Жаҳон | 08:17 / 16.08.2023
7969
3 дақиқада ўқилади

Коми Республикаси собиқ вазири чақирув қоғозини олгач, АҚШдан бошпана сўради

Коми Республикасининг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Денис Шаронов АҚШдан бошпана сўраб, юк машинаси ҳайдовчисига айланди, деб хабар берди RTVI журналистлари.

Денис Шаронов

Коми Республикасининг собиқ қишлоқ хўжалиги ва истеъмол бозори вазири Денис Шаронов 2022 йил октябр ойида чақирув қоғозини олгач, АҚШга жўнаб кетган ва у ерда сиёсий бошпана сўраган. Бу ҳақда 15 август, сешанба куни RTVI янгиликлар сайти хабар берди, унинг журналистлари «Новые американцы» YouTube-каналига жойланган видеода собиқ сиёсатчининг шахсини аниқлаб, Шаронов билан суҳбатлашган. 

«У Россияда вазир бўлган, АҚШда юк машинаси ҳайдовчисига айланди» сарлавҳали видеода собиқ вазирнинг исми айтилмаган, бироқ журналистлар юзни таниш хизматларидан фойдаланган ҳолда видеодаги шахс Шаронов эканини аниқлади. Собиқ амалдор кейинроқ RTVI телеканалига видеода ҳақиқатан ҳам ўзи эканини тасдиқлади. 

Шаронов Россияда икки марта жиноий таъқибга учраганини, бироқ ҳар икки сафар ҳам суд томонидан оқлангани ва реабилитация қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг январида минтақа раҳбари Владимир Уйба билан узоқ давом этган можаро туфайли Коми Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Шаронов кузда олган чақирув қоғозини ҳам аввалги иши билан боғлади. 

АҚШга эмиграция ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш 

«Россияда қолишим хавфсиз эмаслиги ҳақида сигналлар ола бошладим ва 2022 йил октябр ойида улар ҳарбий хизматга чақирув қоғозини топшириш учун келганида, қиладиган бошқа ишим қолмади. Аммо мен чақирув ёшига унчалик мос келмасдим. Бу мен ишлаган республикадан келган сигнал эканлигини тушундим. Бу - шунчаки норози одамлардан қутулишнинг бир усули. Олдинги иккитасида менга омад кулиб боқди. Қувғунларга дучор бўлдим, лекин бу сафар қаршилик қила олмаслигимни англадим. Ватанни тарк этишдан бошқа иложим йўқ эди», деди у. 

Ҳозир собиқ вазир АҚШда юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди ва сиёсий бошпана сўраган. «Мен ҳозир қилаётган ишим - юк ташувчилик доимий иш эмаслиги аниқ, аммо иш қаердадир бошланиши керак ва АҚШда юк машинаси ҳайдовчилиги энг кенг тарқалган касблардан биридир», - дея ўртоқлашди Шаронов ва келажакдаги тақдири қонунийлаштириш жараёни қандай ўтишига боғлиқлигини қўшимча қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид