Жаҳон | 09:56 / 08.10.2023
33732
13 дақиқада ўқилади

«Калининлар иши» – СССРда уруш фахрийларини ўлдириб, орденларни олиб кетиб сотган эр-хотин қандай ушланганди?

1980-йиллар бошида СССРнинг турли ҳудудларида жиноий гуруҳ уруш фахрийларини ўлдириб, уларнинг қимматбаҳо орден ва медалларни олиб кета бошлайди. Кўп ўтмай гуруҳнинг икки аъзоси, эр-хотин ушланади. Бошқаларни топишнинг иложи бўлмайди. Суд эркакка ўлим, аёлга 15 йил қамоқ жазоси тайинлайди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бугун СССР даври ҳақида гап кетганда айрим юртдошларимиз «жиноятчилик йўқ эди, одамлар фаровон яшарди» дейишади. Одамларнинг қанчалик «фаровон» яшагани бу алоҳида мавзу. СССРда жиноятчилик йўқ эди деган гап ёлғон.

Зўравонлик устига қурилган бу давлатда ҳар йили кўплаб жиноятлар содир этиларди. Бироқ бу ҳақда одамларга билдирилмас, улар оммадан яшириларди.

Чингиз Айтматовнинг 1980-йил ўрталарида чоп этилган «Қиёмат» романини эслайлик. Роман қаҳрамони Авдий Калистаров вилоятдаги бош газетада мухбир бўлиб ишлайди ва Қозоғистон чўлларида ўсиб турган ёввойи наша СССРнинг турли ҳудудларига қандай тарқатилаётгани ҳақида мақола қилмоқчи бўлади.

Авдийни Қозоғистонга юборган газета бош муҳаррири йигит мақолани ёзиб борганидан сўнг уни чоп этишни хоҳламайди. Чунки ўша пайтларда СССРда гиёҳвандлик авж олаётгани ва ёшлар орасида бу заҳри қотилни истеъмол қилувчилар кўпайиб бораётгани зўр бериб яшириларди.

Одамларга «СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ деб уқтириларди. Аслида эса гиёҳвандлик ҳам бор эди, жиноятчилик ҳам.

Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳ кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам бошқа жиноятлар каби оммадан яширилади.

Совет даврида оммадан яширилган жуда кўп воқеа ва ҳодисалар зулм салтанати – СССР парчаланиб кетгандан сўнг ошкор бўлди. Жумладан, уруш фахрийларининг ўлдириб кетилиши ҳам.

Қотиллик ҳақида хабар

1983 йилда СССРдаги марказий газеталардан бир нечтаси Смоленск вилояти Угран тумани Баскаков қишлоғида содир бўлган жиноят ҳақида ёзиб чиқади. Маълум бўлишича, номаълум шахслар икки нафар уруш фахрийсини ўлдириб, уларнинг барча орден ва медалларини олиб кетишган.

Кўп ўтмай Москвада яшовчи Совет иттифоқи қаҳрамони, вице-адмирал Георгий Холостяков ва унинг рафиқаси ҳам ўлдириб кетилади. Шундан сўнг аҳоли орасида ваҳима тарқалади.

Уруш фахрийларининг ўлдирилиши ҳатто хорижда ҳам овоза бўлади ва АҚШда чоп этиладиган Лос-Анжелес Таймс газетасида «СССРда Брежневнинг дўстларини ўлдиришни бошлашди» деган хабар берилади.

Америкаликларнинг бундай сарлавҳа қўйишига ҳам қисман асос бор эди. 1982 йил 10 ноябр куни Леонид Брежнев вафот этгач унинг ўрнига СССР раҳбари бўлган собиқ КГБ раҳбари Юрий Андропов мамлакат бўйлаб жуда катта тозалаш ўтказади.

У Брежневга яқин бўлган кўплаб инсонларни ишдан олади. Уларнинг аксарияти қамалади. Жумладан, Брежнев билан болаликдан дўст бўлган СССР ички ишлар вазири Николай Шчёлоков ҳам Андроповнинг нишонига айланади.

Андропов СССР тахтига ўтиргандан бир ой ўтиб, энг биринчи Шчёлоковни ишдан бўшатади. Кейинчалик собиқ вазир барча унвонлардан ва давлат мукофотлардан маҳрум қилинади. Сўнг унга нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Бундан ташқари, Брежнев ўлгандан сўнг у билан яқин бўлган Рашидовнинг ҳам бошида қора булутлар айлана бошлайди. Андропов нима қилиб бўлса ҳам Рашидовдан қасос олишни истарди. Бироқ уни ишдан бўшатишга ва жазолашга улгуришмайди, Ўзбекистон раҳбари вафот этади.

Вице-адмирал ва рафиқасининг ўлдирилиши

1983 йил 22 июл куни Москва шаҳрида жойлашган милиция бўлимидаги телефон жиринглайди. Бир қиз кекса ёшдаги бобоси ва бувисини номаълум шахслар ўлдириб кетганини айтади.

Ҳодиса жойига дарҳол тезкор гуруҳ етиб боради. Марҳумларнинг шахсига аниқлик киритилганда улар машҳур вице-адмирал Георгий Холостяков ва унинг хотини экани маълум бўлади.

Жиноят содир бўлганда адмиралнинг 20 ёшли набираси қўшни хонада ухлаётган бўлган ва у ҳеч нарсани сезмаган. Ўрнидан турганда бобоси ва бувисининг жасадига кўзи тушади ва дарҳол милицияга қўнғироқ қилади. Адмирал ўлдирилганда 81 ёшда эди.

Холостяков мамлакатда жуда таниқли шахс эди. У немисларга қарши урушда Қора денгиз флоти раҳбарларидан бири бўлган. Урушдан сўнг анча йиллар СССР ҳарбий-денгиз флотида юқори лавозимда хизмат қилганди.

Георгий Холостяков ва унинг хотини 
Фото: yaplakal.com

Адмирал ва унинг хотинини ўлдириб кетишгани ҳақида Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги раҳбарлари хабар топгач ишни очиш учун Москва шаҳар ИИБ жиноят қидирув бошқармасидан энг тажрибали ходимлар жалб этилади.

Адмирал яшаган туманда 51 та милиция бўлими бўлиб, барча оёққа турғизилади ва қотилни қидириш бошлаб юборилади.

Аввалига адмирал шахсий хусумат туфайли ўлдирилган деган тахмин ҳам билдирилади. Бироқ 81 ёшли кекса киши ҳеч ким билан ёмон муносабатда бўлмагани ойдинлашгач бу тахмин йўққа чиқади.

Ходимлар билан суҳбатда адмиралнинг набираси Наташа Москва давлат университети талабалари ҳақида гапириб қолади. Адмирал бир неча бор МДУ талабалари ўзидан интервю беришни сўрашгани ҳақида гапирган экан.

Талабалар адмиралга иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги очерклардан китоб қилишмоқчи эканини, шунга материал тўплаб юришганини айтишган. Бироқ МДУ раҳбарияти иккинчи жаҳон уруши ҳақида ҳеч қандай китоб тайёрланмаётганини маълум қилади.

ЖҚБ ходимлари жиноятчилар адмиралнинг квартирасига бемалол кира олган ва у Георгий Холостяков билан аввалдан таниш бўлган деган тахминга келишади.

Квартирани кўздан кечириш чоғида ходимлар уруш фахрийсининг бир нечта орден ва медаллари ва қимматбаҳо буюмлар йўқлигини аниқлашади. Уларни жиноятчилар олиб кетганди.

Ҳаммаси равшан эди, қотиллар Георгий Холостяков ўзига тўқ яшаганини ва унда кўплаб орден ва медаллар борлигини билишган. Адмирални айнан уларни олиб кетиш учун ўлдиришган.

Жиноятчилар адмиралнинг уйидан Олтин Юлдуз, учта Ленин, учта Қизил Байроқ, Суворов, иккита Ушаков, Қизил юлдуз орденларини, шунингдек, Холостяковга берилган Югославия, Болгария, Британия, Чехословакия, Руминия, Венгрия ва бошқа хорижий давлатларнинг олий мукофотлари ҳисобланган орденларни олиб кетганди.

Ўша пайтда СССРда қимматбаҳо ва тарихий буюмлар савдоси авж олган қора бозор шаклланиб бўлган. Ундай нарсаларнинг харидори асосан хорижликлар эди. Жумладан, адмиралнинг уйидан олиб кетилган орден ва медалларни салмоқли пулга сотиш мумкин эди.

Шундан сўнг ходимлар ички ишлар вазирлиги орқали барча республикалардан маълумот олишади. Шунда сўнгги икки йилда Россия, Украина, Молдавия ва Латвияда элликка яқин уруш фахрийлари ўлдириб кетилгани аниқланади.

Жиноятларнинг биронтаси очилмаган ва қотиллар ушланмаган эди. Улардаги тафсилотларга кўра, уруш фахрийларига ўзини МДУ талабалари деб таништирган бир қиз ва йигит ёки икки нафар талаба, бошқасида ўзларини журналистлар деб таништирган икки йигит интервю сўраб мурожаат қилган. Кўп ўтмай фахрийлар ўлдирилиб, уларнинг орден ва медаллари олиб кетилган.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги барча уруш фахрийлари бир неча кишидан иборат гуруҳ томонидан ўлдирилган деган хулосага келади ва бутун иттифоқ бўйлаб қидирув эълон қилади.

Қотилларнинг қўлга олиниши

Жойларда милиция ходимлари турли шаҳарларда қимматбаҳо эски буюмлар билан ишловчи олибсотарлар ва коллекционерларни текшира бошлашади.

Суҳбатлардан бирида москвалик олибсотарлардан бири Иваново шаҳрида яшовчи Гена исмли йигит ўзига бир қанча орденларни сотиб кетганини айтиб қолади.

Тезкор гуруҳ дарҳол Ивановога боради ва Генани қўлга олади. У 26 ёшли Геннадий Калинин бўлиб чиқади. Калинин ҳақида маълумот тўплашганда бу йигит бир неча марта ўғирлик ва фирибгарлик учун жазолангани аниқланади.

Калинин илк ўғриликни 1980 йилда, 23 ёшида бошлаганди. Ўшанда у уруш фахрийларидан бирининг орденини ўғирлайди ва 200 рублга сотади. Кейинроқ ўғирлаган Олтин Юлдуз орденини 1000 рублга сотади.

Кўп ўтмай Калинин Одессага «гастрол»га борганида Инна Гаврилова исм-шарифли қиз билан танишади ва унга уйланади. Шундан сўнг эр-хотин талончиликни бирга қила бошлашади.

Уруш фахрийлари ёқимтой қиз ва йигитдан шубҳаланишмас ва уларни уйларига киргизишарди. Эр-хотин вазиятга қарашар, агар орден ва медалларни ўғирлаб чиқиб кетишнинг иложи бўлмаган вазиятларда уруш фахрийларини ўлдиришарди.

Терговда аниқланишича Калинин ва унинг хотини СССР бўйлаб қулоч ёйган жуда катта жиноий гуруҳ таркибида ишлашган. Гуруҳда ҳамманинг ўз иши бўлган.

Орден ва медаллар учун уруш фахрийларни ўлдириш билан шуғулланган эр-хотин Калининлар

Калинин хотини билан, яна 5-6 нафар йигитлар орден ҳамда медалларни ўғирлаб айтилган одамга етказишади ва ундан ўз улушларини олишади. Бошқалар эса орден ва медалларга харидор излаб топиш, уларни айланма йўллар билан яширинча хорижга чиқариш каби ишлар билан шуғулланишган.

Гуруҳ аъзолари ўз «қурбон»ларини турли шаҳар ва қишлоқларда жамоат жойларига илиб қўйилган фотосуратлар орқали топишган. (Совет даврида социалистик меҳнат илғорлари, уруш фахрийлари ва бошқа қаҳрамонларнинг сурати остига исм-шарифлари ёзилган ҳолда ҳар қадамда илиб қўйиларди).

Фотосуратларда уруш фахрийлари парад кийимида барча орден ва медалларни таққан ҳолда бўларди. Жиноятчилар шунга қараб одам танлашарди ва кейин «ўлжа»нинг манзилини аниқлаб, олдига боришарди.

Эр-хотин баъзида ўғирланган орден ва медалларни жиноий гуруҳ аъзосига топширмай ўзлари сотишган. Адмиралнинг орден ва медалларини ҳам ўзлари сотишади. Охир-оқибат бу иш уларнинг фош бўлишига сабаб бўлади.

Геннадийдан сўнг кўп ўтмай Инна ҳам қўлга олинади. Улар ушлангандан сўнг гуруҳнинг қолган аъзолари ном-нишонсиз ғойиб бўлишади.

Тергов ва суд

Тергов давомида Геннадий Калинин жиноий тўда сафига 1980 йил қўшилганини, кўп ўтмай бу ишга ҳали вояга етмаган Иннани ҳам тортганини айтади. Кейинроқ йигит қизга уйланади ва Инна унинг фамилиясига ўтади.

Маълум бўлишича эр-хотин Калининлар ўзаро топишгандан сўнг «орден ови» учун СССРнинг 19 та шаҳрида бўлишган, уч йил давомида 39 та жиноят содир этишган.

Улар ўзларини МДУ талабалари деб таништиришган ва шу йўл билан уруш фахрийлари яшаётган уйларга кириб боришган. Агар уруш фахрийси ёлғиз яшаётган бўлса, ундан ичиш учун сув сўрашган.

Фахрий сувга чиққан пайтда кийимлардан орденларни юлиб олиб, тезда қочиб қолишган. Мабодо уруш фахрийлари ёлғиз бўлишмаса орденларни олиш учун уларни ўлдиришгача боришган.

Эр-хотин ўз фаолияти давомида элликдан ортиқ Ленин, олтита Совет иттифоқи қаҳрамонига бериладиган олтин юлдуз орденлари, еттита Социалистик меҳнат қаҳрамонига бериладиган олтин медал ва яна кўплаб орден ва медалларни ўғирлашгани аниқланади.

Эр-хотин орден ўғирлаб беришгани учун жиноий тўдадан 40 минг рубл ишлашган. Адмирал Георгий Холостяковнинг ўлдирилиши уларнинг охирги иши эди.

Тергов жараёнида Калинин адмирални қандай ўлдирганини айтиб беради. Маълум бўлишича у Толстяковнинг уйига уч марта борган. Биринчисида ўзи борган ва тафсилотларни эшитган.

Эртаси куни хотини Инна билан борган ва уни ҳамкурс деб таништирган. Ўша куни адмиралнинг олдига кимдир келиб қолади ва операция яна амалга ошмайди.

Учинчи уринишда эр-хотин иккаласи эрталаб адмиралнинг уйига боришади, мезбон ҳайрон қолганда талабаларни картошка теримига олиб чиқишаётгани учун вақтли келганларини айтишади.

Суҳбат пайтида Калинин ичишга сув сўрайди. Адмиралнинг хотини ошхонага чиққанда Инна унга эргашади. Шу тариқа Калинин адмирални меҳмонхонада, Инна унинг хотинини ошхонада ўлдиради. Сўнг орден ва медалларни олиб чиқиб кетишади.

Тергов бир ярим йил давом этади ва эр-хотин Калининлар ишлаган жиноий гуруҳ аъзоларидан бошқа ҳеч кимни тутишнинг иложи бўлмайди. 1984 йилда ўтказилган суд мажлисида Калининга ўлим жазоси, хотини Иннага 15 йил қамоқ жазоси берилади.

Кўп ўтмай ҳукм ижро этилади ва Калинин отиб ташланади. Хотини Иннанинг тақдири эса номаълумлигича қолади.

Ўша пайтда «Калининлар иши» деб аталган мазкур жиноят иши оммадан яширилган. Одамлар унинг тафсилотлари ҳақида СССР парчаланиб кетгандан сўнг хабар топишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид