Иқтисодиёт | 15:40 / 25.09.2023
36466
13 дақиқада ўқилади

Утилизация йиғими. Бу экология учун эдими ё...

Импорт автомобиллари учун катта миқдорда “экологик солиқ” жорий қилинганига қарамай, эскириб кетган машиналарни утилизация қилиш ҳақида бирор гап-сўз бўлмаяпти. Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилган рағбатлантириш механизмидан дарак йўқ. Хўш, утилизация йиғимидан мақсад нима эди – экологияни асрашми ёки автомонополистни ҳимоя қилиш?

Фото: Kun.uz

2020 йил 1 августдан Ўзбекистонга транспорт воситаларини импорт қилишда утилизация йиғими жорий қилинганди. Шу билан бирга, ҳукумат қарорида 2021 йилдан бошлаб эскирган транспорт воситаларини ихтиёрий равишда утилизация қилиш учун рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш белгиланганди.

Бу билан амалда импорт қилинаётган автомобиллар учун йирик миқдорда “экологик солиқ” жорий қилинди, аммо ишлаб чиқарилганига 40 йилдан ошган эски машиналарни утилизация қилиш бошланмади.

Утилизация йиғими амалда экологиядан кўра маҳаллий автомонопол компанияга кўпроқ фойда келтирмоқда.

Утилизация йиғими нима учун керак?

Бутун дунёда экологик вазият йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, кўплаб давлатларда экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган транспорт воситаларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.

Ўзбекистон йўлларида ҳам паст самарали, ўтган асрнинг 70-80-йилларида ишлаб чиқарилган эски автомобиллар, қишлоқ хўжалик техникалари ҳамон юрибди. Улар экологик нормалар талабларига жавоб бермайди ва аста-секин утилизация қилиниши керак. Шунинг учун ҳам республикада утилизация йиғими жорий қилинганди.

Ўзбекистонда утилизация қилиш ишлари қандай тартибга солинади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги “Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида” 347-сон қарорига мувофиқ, утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситаларининг рўйхати тасдиқланган.

Белгиланган тартибга кўра, утилизация йиғимининг миқдори транспорт воситасининг тури, тоифаси ва ишлаб чиқарилган вақтига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 30 баробаридан (9 млн 900 минг сўм) 1500 баробаригача (495 млн сўм) қилиб белгиланган.

Кўпчилик учун қизиқ бўлган, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлмаган енгил автомобиллар учун йиғим миқдори қуйидагича:

  • двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 30 баробари миқдорида – 9 млн 900 минг сўм;
  • двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 120 баробари миқдорида – 39 млн 600 минг сўм;
  • двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида – 59 млн 400 минг сўм;
  • двигател ҳажми 3000-3500 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида – 59 млн 400 минг сўм;
  • двигател ҳажми 3500 см кубдан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 300 баробари миқдорида – 99 млн сўм;
  • электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари учун БҲМнинг 30 баробари миқдорида – 9 млн 900 минг сўм.

Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситалари учун:

  • двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 90 баробари миқдорида – 29 млн 700 минг сўм;
  • двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 210 баробари миқдорида – 69 млн 300 минг сўм;
  • двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 330 баробари миқдорида – 108 млн 900 минг сўм;
  • двигател ҳажми 3000-3500 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 390 баробари миқдорида – 128 млн 700 минг сўм;
  • двигател ҳажми 3500 см кубдан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 480 баробари миқдорида – 158 млн 400 минг сўм;
  • электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари учун БҲМнинг 90 баробари миқдорида – 29 млн 700 минг сўм.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистондаги базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 330 минг сўмни ташкил этади.

Утилизация йиғими экологияни ҳимоя қиляптими ёки монополияни?

Асосан, чекка ҳудудларда, айрим ҳолатларда эса йирик шаҳарлар марказларида ҳам эскириб кетган, чириган енгил автомобиллар, йирик техникаларнинг ҳаракатланиб юрганини кўрамиз. Эгаси уни на сота олади, на ташлаб юборади. Металлоломга топширишдан арзимас пул олиш фойда бермайди, айрим эҳтиёт қисмлари турли қотишмалардан иборат бўлгани учун металлолом ҳам уларни қабул қилмайди. Қолаверса, эски автомобилларнинг ҳам аксарият эҳтиёт қисмларидан қайта фойдаланиш мумкин. Шу сабабдан ҳам дунёнинг ривожланган ва ҳатто ривожланаётган давлатларида автомобилларни утилизация қилиш тизими ишга туширилган.

Эътиборга молик жиҳати, юқорида тилга олинган Вазирлар Маҳкамасининг 347-сон қарорида 2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда эскирган транспорт воситаларини ихтиёрий равишда утилизация қилиш учун жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш механизми жорий этилиши белгиланган эди. Яъни кимнингдир ихтиёрида бўлган автомашинага маълум бир миқдорда пул тўлаш баробарида эски автомашинани олиш ва уни утилизация қилиш. Аммо қарорнинг бир томонлама ишлаши ортидан ишлаб чиқарилганига 40-50 йил бўлган автомашиналар ҳам ҳаракатланиб юрибди, бемалол сотиляпти.

Фото: Telegram / abdumalikovich_uzb
Фото: Telegram / abdumalikovich_uzb
Фото: Telegram / abdumalikovich_uzb

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади, юқоридаги қарорни қабул қилишдан асл мақсад нима эди: экологияни асрашми ёки бюджетга пул тушириш ҳамда маҳаллий автомонопол компанияни ҳимоя қилиш? Масалан, четдан импорт қилинаётган янги Toyota Corolla автомобили учун 39 млн 600 минг сўм (3250 доллар), ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган ушбу моделдаги автомобил учун эса 69 млн 300 минг сўм (5700 доллар) тўлов тўлаш керак. Аммо танганинг иккинчи ва энг муҳим томони – эскириб кетган автомашиналарни утилизация қилиш бўйича тизим ишлаб чиқилгани йўқ. Бу борада аниқ тартиб ва механизмлар ҳам жорий қилинмади.

Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (347-сонли қарор ижросини таъминлаш айнан ушбу вазирликка юклатилган) билан боғланди ва “Нима учун ихтиёрий утилизацияни рағбатлантириш тизими ҳалигача ишлаб чиқилмади?” деган савол билан юзланди. Вазирлик матбуот хизмати эса бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: агар тизим ишлаб чиқилмаган бўлса, импорт қилинаётган автомашиналардан ундирилаётган катта миқдордаги тўловлар қаерга кетяпти?

UzAuto Motors утилизация йиғими тўлаяптими?

Қарорда “Транспорт воситаларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлайди ва бу ҳақда ўзи жойлашган ҳудуддаги солиқ органига утилизация йиғими ҳисоб-китобларини электрон шаклда тақдим этади”, деган алоҳида банд бор. Бу – UzAuto Motors ҳам Ўзбекистон ҳудудида сотаётган ҳар бир автомобили учун четдан импорт қилинаётган автомобиллар билан бир хил, машинанинг двигател ҳажмидан келиб чиқиб “экологик солиқ” тўлаши кераклигини англатади.

Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи жорий йилнинг январ-август ойларида 65 486 дона Cobalt, 52 681 дона дона Gentra, 52 547 дона Damas, 24 473 дона Tracker, 18 535 дона Onix, 2133 дона Nexia-3 ва 13 972 минг дона махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқарган. Хўш ушбу автомобиллар учун қанча миқдорда утилизация тўлови тўланиши керак бўлган?

На компаниянинг ахборот базасида, на Солиқ қўмитасининг ҳисоботларида UzAuto Motors утилизация тўлови тўлаётгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Kun.uz “2022 йилда ва 2023 йилнинг биринчи ярмида UzAuto Motors компанияси қанча утилизация йиғими тўлаган?” деган савол билан “Ўзавтосаноат” ва Солиқ қўмитаси матбуот хизматига мурожаат қилди, ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот тақдим қилинмади.

Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида энг кўп экспорт қилинувчи Cobalt автомобили мисолида қанча йиғим тўланишини тахминан ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Ушбу модел асосан Қозоғистонга сотилишини (январ-август ойларида қўшни мамлакатда 19 036 дона Cobalt сотилган) ҳисобга олсак, тахминан 46 450 дона автомобилни ички бозордаги истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган бўлиши мумкин.

Компания январ-апрел ойларида 27 739 та Cobalt ишлаб чиқарган (шу даврда Қозоғистонда 10 627та Cobalt сотилган). Ички бозорга сотилган 17 112 дона Cobalt учун – 616 млрд сўм (1 та Собалт учун БҲМнинг 120 баробари – 36 млн сўм, 1 майгача БҲМ миқдори 300 минг сўм бўлган) тўланиши керак бўлган. (Қозоғистонга жорий йилнинг бошида етказиб берилган автомобилларнинг бир қисми ўтган йилда ишлаб чиқарилган бўлиши ва маҳаллий истеъмолчиларга 17 мингтадан кўпроқ автомобил сотилган бўлиши ҳам мумкин, Kun.uz'да ишлаб чиқарилган Cobalt’нинг қанча қисми экспортга, қанча қисми ички бозорга йўналтирилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ).

Май-август ойларида эса ички бозорга 29 338 дона Cobalt сотилган бўлиши мумкин. Мазкур даврда компания 1 трлн 162 млрд сўм (1 та Соbalt учун 39 млн 600 минг сўм) утилизация тўловларини амалга ошириши керак бўлган. Умумий ҳисобда эса, UzAuto Motors январ-август ойларида биргина Cobalt автомобили учун тахминан 1 трлн 778 млрд сўм тўлов тўлаши шарт бўлган. Компаниянинг бошқа моделлари асосан ички бозорда сотилишини инобатга олсак, утилизация йиғимининг умумий миқдори ҳам бир неча триллиондан ошишини ҳисоб-китоб қилиш мумкин.

Очиқ ва ёпиқ имтиёзларидан ташқари, компания тўғридан тўғри мажбурияти бўлган мазкур утилизация йиғимини тўлаётгани ё тўламаётгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Қизиқ жиҳати, UzAuto экспорт қиладиган автомобиллари учун утилизация йиғими давлат бюджетидан компенсация қилиб берилади. Бу борадаги субсидия миқдори 2022 йилда 100 миллиард сўмгача бўлиши белгиланган эди. Лекин йил якунида 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, UzAuto'га – 137,5 млрд сўм қўшимча маблағлар ажратилганди.

Бошқа мамлакатларда автомобилни утилизация қилиш тартиби қандай?

Автомобилнинг металл асоси пресс остига тушади. Унинг ғилдираклари, ўриндиқлари ечиб олинади, барча суюқликлар, ёнилғиси тўкиб ташланади, механик қисми сотиш ёки қайта ишлаш учун алоҳида сараланади. Утилизация жараёни асосан шундан иборат.

Жумладан, Европа Иттифоқида автоулов чиқиндиларини йўқ қилиш билан боғлиқ барча масалалар 2000 йил 18 сентябрда қабул қилинган директива билан тартибга солинади. Унга кўра, эски автомобилларни йиғиш пунктлари тармоғини яратиш масъулияти бевосита автомобил ишлаб чиқарувчилари ва йирик импортёрлар зиммасига тушади. Ҳеч қандай махсус давлат тўловлари йўқ. Кимдир Германиядан Францияга янги ёки маълум муддат фойдаланилган автомобил олиб кирмоқчи бўлса, ҳеч қандай тўловни амалга оширмайди.

Евроиттифоқнинг бир қатор давлатлари қонунчилигида йирик ишлаб чиқарувчилар ва импортёрларнинг мажбуриятлари мамлакатга автотранспорт воситаларини олиб кирувчи жисмоний шахсларга тааллуқли эмаслиги аниқ қайд этилган. Бу ерда қатъий ва адолатли техник кўрик ва автомобилнинг экологик тозалигига боғлиқ бўлган солиқ тизими ишлаб чиқилгани эски автомобил эгаларини утилизация масаласига жиддий қарашга ундайди.

Шунингдек, эскирган машинани ташлаб кетган шахсга 2000 еврогача жарима солинади. Шунинг учун, автомашина эгалари жаримадан кўра утилизацияни маъқул кўришади ва бу фойдали ҳамдир.

Баъзи мамлакатларда автомашина эгаларининг утилизацияда фаол иштирок этишлари рағбатлантирилади, уларга эски автомобилни утилизацияга топширганлик учун янги транспорт воситасини сотиб олишда имтиёзлар таклиф этилади.

Норвегияда сал бошқача тизим ўрнатилган. Ушбу мамлакатда енгил автомобилни харидор рўйхатдан ўтказиши учун 2400 крона (221 доллар) пул тўлаши керак. Агар машина дастлабки эгаси томонидан қайта ишлашга юбориладиган бўлса, унга тўлаганидан кўра кўпроқ миқдорда 3000 крона (277 доллар) миқдорида пул қайтарилади. Нидерландияда ҳам янги автомобил сотиб олиш учун бир марталик тўлов ундирилади. Бу автомобил модели ёки двигател ҳажмига боғлиқ эмас ва 30 евро атрофида бўлади.

Россия ва Қозоғистон ҳам худди Ўзбекистонда бўлгани каби, утилизация йиғими маҳаллий автосаноатни қўллаб-қувватлаш ва нархлар мувозанатини тартибга солиш воситаси ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар ЖСТга аъзо бўлгандан кейин божхона тўловларини пасайтиришга мажбур бўлишди, аммо ички бозорни ҳимоя қилиш асносида “экологик солиқ”ни юқори ставкаларда ўрнатишган.

Масалан, Қозоғистонда утилизация йиғими миқдори 2023 йил учун қуйидаги миқдорда ўрнатилган:

  • двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 258 750 тенге (6,6 млн сўм);
  • двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 603 750 тенге (15,4 млн сўм);
  • двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автомобиллар учун – 862 500 тенге (22 млн сўм);
  • двигател ҳажми 3000 см кубдан ортиқ бўлган автомобиллар учун – 1 983 750 тенге (50,7 млн сўм);

Қўшни республикада электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари учун утилизация йиғими мавжуд эмас.

Достон Аҳроров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид