Ўзбекистон | 17:57 / 26.09.2023
20012
2 дақиқада ўқилади

Паркентда тоғдан тушган айиқ фермернинг 2 бош қўйини олиб кетди

Айиқ тушиб келган ҳудуд 5 кундан бери экологлар ҳамда ИИБ ходимлари томонидан назорат қилинмоқда. Ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила чорваси билан ўзларининг яшаш хонадонларига кўчириб юборилган.

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги тоғли қишлоқ ҳудудига Тян-Шан қўнғир айиғи келиб қолди. У қишлоққа тоғдан озуқа излаб тушгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, 21 сентябр куни Паркент тумани Экология бўлимига туманининг Сўқоқ қишлоғи Тосар ҳудудидаги “Сўқоқ Лазиз Соли” фермер хўжалиги ер майдонларига тунда Тян-Шан қўнғир айиғи келиб қолгани ҳақида мурожаат келиб тушган.

Экологларга кўра, совуқ туфайли тоғли ҳудудлардаги айрим мевали дарахт ва буталарни совуқ уриб, ҳосил камайиб кетган. Бунинг оқибатида айиқ озуқа излаб, аҳоли яшаш пунктига тушиб келган ҳамда фермер хўжалигига тегишли бўлган 14 бош қўйдан 2 тасини олиб кетган. Бир бош қўй эса ярадор қилинган.

Паркент тумани Экология бўлими ходимлари ва “Wildlife” зопитомниги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб бориб, ҳолатни ўрганган. Ўрганиш натижасида қўй қўраси ёғочлари сингани аниқланган. Шунингдек, ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қорамол, қўй ва эчкилари билан бирга ўзларининг яшаш хонадонларига кўчириб юборилган.

21 сентябр кунидан буён айиқ тушиб келган ҳудуд экологлар, “Wildlife” МЧЖ ҳамда Паркент тумани ИИБ нозирлари томонидан доимий назорат қилинмоқда. Ҳозирча айиқ ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар кузатилмаган.  

Мавзуга оид