Ўзбекистон | 07:32 / 16.08.2023
7329
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашдаги хатолар учун хусусий камера эгалари ўз ҳуқуқидан маҳрум қилинади

Дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик ҳолатлари бўйича “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилган маълумотлардаги хатоликларнинг умумий сони беш ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган тақдирда тадбиркорлик субъектининг объектга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи суд орқали бекор қилинади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва ишга тушириш муддати 60 кундан 180 кунга узайтирилади.

Дастурий-техник воситалар “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилингандан сўнг уларни ўн кун давомида синов тариқасида ишлатиш тизими йўлга қўйилади. 

Йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммаси тақсимланишида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзли давр 1 йилдан 2 йилга узайтирилади.

Тадбиркорлик аукцион савдосида ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги билдиришномани олган кундан бошлаб 90 кун ичида объектда дастурий-техник воситаларни ўрнатиш билан боғлиқ бирор-бир ҳаракат (қурилиш-монтаж ишлари)ни амалга оширмаса, келишув суд орқали бекор қилинади.

Дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик ҳолатлари бўйича “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилган маълумотлардаги хатоликларнинг умумий сони беш ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган тақдирда ҳам тадбиркорлик субъектининг объектга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи суд орқали бекор қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид