Ўзбекистон | 07:22 / 27.09.2023
8842
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги бош консулхона ўзбекистонлик хотин-қизларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик хотин-қизларни огоҳлантирди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда ватандош хотин-қизларни Истанбул, Анталия, Измир, Бодрум ва бошқа шаҳарларга катта маблағ эвазига “консоматрис” (конс) ишларига таклиф этиб рекламалар тарқатилаётгани кузатилмоқда. Бунда павийон (тунги кафе) ходимлари ёш қизларни келган мижозларга оширилган нархларда ичимлик ва озиқ-овқат олдириш учун ёлламоқда. 

Мазкур фаолият тури билан шуғулланганларга маҳаллий полиция томонидан Туркиядан чиқариб юборилиш чораси кўрилмоқда. 

“Ҳурматли опа-сингиллар! Консоматрис фаолияти бизнинг урф-одатимиз, миллий анъаналаримиз ва муқаддас динимизга тўғри келмаслиги ҳаммамизга маълум. 

Туркия ҳудудида ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолишингиз, жабр кўришингиз ёки айбдор бўлиб қолишингизнинг олдини олиш мақсадида сиз яшаб турган давлатнинг қонун-талабларига риоя қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни тавсия қиламиз. 

Агар сизда шу каби реклама тарқатаётганлар ва консоматрисликка жалб қилаётган шахслар ҳақида маълумот бўлса, консулхонага хабар беришингизни сўраймиз”, — дейилади мурожаатда.

Мавзуга оид