Жаҳон | 21:45 / 08.09.2023
17105
3 дақиқада ўқилади

“Ереванда Россия билан иттифоқчиликка шубҳа пайдо бўлган” — РФ Арманистонни серияли нодўстона қадамларда айблади

РФ Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Арманистонга нисбатан бир қатор айбловлар қўйилган, арман элчиси чақирилиб, унга Москва Еревандан жиддий норози экани айтилган.

Фото: Россия Ташқи ишлар вазирлиги

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг Москвадаги элчиси Вагаршак Арутюнянни чақириб, унга “қаттиқ эътироз” билдирди. Вазирлик ахборотига кўра, элчининг чақиртирилишига Арманистон томонидан “охирги кунларда серияли тарзда нодўстона қадамлар ташлангани” сабаб бўлган.

Баёнотда айтилишича, бу қадамлар сериясига, жумладан, қуйидагилар киради:

  • Арманистонда Халқаро жиноят судининг Рим статутини ратификация қилиш жараёни бошлангани;
  • Арманистон бош вазири Анна Акопяннинг турмуш ўртоғи Киевга бориб, инсонпарварлик ёрдамини топшириб келгани;
  • Арманистон ҳудудида АҚШ иштирокида ҳарбий машғулотлар ўтказилиши.

Расмий Москванинг билдиришича, охирги вақтларда Арманистон расмий доиралари ва сиёсий элитасида Россия билан ҳам КХШТ доирасида, ҳам икки томонлама асосда иттифоқчилик алоқалари бўлишининг мақсадга мувофиқлигига нисбатан муайян шубҳа пайдо бўлган.

Шунингдек, Еревандагилар арман-озар муносабатларини нормаллаштириш бўйича 2020-2022 йилларда Арманистон, Озарбойжон ва Россия ўртасида уч томонлама тузилган келишувларга нисбатан ҳам шубҳа билдираётгани айтилади.

Баёнотда айтилишича, РФ ТИВ юқоридагилар учун арман элчисига “қаттиқ арз” билдирган. Шунингдек, элчига Арманистон парламенти спикери Ален Симонян томонидан РФ ТИВ расмий вакили Мария Захаровага нисбатан айтилган “ҳақоратли гаплар” юзасидан норозилик нотаси топширилган.

Бу воқеа Захарованинг Арманистон Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олгани ҳақидаги гапидан бошланган, Ален Симонян бу гапни абсурд деб аташи ортидан, Захарова уни қўполлашишда айблаганди. “Мен қандайдир идоранинг қандайдир котибасига жавоб бермоқчи эмасман, бу менинг даражам эмас”, дея айбловга жавоб берганди Арманистон Миллий кенгаши раиси.

Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, Озарбойжон Арманистон билан чегара яқинига ҳарбий кучлар олиб келиши фонида, Арманистон бош вазири Никол Пашинян жаҳон ҳамжамиятидан “янги портлаш”нинг олдини олишни сўради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид