Ўзбекистон | 21:15 / 09.09.2023
25066
9 дақиқада ўқилади

Икки ёшли қурбон охиргиси эмас: шаҳар кўчаларидаги қудуқлар қопқоқлари нега йўқолади?

Республикамизнинг турли шаҳар кўчаларида оғзи очиқ қолган қудуқларни кўплаб учратиш мумкин. Бунинг оқибатида юз берган кўнгилсизликлар ҳам оз эмас. Ҳатто ўлим ҳолатлари учраб турибди. Хўш, қудуқлар усти нега очиқ қолади, уларнинг қопқоғи кимга керак? Kun.uz мухбири шу саволларга жавоб излади.

Зангиота туманида 2023 йил 29 август куни йўқолган 2 ёшли бола кечга яқин қопқоғи йўқ қудуқдан ўлик ҳолда топилди. Маълум бўлишича бола ўйнаб кўчага чиққан ва қудуққа тушиб кетган. Умуман, Ўзбекистондаги турли шаҳарларда юрганда, тез-тез кўчаларда усти очиқ қудуқларга кўз тушади. Қудуқлар қурилаётганда барчасининг усти қопқоқ билан ёпилади. Хўш, кейин нега уларнинг усти очилиб қолади? Олиб юриш қийин бўлган қопқоқлар нега ва қаерга йўқолади?

Бу саволга жавоб топиш қийинмас, қудуқларнинг қопқоқларини ўғирлаб кетишади. Масалан, Гулистон шаҳар ИИБнинг хабар беришича, яқинда ушбу шаҳар ҳудудида ичимлик ва оқова сувлари кузатув қудуқларига ўрнатилган қопқоқларни ўғирлаш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинган.

Боёвут туманида яшовчи уч нафар шахс 2023 йил июн-август ойларида Гулистон шаҳридаги тўртта маҳалладан “Сирдарё сув таъминоти” МЧЖга қарашли ичимлик ва оқова сувлари кузатув қудуқларига ўрнатилган 86 дона қопқоқни ўғирлаган.

Сўнг қопқоқларнинг ҳар бирини 480 минг сўмдан, жами 41 млн 280 минг сўмга сотиб юборган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатган. 

Ушбу шахслар Гулистондан ўғирланган 60 дона темир қопқоқни Мирзаобод тумани Тошкент маҳалласи ҳудудида жойлашган темир бозорига олиб бориб, фуқаро О.Н.га сотган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2022 йилда шаҳар ҳудудидан жами 200 га яқин қопқоқ йўқолган.

Жумладан, “Қашқадарё сув таъминот” МЧЖ Қарши шаҳри бўлими томонидан хатлов қилинганда шаҳардаги 107 та ичимлик ва оқова сув кузатув қудуқларининг қопқоқлари йўқолгани (номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани) аниқланган.

Шунингдек, “Қаршишаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ва “Ўзтелеком” Қарши шаҳри филиалига тегишли бўлган 80 га яқин қудуқларнинг қопқоқлари йўқолган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига кўра эса 2022 йилда шаҳарда турли ташкилотларга тегишли бўлган 200 га яқин қопқоқ йўқолган.

Маълум бўлишича, ўғрилар ҳатто кузатув камералари бор жойлардаги қудуқларнинг қопқоқларини ўғирламоқда. Бунда улар давлат рақами ечиб олинган машиналардан фойдаланади ва қопқоқни олаётганда юзларига ниқоб тақиб олади.

Нега қопқоқлар тез-тез йўқолади?

Бунга асосан масъул ташкилотларнинг ҳолатга панжа орасидан қарашлари сабаб бўлмоқда. Яъни улар учун қопқоқ ўғирлаш жиддий жиноят ҳисобланмайди ва бу учун жиноят иши қўзғатиб, омманинг эътиборини тортиш шарт эмас деб ҳисоблашади.

Шу сабабли ҳам аксарият ҳолларда қопқоқ ўғрилари топилмайди ёки юқорида ёзилган сабабларга кўра қопқоққа эгалик қилувчи ташкилотлар уларни топиш учун ИИБга мурожаат ҳам қилмайди.

Буни исм-шарифи сир қолишини сўраган мутасадди ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, қопқоқларни олиб кетган одамлар топилганда ҳам иш жиноят иши қўзғатилишгача олиб борилмайди. 

Ўғри қопқоқни қайтаради, ёки кимга олиб бориб сотганини айтади ва қопқоқнинг эгаси бўлган ташкилот даъвосидан воз кечади. Оқибатда, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолади. Жазоланмаган ўғри эса катта эҳтимол билан эртаси куни бошқа қопқоқни ўғирлашда давом этади.

Қопқоқ ўғриларини топиш ва уларга қонуний жазо берилмаслиги мутасадди ташкилотларнинг панжа орасидан қарашларига яна бир мисол.

Яқинда ҳамкасбларимдан бири Самарқанд шаҳридаги металл маҳсулотлари сотиладиган темир бозорга борган. Бозор оралаб юрганида унга номаълум шахс «Ака, сотиладиган қопқоқ борми?» деб сўраган.

Ҳамкасбимнинг тахминича ундан сотиладиган қопқоқ сўраган шахс темир бозорда савдо қиладиган тадбиркорлардан бири бўлган. Ҳамкасбимга кўра, бозорда сотиладиган қопқоқлар кўринмайди, яъни очиқ сотилмайди.

У бозорни айланиб бўлгач чиқиб кетишдан аввал, сотувчилардан бирига «Колодец қопқоғи керак эди, қидириб юрибман», дебди. Шунда сотувчи, «Ундай нарсаларни бозорга очиқ қўйиб сотиб бўлмайди, ўзингиз тушунасиз-ку. Сизга нечта керак, юринг кўрсатаман» деб дўконига бошлабди.

Ҳамкасбим унинг ортидан бормай, қопқоқларнинг нархини сўрагандай бўлибди ва қиммат экан деб у ердан узоқлашибди. Кўринадики, ўғирланган қопқоқлар темир бозорларда яширинча сотилади.

Буни юқорида келтирганим, Гулистондан ўғирланган қопқоқларнинг асосий қисмини Мирзаобод туманида жойлашган темир бозорига олиб бориб сотишгани ҳам исботлаб турибди.

Қолаверса, Самарқанддаги темир бозорида қопқоқлар яширинча сотиляптими, демак «бир балоси» бор.

Демак, ҳамма гап қопқоқни йўқотаётган ва уни қидириб топиши лозим бўлган ташкилотларда. Агар қопқоқ йўқолганда унинг эгаси бўлган ташкилот дарҳол ИИБга хабар берса ва улар яширинча қопқоқ сотиб олувчилар ҳамда сотувчиларга чора кўришса, уларни ўғирлашга ҳеч ким журъат қила олмасди деб ўйлайман.

Очиқ қолган қудуқ туфайли содир бўлган фожиа

Мақола ёзилаётганда ижтимоий тармоқларда усти очиқ қолган қудуқ туфайли содир бўлган фожиа – 2021 йилда туғилган болакайнинг ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалди.

2023 йил 29 август куни Зангиота тумани «Қаҳрамон» МФЙда қарийб икки ёшга етган ўғил бола йўқолди. Тез орада бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабарлар берилди.

Ҳамма болани қидиришга тушди, бироқ у ҳеч қаерда йўқ эди. Кечга яқин боланинг жасади қопқоғи йўқ қудуқдан топилади. Маълум бўлишича, бола ўйнаб кўчага чиққан ва усти очиқ қолган қудуққа тушиб кетган.

Афсуски, Зангиотада содир бўлган ҳодиса қудуқларнинг усти очиқ қолаётгани ортидан келиб чиққан биринчи фожиа эмас. Мамлакатнинг бошқа бурчакларида очиқ қудуқларнинг қопқоғи йўқлиги учун бошқа кўнгилсизликлар ва фожиалар юз бераётган бўлиши мумкин.

Шахсан ўзим ҳам қоронғида усти очиқ қолган қудуққа тушиб кетиб, оқибатда, қўл-оёғини синдириб олган ёки ногирон бўлиб қолган одамлар ҳақида эшитганман.

Ёки очиқ қолган қудуққа машиналарнинг баллони тушиб кетиб, оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани, машина шикастланиб, одамлар жароҳатлангани гувоҳи бўлганман.

Шундан келиб чиқилса, қопқоқ ўғирлаш билан шуғулланадиган шахсларга қарши жиддий курашиш керак. Бироқ юқорида ёзганимдек, айрим ҳолатларни айтмаганда бизда ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб кетяпти.

Нима қилмоқ керак?

Ҳозир вазият шундайки, қайсидир шаҳарда овлоқ кўчадаги қопқоқ ўғирланади ва бозордаги темирфурушга сотилади. Уни йўқотган ташкилот биргина қопқоқ учун ИИБга мурожаат қилиб юрмайди ва айнан ўша темирфурушдан ўзи йўқотган қопқоқни сотиб олиб, жойига қўяди.

«Мазахўрак» бўлган ўғри эртаси куни ўша қопқоқни яна ўғирлайди ва олиб бориб темир бозорда сотади. Йўқотган ташкилот уни яна сотиб олиб ўрнига қўяди ва бу жараён кети узилмайдиган занжирдай давом этаверади.

Қопқоқ ўғриларининг қидирилмаслиги, уларни топиб, қонуний чора кўрилмаслигида ИИБ ходимларини ҳам айблаб бўлмайди. Чунки аксарият ҳолларда қудуқларга эгалик қилаётган ташкилотлар “арзимаган битта қопқоқ” учун ИИБга мурожаат қилиб юрмайди.

Бироқ ана шу «арзимаган битта қопқоқ» йўқолгани туфайли одам ўлиб кетиши мумкин.

Ёки ЙТҲ юз бериб машиналар шикастланиши, одамлар жароҳатланиши ҳам мумкин. Қолаверса, йўқолган қопқоқ топилмаса, унинг ўрнига бюджет маблағи сарфланиб, янгиси сотиб олинади.

Турли шаҳарлардаги қудуқларга кимлар эгалик қилади, шу саволга жавоб берсак. Қудуқларнинг баъзиларига ҳудудлардаги сув таъминоти корхоналари, «Сувоқова» ташкилоти, бошқаларига «Ўзтелеком»нинг жойлардаги филиаллари эгалик қилади.

Биринчи навбатда қудуқ қопқоғи йўқолганида дарҳол ИИБга мурожаат қилиниши керак. Кейин эса ҳудудлардаги ИИБ темир бозорларда рейд ўтказиши ва яширинча сотилаётган қопқоқларни топиб, уларни ким олиб келаётгани билан шуғулланиши ва айбдорларга қонуний чора кўриши шарт.

Шунингдек, темир бозорлардаги барча сотувчилар жиддий огоҳлантирилиши, агар яширинча ўғирланган қопқоқни сотиб олса жиддий жазоланиши керак.

Бундан ташқари, маҳаллаларда металлолом йиғиб сотиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор шахслар (ҳозир бунақалар ҳам жуда кўпайган) жиддий назорат қилиниши лозим.

Қопқоқ ўғирлайдиган шахслар уларни ҳеч кимга сотолмаса, шу ишни йиғиштиради. Акс ҳолда Зангиотадагига ўхшаб, очиқ қолган қудуқлар туфайли фожиалар содир бўлишда давом этаверади.

Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид