзгаради. Николай Загвоздин ҳибсга олиниб отиб ташлангач унинг ўрнини янги ички ишлар халқ комиссари Дереник Апресян эгаллайди. Бироқ у ҳам бир неча ойдан сўнг ҳибсга олинади ва «Тройка»нинг ҳукми билан ўлим жазоси берилади.

Шунингдек, Акмал Икромов ҳам «Катта террор» бошлангандан сўнг бироз ўтиб 1937 йил сентябрда ҳибсга олинади ва отиб ташланади. «Тройка»да унинг ўрнини Усмон Юсупов эгаллайди.

Бу орада Ўзбекистондаги «Тройка»да жуда қисқа муддат республика компартияси марказий қўмитаси иккинчи котиби Содиқжон Болтабоев ҳам ишлайди. У ҳам 1937 йилда қамоққа олиниб, 1938 йилда отиб ташланади.

Усмон Юсупов ва Лазар Каганович (СССР сиёсий бюроси аъзоси, Марказий Осиёни асосан шу одам назорат қилган)

Ҳибсга олишлар ва «Катта террор»

«Тройка»лар тузилгандан сўнг 1937 йил июл ойидан бошлаб СССР бўйлаб оммавий тарзда ҳибсга олишлар бошланиб кетади. Биринчи навбатда «ўтмиши шубҳали» топилган шахслар қамоққа олинади.

Кейин Октябр тўнтаришидан сўнг болшевиклар партиясига қарши чиққанлар, Чор Россиясининг собиқ ҳарбийлари, давлат Думасининг собиқ депутатлари, адиблар, мусиқачилар, рассомлар, руҳонийлар қамалади.

Ҳибсга олинганлар орасида турли олимлар, жумладан таниқли врачлар, астрономлар, биологлар, шарқшунослар, геологлар, тарихчилар, муҳандислар, архитекторлар, конструкторлар ва бошқа соҳада кўзга кўринган таниқли олимлар бор эди.

Шунингдек, қатағондан ҳарбийлар ҳам четда қолмайди ва кўплаб юқори лавозимли зобитлар ҳибсга олинади. Улар орасида октябр тўнтаришидан кейин болшевиклар ҳукуматини мустаҳкамлаш учун жанг қилган машҳур қўмондонлар, маршал Семён Будённий, маршал Михаил Тухачевский, маршал Блюхер ҳам бўлган.

«Катта террор» 1937 йил июл ойида бошланади ва 1938 йил ноябргача бир ярим йил давом этади. Шу вақт оралиғида қарийб 2 миллион одам ҳибсга олинади. Уларнинг ярмига ўлим жазоси берилган ва отиб ташланган. Қолганлари узоқ йилларга қамалади.

«Катта террор»нинг бош ташаббускори ва ижрочиси ички ишлар халқ комиссари (НКВД раҳбари) Николай Ежов эди. Қонхўрлик ва ваҳшийликда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган Ежов бу вазифага 1936 йил сентябрда тайинланганди.

Аслида СССРда қама-қамалар Ежовдан олдин НКВДни бошқарган Генрих Ягода даврида ҳам бўлаётганди. Бироқ қонсираган бу ташкилотга Ежов раҳбар бўлгач СССР бўйлаб Ягода даврида бошланган қатағонлар авжига чиқади.

Николай Ежов

Миллионлаб инсонлар давлатга хиёнатда айбланиб, халқ душмани сифатида жазоланади. Уларнинг бир қисми ГУЛаг қамоқхона лагерларига жўнатилган бўлса, бошқалари отиб ташланади.

Маълумотларга кўра, ўша пайтда Ежов Сталинга ҳибсга олишлар ва жазолашларга рухсат олиш ҳақида 15 000 та мурожаат, доклад ва сўровнома олиб кирган.

«Катта террор»да қанча одам қатағон қилинган?

1953 йил март ойида Сталин вафот этгач СССР марказий қўмитаси котиби Петр Поспелов бошчилигида махсус комиссия ташкил этилади. Комиссия Сталин даврида қатағонга учраган кишиларнинг ишларини кўриб чиқа бошлайди.

Комиссия хулосасига кўра, 1937-1938 йилларда «Катта террор» вақтида 1 млн 548 минг одам ҳибсга олинган. Улардан 681 минг 692 нафарига ўлим жазоси берилган ва улар отиб ташланган.

Тарихчи Виктор Земсков маълумотларига кўра, 1937-1938 йилларда (тарихчи шу даврни Сталин қатағонлари ўтказилган қонли даври деб ҳисоблайди) 1 млн 345 минг одам ҳибсга олинган. Улардан 681 минг 692 нафарига ўлим жазоси берилган.

Тарихчи Вадим Роговин 1937 йилнинг иккинчи ярмида (Катта террор бошлангандан сўнг) 353 минг, 1938 йил ноябргача яна 328 минг 618 одам отиб ташланганини келтиради.

Агар 1937 йилнинг иккинчи ярмида ўлим жазосига ҳукм қилганларни ойларга бўлиб чиқилса ўшанда советлар ҳар ойда мамлакат бўйлаб 70 минг нафардан одамларни отиб ташлагани аёнлашади.

Совет архивларида (ҳозир бу архив ФСБ назоратида) сақланаётган ҳужжатларда ҳибсга олинган ва отиб ташланган одамларнинг сони анча камайтириб кўрсатилгани айтилади.

ГУЛаг маҳбуслари

Жумладан, ҳужжатлардан бирида 1937 йил 1 ноябрдан 1938 йил 1 ноябргача 767 минг 397 нафар одам қатағон қилингани, улардан 386 минг 798 киши отиб ташлангани келтирилган.

Шунингдек, СССР прокуратураси маълумотларида ҳам қатағон қилинганлар ва ўлим жазоси берилганлар камайтириб кўрсатилган.

Сталин вафотидан сўнг, 1953 йилда СССР бош прокурори лавозимини эгаллаган Роман Руденконинг маълумотларига кўра, 1921 йилдан 1953 йил Сталин вафотигача давлат сиёсий бошқармаси коллегияси ва НКВД «Тройка»си томонидан совет иттифоқида аксилинқилоб фаолиятда айбланиб, жами 3 млн 777 минг одам жазоланган. Бироқ тарихчилар бу миқдор бир неча баравар кўплигини айтишади.

Айрим тарихчилар «Катта террор»ни 1936 йил августдан бошланган ҳам дейишади. Ўша пайтда НКВДга Генрих Ягода бошчилик қилар ва турли одамлар қамалаётган эди. Бироқ 1937 йил 30 июл куни Ежов томонидан имзоланган қарордан сўнг ҳибсга олишлар кескин ошади.

Текин ишчи

«Катта террор» даврида миллионлаб инсонлар ҳибсга олинар экан, уларнинг бир қисмига ўлим жазоси берилган бўлса, бошқалари узоқ муддатга қамалади.

Қамалганларнинг барчаси ГУЛаг қамоқхона лагерларига жўнатилади ва у ерда маҳкумлар текин ишчи вазифасини бажаришади.

ГУЛаг қамоқхона лагерида меҳнат қилаётган маҳкумлар

1938 йилда маҳбусларни муддатидан олдин озод қилиш тартиблари ҳақида гапира туриб шахсан Сталиннинг ўзи уларнинг ишчи сифатида мамлакат иқтисодиёти учун қанчалик муҳим эканини айтган эди:

«Маҳбуслар қамоқхонада ўзини яхши тутганига алданиб қолмаслик керак. У ерда улар тартиб билан яшайди. Озодликка чиққач яна жиноят йўлига киради. Шундай экан, муддатидан олдин чиқадиганларни ҳам ишлаётган жойида олиб қолиш чораларини кўриш керак. Ана шунда улар ҳар доим назоратда бўлади».

Сталиннинг бу гапидан сўнг озодликка чиқиши керак бўлган маҳбусларга ички тартибни бузиш билан айб қўйилиб, қамоқ муддати узайтирилаверади. Оқибатда текин ишчи сифатида ишлаётган маҳбусларнинг бир қисми вафот этганча қамоқхона лагерларида қолиб кетаверади.

«Катта террор» бошланишидан бир йил аввал, 1936 йилда НКВД қошида бир қанча қурилиш бошқармалари ташкил этилади. Жумладан:

  • Муҳандислик-қурилиш бўлими;
  • Алоҳида қурилиш бошқармаси;
  • Автомобил йўлларини қуриш бошқармаси;
  • Тоғ-металлургия корхоналарини қуриш бошқармаси;
  • «Бошгидроқурилиш»;
  • «Бошсаноатқурилиш»;
  • «Дальстрой» (шимоли-шарқий ҳудудлар қурилиш бошқармаси);

НКВД маҳбуслар орасидан турли касб эгаларини алоҳида ажратиб олиб, уларни ўз мутахассислиги бўйича ишлатади. Қўлида ҳунари бўлмаганларни (айниқса зиёлиларни) энг оғир ишларга – кўмир ва турли рудаларни қазиш ишларига жалб қилади.

Аксарият қамоқхона лагерларида сиёсий маҳбуслар оддий жиноятчилар билан бирга сақланади. Оқибатда, оддий жиноятчилар сиёсий маҳбусларни камситиб, уларнинг кийимлари ва овқатларини тортиб олади.

ГУЛаг маҳкумлари оғир меҳнат жараёнида Фото: alamy.com

Бундан ташқари, лагер назоратчилари бўлган НКВДчилар ҳам оддий жиноятчиларга қараганда сиёсий маҳбусларга кўпроқ азоб беришади.

Аксарият қамоқхона лагерлари Сибирда ёки Узоқ Шарқнинг одам оёғи етмайдиган жойларида топилган конлар яқинида ташкил этилгани учун маҳбуслар ҳеч қаерга қочиб кета олмаган.

Совуқ ҳавода меҳнат қилишга мажбурланган ва оғир шароитга чидай олмай вафот этган маҳбуслар қамоқхона лагерлари атрофидаги оммавий қабристонларга ном-нишонсиз кўмиб юборилади.

«Катта террор» ташкилотчилари ва ижрочиларининг кейинги тақдирлари

Сталин тузуми шундай тузум эдики, ўзига садоқат билан хизмат қилган одамларни ҳам аямаган. Жумладан, «Катта террор» ташкилотчиларининг ва ижрочиларининг қарийб ҳаммаси Сталин даврида қатағонга учрайди.

Уларнинг бир қисми отиб ташланади. Бошқалари эса узоқ йилларга қамалиб, ГулАГ қамоқхона лагерларида оғир шароитга чидай олмай ўлиб кетади.

Жумладан, 1939 йилда «Катта террор» якунланиши арафасида НКВДнинг 7 372 нафар ходими ишдан бўшатилади. Бу ташкилот сафида ишлаётган ходимларнинг қарийб 23 фоизини ташкил этарди.

Ишдан бўшатилганларнинг 3 174 нафари раҳбар-ходимлар бўлишган. Кўп ўтмай уларнинг аксарияти отиб ташланади ва қамалади.

Бироқ манфур тузум «Катта террор» бош ташкилотчиси ва ижрочиси Николай Ежовга ҳам вафо қилмайди. 1938 йил августда ҳали «Катта террор» давом этаётган вақтда Лаврентий Берия НКВДда Ежовнинг биринчи ўринбосари ва давлат хавфсизлик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланади. Бу амалда барчасини Берия ўз қўлига олди дегани эди.

Сталин ва Лаврентий Берия

Орадан уч ой ўтгач тўсатдан Ежов НКВД раҳбарлигидан бўшатилади ва унинг ўрнига Лаврентий Берия тайинланади. 1939 йил апрелда Ежов ҳибсга олинади. Унинг қўлига кишанни шахсан Бериянинг ўзи тақади. 1940 йил февралда у отиб ташланади.

Ежов ҳибсга олингандан сўнг «Ежов иши» бўйича НКВДнинг кўплаб ходимлари ҳибсга олинади. Улар ҳам ўз раҳнамосидай отиб ташланади. Ўлим жазосидан қутулиб қолганлари узоқ муддатларга қамалади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид