Путин–Эрдўған учрашуви: Украинадаги урушнинг охири кўринмаяпти
4 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Эрдўған ва Путин учрашуви дунё сиёсий ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлди. Лекин учрашувда кўзланган натижага эришилмади ва Россиянинг дон битимига қайтиши ҳозирча амалга ошмади. Kun.uz мухбири учрашувнинг муҳим нуқталари ҳақида сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовга юзланди.
— Туркия ва Россия президентларининг ўзаро учрашуви аввалига Истанбулда ўтиши айтилган эди, лекин давлат раҳбарлари Сочида учрашди. Бунинг сабаби нима?
Фарҳод Толипов: Сиёсатда майда икир-чикирлар ҳам рамзий маънога эга. Бу ўзгаришда ҳам қанақадир маъно бордир, деган тахмин қилиш мумкин. Фақат тахмин бўлади, чунки бу ҳақида аниқ баёнот ёки изоҳлар бўлмади. Россия билан бўладиган ҳар қандай жараённи хоҳлаймизми-йўқми, Украинадаги уруш билан боғлаймиз. Асосий контекст шунда. Хулосалар шунга қаратилади.
Менимча, учрашув Туркия президенти ташаббуси билан бўлди. Қўйилган масала ҳам Эрдўған воситачилик қилган дон битимига боғлиқ. Эрдўған масала ҳал бўлиши учун ўзи Россияга боришга тайёрлигини кўрсатгандир эҳтимол. Яна бир тахмин: Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан чиқарилган Путинни ҳибсга олиш ордеридир. Тўғри, Туркия бу суднинг қарорларини қабул қилиш бўйича ҳужжатни ратификация қилмаган. Лекин бошқалардан ажралиб, бемалол келаверинглар, бизда мажбурият йўқ, деса ҳам унчалик тўғри бўлмасди, балки. Туркиянинг халқаро имижига ҳам таъсир қиларди.
Камолиддин Раббимов: Назаримда, контекстни сайлов давридан бошлашимиз керак. Туркиядаги сайловлар пайтида рус пропагандаси ва Кремл тўлақонли Эрдўған тарафида бўлди. Яъни Қиличдор ўғли ҳокимият тепасига келса, Туркия тўлақонли ЕИ ва АҚШ томонига ўтиб кетиши, натижада Россия ва Туркия ўртасидаги келишувлар пучга чиқиши мумкин эди. Путин кўп қутбли дунё шакллантириш ва Вашингтон таъсирини пасайтиришда Эрдўғанни ўзига ҳамфикр деб билар эди.
Сайловдан кейин эса кутилмаганда Эрдўған Украина манфаатлари йўлида бир неча қадамлар ташлади. Бу ҳаракатлар Россия манфаатларига зид бўлди, албатта.
- Келишувга кўра, “Азов” зобитлари Туркияда ушлаб турилиши керак эди, аммо Украинага қайтарилди.
- Эрдўған Туркия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
- Бир йилдан бери Швециянинг НАТОга киришига вето қўйиб келаётган давлат Туркия эди ва энди ветони олиб ташлади.
Шу омиллар туфайли Туркия ва Россия ўртасида шу заҳоти совуқлик пайдо бўлди. Россия пропагандаси Туркия бизга хиёнат қилди, ортдан пичоқ урди, деган гаплар қилди. Аммо Путин ва унинг матбуот хизмати жараёнга муносабат билдирмади, шарҳламади.
Сайловдан олдин Путин ва Эрдўған учрашуви Истанбул ёки Анқарада бўлиши айтилди. Аммо сайловдан сўнг Россия ўз совуқлигини билдирди, яъни бу учрашувга бизда зарурат йўқ эди, демоқчи бўлди. Лекин Туркия дипломатияси имконият излади. Туркия Украина-Россия, Россия ва коллектив Ғарб ўртасидаги воситачилик мақомини йўқотиш ниятида эмас, лекин олдинги даражада ҳам эмас. Олдин Украина ва Россия ўртасида маълум бир мувозанат сақлаб келаётган эди.
Фарҳод ака айтгандек, учрашув жойи ўзгариши ҳақида фақат тахмин айтиш мумкин. Менимча, Путин аразлади. Бу тўғрисида ўзимнинг мақолаларимда ҳам ёздим. Чунки у Эрдўғандан Россия манфаатларига зид бундай катта қадамларни кутмаганди. Лекин икки томон бир-бирини яхши тушунади, тўлиқ ишонмаса-да. Улар ўртасида маълум бир мулоқот тизими шаклланган. Эрдўған ҳам совуққонлик билан Путин билан учрашишга имконият излади. Учрашувдан олдин Туркиянинг янги ташқи ишлар вазири Лавров билан анча сўзлашувлар олиб борди. Мана шу сўзлашувда маълум бир лойиҳалар тайёрланган эди, аммо Путин қўл қўймади.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.
Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Путин Россия Одессага даъво қилмаслиги шартини айтган – «Коммерсант»
Жаҳон | 22:26 / 19.03.2025
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Temu Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Ўзбекистон | 20:25 / 18.03.2025
Мавзуга оид

10:51
Европа Иттифоқи: Россия - Европа хавфсизлигига «асосий таҳдид»

09:33
БМТ Россияни Украинадаги инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда

08:51
Киев: Россия қуролли кучлари Украинага йирик ҳаво ҳужумини амалга оширмоқда

23:34 / 19.03.2025