Жаҳон | 13:19 / 17.09.2023
30442
15 дақиқада ўқилади

«Темир Белла» – Геленжикдаги ресторанлар хўжайини бўлган аёл нега ўлим жазосига ҳукм қилинганди?

1984 йил 20 апрелда Геленжик шаҳридаги умумий овқатланиш трести раҳбари 57 ёшли аёл ўлим жазосига ҳукм қилинади. У давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланади. Аёл ҳақиқатдан давлат пулларини ўзлаштирганди. Бироқ унга ўлим жазоси берилишини кўпроқ Москвадаги амалдорлар хоҳлашади. Чунки аёл уларга доимий равишда «хуфиёна хизматлар» кўрсатиб келганди.

Фото: Azur.ru

1982 йил кузда Краснодар ўлкасида жойлашган Геленжик шаҳри милициясига шаҳардаги ресторанлардан бирида тунда меҳмонларга уятли филмлар (порнография) қўйиб берилаётгани ҳақида хабар тушади.

Милиция ходимлари эртаси куни тунда айтилган манзилга бориб, ҳолатга ўзлари ҳам гувоҳ бўлишади. Ўша пайтларда СССРга япон видеомагнитофонлари кириб келган эди.

Милиция уятли филмларни намойиш этаётган гуруҳни ушлаб бўлимга олиб боради. Шунда гуруҳ аъзолари бу ишга «Темир Белла» рухсат берганини айтишади. «Темир Белла» Геленжик шаҳар умумий овқатланиш трести раҳбари Берта Бородкина эди.

Кўп ўтмай «Москвагача гапи ўтадиган» Берта Бородкина ҳибсга олинади ва 1983 йилда суд ҳукми билан ўлим жазосига ҳукм қилинади. Турли манбаларда аёлнинг жазоланиши турлича ёзилган.

Баъзилар у 1983 йил августда Новочеркасск шаҳридаги қамоқхонада отиб ўлдирилган деса, бошқаси ҳукм 1985 йилда ижро этилганини таъкидлайди.

СССРда Сталин давридан сўнг 1991 йилгача уч нафар аёлга олий ҳукм – ўлим жазоси берилган. Улардан бири Берта Бородкина эди.

Яна бири уруш пайтида немислар фойдасига сотқинлик қилиб, узоқ йиллар панада юрган Антонина Макарова, учинчиси бир нечта қотиллик содир этган Тамара Иванютина эди.

Бироқ Берта Бородкина на давлатга хиёнат қилган, на қотилллик. Шу сабабли аксарият ҳуқуқшунослар унга чиқарилган ҳукм ноҳақ бўлган деб ҳисоблашади.

Чунки, 1964 йилдан сўнг СССР жиноят кодексидан иқтисодий жиноятлар ва порахўрлик учун ўлим жазоси бериш бекор қилинган эди. Шу сабабли ҳам Бертанинг қатл этилишини кўпроқ Москвада ўтирган амалдорлар хоҳлашган деган тахмин ҳақиқатга яқинроқ.

Советлар доимий равишда ўз фуқароларига «СССР энг зўр ва энг фаровон давлат. Бу ерда жиноятчилик йўқ деб уқтиришган, тарғибот олиб борган. Аслида эса бундай эмасди.

Мамлакатда ўғирликлар, давлат мулкини талон-торож қилиш, қотилликлар авж олган, бироқ уларнинг аксарияти ҳақида оммага умуман хабар берилмасди.

Шу жумладан, Берта Бородкина билан содир бўлган иш ҳақида фақат тор доирада аёлнинг яқинлари ва унинг мижозлари бўлган амалдорлар билишади холос.

Аёл ҳақидаги барча маълумотлар, унинг ҳибсга олиниши, тергов ва суд, ўлим жазосига ҳукм қилиниши ҳақида омма 1991 йил СССР парчаланиб кетгач хабар топади.

Берта Бородкина ёшлигида

«Темир Белла» ҳақида

Берта 1927 йилда Украинанинг Белая Церков шаҳарчасида туғилганида унинг фамилияси Корол бўлган. У этикдўз яҳудий оиласида туғилган бўлса-да кейинчалик муаммоларга дуч келмаслик учун паспортида миллати рус деб ёзилганди.

Берта тўрт ойлигида унинг онаси вафот этади. Отаси эса иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлади ва ўсмир ёшда бўлган қиз етим қолади.

Берта Одесса шаҳридаги мактабда уруш бошлангунча 7 йил ўқийди. Қиз Одессада яшаб юрганида шаҳарни немислар босиб олади. Бертанинг шахсий анкетасида Одесса немислар қўл остида бўлганида нима билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бўлмаган.

Қиз уруш тугаганидан сўнг Краснодар ўлкасидаги Геленжик шаҳрига кўчиб келади ва 19 ёшидан (1946 йилдан) бошлаб ошхоналарда официантлик қила бошлайди. Шу даврда у Москвадаги савдо техникумида сиртдан ўқийди.

1961 йилда Берта Александр Бородкин исм-шарифли шахсга турмушга чиқади ва унинг фамилиясига ўтади. Исми ҳужжатларда Берта бўлса ҳам аёл барчадан ўзини Белла деб чақиришни талаб қилади.

Аёл Геленжикдаги турли ресторанларда 37 ёшигача официантлик қилади. Бу шаҳарда собиқ иттифоқ даврида ҳукуматга қарашли кўплаб санаториялар, дам олиш уйлари жойлашган бўлиб, Москвадаги амалдорларнинг аксарияти шу ерда дам оларди.

Ўтган йиллар мобайнида аёл Краснодар ўлкаси раҳбарларига, Москвадан дам олишга келувчи амалдорларга хизмат кўрсатади ва кўплаб танишлар орттиради.

Берта Бородкина турмуш ўртоғи билан

1964 йилда Берта амалдор танишлар ёрдамида «Геленжик» ресторанининг директори этиб тайинланади. 1966 йилда эса «Дўстлик» ошхонаси ва «Яхта» ресторани директори лавозимида ишлайди.

Орадан 10 йил ўтгач, 1974 йилда аёл (47 ёшида) РСФСР савдо вазирлигига бўйсунувчи Геленжик умумий овқатланиш трести раҳбари этиб тайинланади. Ўша пайтда бу трест таркибида 300 га яқин ресторан, ошхона ва буфетлар бор эди.

Берта бутун бошли ошхоналар трестини бошқарар экан, Москвадан келадиган амалдорларга хизмат кўрсатиш ишларига масъул эди. Пойтахтдан келадиган партия раҳнамоларининг кўнгли эса кўп нарсани тусарди. Берта эса уларни сўзсиз бажарарди.

Жумладан, «кўнгли нозик» мижозлар енгилтабиат қизлардан топиб беришни, тунда ресторанда уятли филмлар намойиш этишни сўраб қолишса, уларга йўқ деб жавоб бериб бўлмасди.

Шу билан бирга, юқори лавозимли мижозлар ҳам Бертани муносиб тақдирлашар, турли илтимослар бажарилгани учун унга совға-саломлар бериб туришарди.

Бундан ташқари, аёл қўл остидаги умумий овқатланиш муассасаларида тайёрланадиган овқатларнинг масаллиғидан урарди. Ресторан ва ошхоналарга директор ҳамда бош ошпаз тайинлашда пора олар, амалдорлар ана шу ишларга кўз юмишарди.

Қисқаси, аёл «сендан угина, мендан бугина» тарзида ишлар, «садоқатли хизматлари эвазига» амалдорлар унинг ноқонуний ишларига кўз юмарди.

Аёл ноқонуний тарзда жуда кўп миқдорда пул топса ҳам бошқалардан фарқли ўлароқ ўзини камтар тутмас, қимматбаҳо кийимлар ва тақинчоқларга бурканиб юрарди. Шунингдек, уйини ҳам шоҳона қилиб безатади. Ўша пайтда уни геленжикликлар «шахиня» деб аташади.

Геленжик шаҳрини бир томондан тоғлар, иккинчи томондан Қора денгиз сувлари ўраб туради. / Фото: Azur.ru

Аввалига барчаси яхши кетаётган эди. Бироқ 1982 йил кузда тўсатдан Берта Бородкинани ҳам ҳибсга олишади. Икки йил давом этган тергов ҳамда суд жараёнларидан сўнг унга ўлим жазосини беришади.

Аслида аёлнинг жинояти ўлим жазоси беришга лойиқ бўлмаган, қолаверса ёши ҳам 55 дан ошган эди. Бироқ кимлардир унинг олий жазога ҳукм қилинишини жуда ҳам хоҳларди.

Брежнев вафотидан сўнг СССРга Андропов раҳбар бўлгач турли тафтишлар бошланиб кетади. Краснодар ўлкаси раҳбарлари ҳамда доимий равишда Москвадан келиб Геленжикда дам олиб кетувчи бошқа амалдорларнинг «пайтавасига қурт тушади». Улар нима қилиб бўлса ҳам кўп сирларни билувчи Бертани йўқ қилишга қарор қилишади.

Ҳибс ва суриштирувлар

1982 йил кузда Геленжик шаҳри милициясига шаҳардаги ресторанлардан бирида тунда меҳмонларга уятли филмлар (порнография) қўйиб берилаётгани ҳақида хабар тушади.

Милиция ходимлари эртаси куни тунда айтилган манзилга бориб, ҳолатга ўзлари ҳам гувоҳ бўлишади ва уятли филмларни намойиш этаётган гуруҳни ушлаб бўлимга олиб боришади.

Бўлимда сўроқ қилинган гуруҳ аъзолари тунда ресторандаги меҳмонларга уятли филмлар намойиш этишларига «Темир Белла» рухсат берганини айтишади.

Ўша пайтда «Темир Белла»нинг кимлиги нафақат Геленжикда, балки Краснодар ўлкасида ва Москвадаги катта идораларда ҳам маълум эди. Шу жумладан Геленжик шаҳар милициясига ҳам.

Геленжикдаги ошхоналардан бири

Милицияни ўйлантираётган масала аёлни ҳибсга олишса ўзларига гап тегмасмикан? Ҳарҳолда аёлнинг «дасти узун», Мосвада ўтирган амалдорлар билан ҳам апоқ-чапоқ эди.

Милиция ходимлари ресторандаги ҳолат ҳақида бошлиқларига, улар ҳам ўз навбатида вазирликка хабар беришади. Кутилмаганда Москвадан Берта Бородкинани ҳибсга олиш ҳақида буйруқ берилади.

«Темир Белла» ушлангандан сўнг унинг хонасида ва уйида тинтув ўтказилади. Хонасидан айтарли ҳеч нарса топилмайди. Бироқ аёлнинг уйи музейнинг ўзи эди. Унинг уйига борган милиционерларнинг оғзи очилиб қолади.

Аёл ўша пайтда Москвадан ўзини ҳибсга олишга рухсат беришганини билмас, муаммони битта қўнғироқ билан ҳал қиламан деб ўйлайди. У телефонни олиб рақам терар экан, «Йигитлар, эртага сизлардан кечирим сўрашларингни кутаман», дейди.

Бироқ ўша пайтда унинг қўнғироғига Москвадаги «раҳнамолари» жавоб бермайди. Берта бир нечта рақамга қилган қўнғироқлари жавобсиз қолади. Шундан сўнг аёл нимадир бўлганини англаб етади.

Берта Бородкинанинг уйидан кўплаб жуда катта миқдордаги пуллар, ноёб ва қимматбаҳо буюмлар топилади. У йирик банкноталардан иборат пулларни шиша банкада сақлагани ойдинлашади.

Буюмлар орасида магазинлардан топиб бўлмайдиган қиммат чинни идишлар, мўйналар, турли рассомларга тегишли тарихий суратлар, қимматбаҳо хориж гиламлари ва бошқа нарсалар бор эди.

Берта Бородкина турмуш ўртоғи билан. Ҳибсга олинишидан сал аввал

Аёлнинг уйидан топилган пуллар санаб кўрилганда 500 минг рублдан ошиқ экани аниқланади. (Ўша пайтдаги курс бўйича 700 минг доллардан ошиқроқ).

Терговда аёлнинг барча қилмишлари – масаллиқларлардан уриб келгани, ресторан ва ошхоналарга директор тайинлашда пора олганлари тасдиқланади.

Бундан ташқари, аёл Москвадан келадиган юқори лавозимли «нозик» меҳмонларга уятли филмлар намойиш этиш, уларни енгилтак қизлар билан таъминлаш эвазига ҳам салмоқли суммаларда «ҳақ» олгани, қимматбаҳо совғалар билан сийлангани ошкор бўлади.

Тергов давомида қайд этиладиган ёзувларга аёлнинг уриб қолинган маҳсулотлардан ҳамда директор ва бош ошпаз лавозими учун пора олиб ноқонуний даромад тўплагани ёзилади.

Бироқ Москвадан келиб турган каттаконларга «хизмат» кўрсатгани қайд этилмайди. Зеро терговчилар ундай ишларни ёза олмасди.

Берта Бородкинани йўқ қилишни КГБ ва Андропов хоҳлаганми?

Ўша пайда Москвадаги «раҳнамо»лари Берта Бородкинани қутқариб қолишлари мумкин эди. Бироқ ундай бўлмайди. Аксинча, улар аёлга энг оғир – ўлим жазоси берилишини хоҳлашади.

Чунки аёл йўқ бўлса ва кўплаб сирларни, москвалик амалдорлар билан содир бўлган ноқонуний ишларни «ўзи билан олиб кетса» улар шунча тинч бўлишарди.

Бошқа бир версияга кўра, «Темир Белла» СССРда раҳбар алмашинувининг қурбони бўлган. Гап шундаки, 1982 йил 10 ноябр куни СССР раҳбари Леонид Брежнев вафот этади.

Орадан икки кун ўтиб, 12 ноябр куни мамлакатга Андропов раҳбар бўлади. Узоқ йиллар давомида КГБни бошқарган Андропов «тахтга ўтирган» пайтидан бошлаб Брежневга яқин бўлган одамларга қарши «уруш очади».

Брежнев (ўнгда) ва Андропов (чапда)

Андропов биринчи навбатда Ички ишлар вазири Николай Шчёлоковдан аламини олади ва 1982 йил 17 декабр куни уни ишдан бўшатади. Кейинчалик Шчёлоков барча унвонлардан маҳрум қилинади ва унга қарши жиноят иши қўзғатилади. Кейин бошқаларга навбат келади.

Берта Бородкина бошчилик қилаётган трестга қарашли ресторанда москвалик нуфузли меҳмонларга уятли филм қўйиб берилиши ва бу ишни милиция тафтиш қилиши Андропов «Брежневчилар»дан ўч олишни бошлаган пайтга тўғри келади.

Берта Бородкина ҳам Брежневнинг атрофидагилар билан апоқ-чапоқ бўлган ва у Андроповнинг жамоаси учун «Брежневчи» эди. Шу сабабли Геленжикдаги ресторанда содир бўлган ҳодиса хабари Москвага етиб боргандан «Темир Белла»ни ҳибсга олишга буйруқ беришади.

Ўша пайтда, Геленжик шаҳар совети биринчи котиби Николай Погодин ва Краснодар ўлкаси партия қўмитаси биринчи котиби Сергей Медунов ҳам «Брежневчи» сифатида Бертанинг иши бўйича терговга жалб қилинади.

Кўп ўтмай Николай Погодин соҳил бўйича сайр қилиб юрганида номаълум шахслар томонидан ўлдирилиб, жасади денгизга ташлаб юборилади. Медунов эса «Темир Белла» иши бўйича қамалади.

Суд ва ўлим жазоси

Берта Бородкинага тегишли ишнинг тергови икки йил давом этади ва 1984 йилда суд мажлислари бўлиб ўтади. Уларда аёлдан «жабрланган» кўплаб инсонлар қатнашади.

Охир-оқибат Берта Бородкина умумий ҳисобда 1 миллион рублдан ошиқроқ миқдордаги пул ва турли буюмларни пора сифатида олишда айбдор деб топилади.

Суд жараёнлари кетаётганда аёл кўпи билан 5 йил қамоқ жазоси олиши мумкинлигига умид қилади. Бироқ 1984 йил 20 апрел куни ўтказилган сўнгги суд мажлисида унга ўлим жазосига берилади.

Кейинчалик, гувоҳларнинг эслашича, ўшанда 57 ёшда бўлган Берта Бородкина ўзига ўлим жазоси берилган куни туни билан ҳибсхонада ҳукм ноҳақ бўлганини айтиб бақириб чиққан.

Ҳукм аёлни отиб ўлдириш йўли билан ижро этилиши керак эди. Берта Бородкина апелляция беради. Бироқ СССР олий совети президиумининг 1985 йил 1 июлдаги қарори билан унинг апелляцияси рад этилади ва бир йил аввалги ҳукм ўз кучида қолдирилади.

Шу тариқа, содир этган жиноятлари олий жазога унча ҳам тортмайдиган, тортган тақдирда ҳам унинг аёллиги, ёши кексалигини инобатга олиниб, қамоқ жазоси берилиши керак бўлган Берта қатл этилади.

Берта Бородкина ҳибсга олингандан сўнг шу кўринишда бўлган

Ўшандан кейин Берта Бородина ҳақида ҳеч қандай расмий хабар берилмайди. Кейинчалик аёл ҳақида турли миш-мишлар тарқалади.

Уларга кўра аёл қатл этилмаган. Москвалик амалдорлар уни қутқариб қолишган ва у бошқа исм-шариф билан яшашда давом этган. Бошқа миш-мишларда эса ҳукм ижро этилгани ва аёлнинг қатл қилингани айтилади.

Аёлнинг тирик қолгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга унча тўғри келмайди. Чунки кўп ўтмасдан СССР парчаланиб кетди ва жуда кўп ишлар ошкор бўлди. Берта Бородкина тирик қолганда 1991 йилдан кейин у ҳақда хабар чиқарди.

Қолаверса, расмий маълумотларда олий совет президиумининг қароридан сўнг ҳукм ижро этилгани ва Берта Бородкина 1985 йилда қатл этилгани келтирилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид