Ўзбекистон | 15:51 / 14.09.2023
7294
8 дақиқада ўқилади

E-TIR тизими, ҳайдовчилар ҳуқуқлари ва Афғонистон орқали юк ташиш — Божхона қўмитаси вакили билан суҳбат

Ҳозирги кунда халқаро юк ташувлар соҳасида чегара божхона постлари электронлаштирилган ҳолда фаолият юритмоқда. Шунга қарамай, жойларда юк машиналарининг навбатларда қолиб кетиши ҳолатлари учраб турибди. Божхона қўмитаси ходими Элёр Ҳакимовнинг айтишича, бу муаммони ҳал этишда қўшни давлатлар божхона постларининг ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

13 сентябр куни Тошкентда халқаро автомобил транспорти конференцияси бўлиб ўтди. Унда 11 та халқаро ташкилот, 29 та мамлакатдан 93 нафар делегация вакиллари иштирок этиб, халқаро юк ташувларида юзага келаётган муаммолар, логистика масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбирда маҳсулотлар ташувида божхонадан ўтиш, бу жараённинг E-TIR электрон тизими орқали рақамлаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Элёр Ҳакимовнинг айтишича, E-TIR тизими Ўзбекистон товарларининг хорижий бозорларга чиқишига бўлган вақт сарфи, харажатларни қисқартиради.

“Бу тизим юкларни халқаро ташишда чегаралардан ўтишда қўшимча ҳужжатларни, қўшимча пулли таъминоти, қўшимча божхона кўриги жараёнларидан озод қилади. Шунинг учун бунинг йўлга қўйилиши тадбиркорлар ҳамда транспорт бозори учун аҳамиятли.

Аммо бу тизимда ҳам муаммолар бор. Биринчиси унинг қоғоз ҳужжатларига боғланиб қолгани. Лекин 2 йил олдин, 2021 йилда Женева конвенцияси маъмурий қўмитасида ҳужжатнинг 11-иловаси қўшилиб, имзоланган. Унга кўра, E-TIR электрон тизими юридик асосга эга сифатида амалиётда кучга кирди. Бугунги кунда қўмитага аъзо мамлакатлар E-TIRʼга ўтказиш бўйича ишларни олиб бормоқда.

Шуни айтиш лозимки, дунёда биринчи бўлиб E-TIR платформасига ўтган мамлакат Ўзбекистон ҳамда Озарбoйжон ҳисобланади. Ўтган йили декабрь ойидан бошлаб шу тизим асосида ишланиши бошланди. Шу йилнинг сўнгигача Марказий Осиё давлатлари ҳам шу тизимга уланади ва электрон транзит E-TIR операцияларини амалга оширишга имконият яратилади”, – деди Элёр Ҳакимов.

Халқаро юкларни божхонадан олиб ўтиш жараёни ҳали тўлақонли равишда электронлаштирилгани йўқ. Элёр Ҳакимовнинг айтишича, бунга транзит мамлакатларнинг божхона тизими рақамлаштирилмагани сабаб бўлмоқда.

“Мисол учун, Ўзбекистондан Европага ташқи юк алмашинуви ташкил этилса, ташув амалга оширилган барча транзит мамлакатларида шу тизимлар интеграция қилиниши керак. Бугунги кунда Ўзбекистон божхона қўмитасида E-PERMITʼнинг ҳам, E-TIRʼнинг ҳам тўлиқ интеграцияси амалга оширилган. Транспорт операцияларини амалга ошириш учун бошқа мамлакатларда ҳам шу интеграция жараёнларини амалга ошириш керак. Шунинг учун бу бир йиллик иш эмас, жуда катта куч ва харажатлар жалб қилиниши керак бўлади.

Ўйлаймизки, ўрта коридорнинг активизациясига қараб турибмиз, агар шу йўналишда иш давом этаверса, йил сўнгигача Марказий Осиё мамлакатларида бу механизмларни жорий этишга эришамиз”, – дейди у.

Божхона постларидаги тирбандлик

Ҳакимов чегара божхона постларида юзага келаётган тирбандлик муаммоси қандай ҳал қилиниши, бу борада қандай ечимлар таклиф қилинаётгани юзасидан берилган саволга ҳам жавоб берди.

Унинг таъкидлашича, халқаро юк ташувлар масаласи бошқа мамлакатлар билан боғлангани учун ҳам навбатларда қолиб кетиш фақат Ўзбекистонга алоқадор муаммо эмас.

“Ўзбекистон божхона қўмитаси томонидан чегаралардаги тирбандликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Тирбандликлар масаласи фақатгина Ўзбекистонга тааллуқли эмас, бу ерда кўрилиши керак бўлган кўп жиҳатлар бор. Чегара божхона постларида қўшни мамлакатларники ҳам ишлайди. Бу жараёнда уларнинг ҳамкорлиги жуда муҳим.

Охирги йилларда чегара божхона постларимизни реконструкция қиляпмиз. Мисол учун, “Яллама”, “Олот”, “Дўстлик” чегара божхона постлари тўлиқ реконструкция қилинган. Бу божхона постларининг ҳозирги қувватини 4-5 баробарга оширишга эришилди. Лекин фақат инфратузилмани яхшилаш, постларни кенгайтириш асосий вазифа эмас. Биласиз, божхона соҳаси ходимлари томонидан рақамлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Барча чегарадаги тизимларни олдиндан электрон тарзда амалга ошириш учун имкониятлар яратиляпти. Тўлиқ электрон тизимга ўтиш ташувчилар, тадбиркорлардан махсус билим, кўникма талаб қилади.

Бугунги кунда барча жараёнларни: декларация тақдим этиш, тўлов қилиш, рухсатнома ҳужжатларини олиш электронлаштирилмоқда. Бу эса чегарани кесиб ўтишда вақтни тежайди, ташувчига бўлган босимни камайтиради”, – деди Божхона қўмитаси вакили.

Юк ташувчиларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

Ташқи савдода юк ташиш жараёнида ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолати ҳам учраб туради. Божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Элёр Ҳакимовга кўра, иштирокчи томонларнинг кўп бўлиши сабаб бундай ҳолатлар айниқса автотранспорт ҳайдовчилари билан юзага келади.

“Фаолият давомида бу [ташувда жалб этилган] ташкилотлар халқаро нормаларга амал қилиши лозим. Бу йўналишда Женева конвенцияси мавжуд, яъни халқаро автомобил транспорт ташувлари конвенцияси қабул қилинган. Унга кўра, транспорт шартномаларини белгилаш борасида қўлланмалар берилган. Шунга мувофиқ, иш ҳақини ташувчига тўлаш, ташувчилар қандай вазифани бажариши белгиланган.

Айтиб ўтиш керак, баъзида контраген давлатлар билан ишланганда шундай муаммолар бўлиши аниқланади. Бу ҳолатларда биз конвенция талабларига амал қилинишини, муаммолар юзага келганда тегишли вазирлик, идораларга мурожаат қилишни тавсия бераман. Агар бундай вазиятлар мунтазам равишда давом этса, БМТ ёки бошқа халқаро органларга мурожаат қилиш керак. Чунки бунда халқаро ҳуқуқ нормаларига асосан ишланиши керак”, – деди у.

Ҳайдовчиларнинг Афғонистон орқали Покистондан юк ташиш жараёни қандай кетмоқда?

Ўтган йилнинг ёзигача “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” йўналишида юкларни фақат покистонлик ҳайдовчилар ташиётган эди. 2022 йил июнидан бошлаб илк марта бу маршрут бўйлаб ўзбеклар ҳам юкларни олиб ўтишни бошлади. Ўшанда Тошкентдан Карачига бориб мол олиб келган ватандош ҳайдовчилар Kun.uz'га берган интервюсида бу сафар машаққатли, бироз хавфли ўтгани ҳақида сўзлаб беришганди. Хўш, ҳозирда бу ташувлар қандай амалга оширилмоқда? Элёр Ҳакимов шу саволга ҳам жавоб берди.

“Бугунги кунда жануб йўналишида, яъни Афғонистон, Покистон йўналишида ташувлар ҳажми ортган. Бу коридор Ўзбекистон стратегик аҳамиятга эга бўлган йўналиш ҳисобланади.

Бунда айрим муаммолар ҳам мавжуд. Чунки бу коридорда ҳали кўп ташувлар амалга оширилмаган, Афғонистон йўналишидаги баъзи довонлар мавсумга қараб ёпилади, бу эса ташувчиларга бирмунча ортиқча харажатларни келтириб чиқаради.

Божхона органлари томонидан жавоб берсам, бугунги кунда чегара божхона постларидаги жараёнларни электронлаштирганимиздан ташқари, хавфни бошқариш тизимини жорий этганмиз. Қўлимиздан келганча, бу йўналишда юкларни ташишда ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз”, – деди божхона вакили.

Унинг қўшимча қилишича, йилнинг бошида бу йўналишда кунига ўртача 10-15 та автоташувлар амалга оширилган, ҳозирга келиб бу рақам 150-200 тага чиққан. Шу сабаб ҳам бу йўналиш актив фазага ўтказилган.

Мавзуга оид