Амалга ошмаган «Яҳудий автономияси» лойиҳаси – советлар нега Қримни яҳудийларга бермоқчи бўлган?
Бугун Россиянинг Узоқ Шарқдаги қисмида Яҳудий мухтор вилояти деб аталадиган субъект бор. Бир пайтлар совет яҳудийлари Сталиндан Қримни ўзларига беришни сўрашган. Улар яриморолда мухтор ёки иттифоқдош республика ташкил этишни режалаштиришганди. Бироқ бу режа амалга ошмайди ва советлар бу миллатга Қримни эмас, Узоқ Шарқдан ер беришади.
Бир неча кундан бери Яқин Шарқда Исроил ва Фаластиннинг Ғазо сектори ўртасида қуролли можаро содир бўлмоқда. Ҳар икки томондан кўплаб одамлар ҳалок бўлишди. Бинолар вайрон бўлди.
Ана шу можаро фонида Ғарб давлатларининг аксарияти Исроилни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бироқ Ғарбда яшовчи оддий аҳоли ғазоликларни қўлламоқда. Ҳар куни йирик шаҳарларда юз минглаб одамлар Ғазони, Фаластинни ва арабларни қўллаб намойишларга чиқмоқда.
Фаластин-Исроил можароси асоси ер талашишдан келиб чиққан. Яҳудийлар 1947 йилда чиқарилган БМТ резолюциясини писанд қилмаган ҳолда йилдан йилга фаластинликларнинг ерларини тортиб олиб, ўз ҳудудига қўшиб бормоқда.
Исроил яҳудийларнинг мустақил давлати бўлса, бу миллатга тегишли яна бир маъмурий бирлик бор ва уни кўпчилик ҳам билавермайди. Бу маъмурий бирлик Россиянинг Узоқ Шарқдаги ҳудудида жойлашган ва у Яҳудий мухтор вилояти (Еврейская автономная область) деб аталади.
Хўш, советлар нега Узоқ Шарқда Яҳудийлар мухтор вилоятини ташкил этган? СССР даврида бу саволларни бериб бўлмасди, дарров миллатчиликда айблашарди.
Зулм салтанати парчаланиб кетгандан сўнг маълум бўлдики, советлар яҳудийларга аввалига Қримни бермоқчи бўлишган. Бироқ бу иш амалга ошмаган ва яҳудийлар учун «гадойтопмас» жойлардан ер ажратишган.
«Яҳудийлар революцияси»
СССРда яҳудийлар мухториятини (автономияси) ташкил этиш тарихи бир томондан Октябр тўнтаришига бориб тақалади. Ғарбда айрим тадқиқотчилар бу тўнтаришни «Яҳудий революцияси» деб аташади.
Уларга кўра, 1917 йилда содир бўлган тўнтаришда яҳудийлар актив қатнашган ва бундан мақсад Россияни немислардан тортиб олиш бўлган.
Россияда Романовлар сулоласи ҳукмронлик қила бошлаган пайтлардан буён немислар билан алоқалар яхши бўлган ва бу давлатга кўплаб немислар кўчиб келган.
Яҳудийларнинг эса 19-аср ўрталаригача ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган. Уларга Россиянинг йирик шаҳарларига кириб жойлашиш тақиқланган. Яҳудийларни ҳарбий хизматга олишмаган.
Бироқ Октябр тўнтаришидан сўнг кечагина ҳақ-ҳуқуқлари топталиб турган миллат вакиллари ҳокимият тепасига келади. Тўнтаришдан сўнг тайинланган илк халқ комиссарларининг аксарияти яҳудий миллатига мансуб бўлган.
Октябр тўнтаришидан сўнг хорижга кўчиб кетган ва кейинчалик АҚШда яшаган рус сиёсатчиси ва ёзувчиси Андрей Занкевич (Дикий) ўзининг «Яҳудийлар Россия ва СССРда» китобида Октябр тўнтаришидан сўнг халқ комиссарлари бўлган шахсларни санаб ўтган ва 22 нафар «нарком»дан 17 нафари яҳудий бўлганини ёзган.
Бу китоб чоп этилгандан сўнг муаллифни антисемитизмда (яҳудий миллатига қарши ҳаракат)да айблашади. Бироқ Занкевич қисман ҳақ эди ва Троцкий (Бронштейн-армия ва флот қўмондони), Зиновьев (Апфельбаум-Ички ишлар халқ комиссари), Ицхок Штейнберг (адлия халқ комиссари), Исидор Гуковский (Молия ишлари халқ комиссари) ва бошқалар яҳудий миллатига мансуб бўлишган.
Октябр тўнтаришини яҳудийлар амалга оширмаган бўлиши мумкин. Бироқ айнан шу тўнтаришдан сўнг бу миллат «кўксига шамол теккан»и ва улар совет давлатида юқори лавозимларни эгаллагани айни ҳақиқат.
Қрим яҳудий республикаси
Россияда яҳудийларга алоҳида ер ажратиш ва маъмурий бирлик ташкил этиш режаси илк бор 1919 йилда Лениндан чиққан. Лекин бу режада Қрим ҳақида гап бўлмаган. Унгача 1918 йилда РСФСР миллатлар ишлари бўйича халқ комиссарлиги қошида Яҳудий комиссарлиги ташкил этилганди.
1924 йилда яҳудийларнинг мамлакат бўйлаб кўчиб юришларини қўллаб-қувватлаш учун СССР марказий ижро қўмитасининг махсус қарори қабул қилинади. Шундан сўнг улар СССР бўйлаб турли ҳудудларга кўчиб бора бошлашади.
Октябр тўнтариши яҳудий миллатининг бир қисмини ҳукмрон қатламга айлантирган бўлса, бошқа қисмини қочоқларга айлантиради.
Жумладан, тўнтаришдан сўнг яҳудийларнинг бойлари ва ўртаҳоллари мамлакат жанубидаги вилоятларга ва Қримга қочишади.
Шу тариқа 1920-йиллар бошларида Қримда кўплаб яҳудийлар яшаган ва улар хориждаги миллатдошларининг молиявий кўмаги билан тўртта коммуна ташкил этган. 20-йиллар охирида коллективлаштириш бошланганда коммуналар тарқатиб юборилган.
Қримда яҳудийлар учун алоҳида маъмурий бирлик тузиш ғоясини илк бор СССРдаги яҳудийларга молиявий ёрдам кўрсатиб келган Американинг Joint (American Jewish Joint Distribution Committee) хайрия ташкилотининг Россия бўйича бўлим раҳбари Иосиф Розен илгари сурган.
1923 йилда Розеннинг таклифи Қишлоқ хўжалиги кўргазмаси директори Абрам Брагин ва СССР миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари ўринбосари Михаил Колцов номидан ҳукуматга билдирилади.
Ўша йили декабрда Компартия марказий қўмитаси қарори билан таклифни кўриб чиқиш учун СССР халқ комиссарлари раиси ўринбосари Александр Цюрупа бошчилигида махсус комиссия тузилади.
Яҳудийлар учун алоҳида маъмурий бирлик тузиш режасини Троцкий (Бронштейн), Каменев (Розенфельд), Бухарин, Чичерин ва бошқа раҳбарлар қўллаб-қувватлашади.
Марказий қўмитадаги йиғилишдан сўнг Абрам Брагин Яҳудий телеграф агентлигига интервью беради ва 1927 йилга бориб СССРда яҳудийларнинг алоҳида маъмурий бирлиги пайдо бўлиши ҳақида гапиради.
1926 йилда СССР ижро қўмитаси президиуми раҳбари Михаил Калинин Известия газетасига берган интервьюсида «Қрим лойиҳаси»ни қўллашини айтади.
«Ҳозир СССРда 2,5 миллиондан 3 миллион нафаргача яҳудий яшамоқда. Бошқа миллатлар каби СССРда яшовчи улар ҳам ўз мухториятига эга бўлишга ҳақли», дейди Калинин.
СССРда яҳудийлар маъмурий бирлигини тузишнинг энг ашаддий тарафдори – бу Юрий (Михаил) Ларин эди. Яҳудий миллатига мансуб ва ҳақиқий исм-шарифи Ихил-Михл Залманович бўлган бу одам СССРдаги яҳудийларга ёрдам бериб келган Joint хайрия ташкилоти билан алоқаларда бош ролни ўйнаган.
Жумладан, унинг саъй-ҳаракатлари билан хайрия ташкилоти 1924 йилдан 1929 йилгача бир неча марта совет ҳукуматига миллионлаб доллар ўтказиб беради. Хайрия ташкилотининг шарти, СССРда ҳеч ким, ҳатто ҳукумат ҳам антисемитизмга йўқ қўймаслиги ва уларга маъмурий бирлик берилиши керак эди.
Қримда яҳудийлар мухтор республикасининг тузилишига барча бирдай рози бўлмаган. Қрим АССР раҳбари Вали Иброҳимов, РСФСР Ер хўжалиги халқ комиссари Александр Смирнов, Украина ССР Адлия халқ комиссари Николай Скрипник, Украина ССР раҳбари Эммануил Квиринг (миллати немис) Қримда «Яҳудий автономияси» тузилишига қарши бўлишади.
Юқоридаги шахслар орасида айниқса Қрим АССР раҳбари Вали Иброҳимов қримтатарларнинг ватани бўлган яриморолнинг яҳудийларга берилишига қаттиқ қаршилик кўрсатади.
1927 йилда Қримга Москвадан Марказий қўмита инструктори И.Козлов бошчилигида комиссия юборилади. Симферополда йиғилиш ўтказилади ва унда Қримга яҳудийларни жойлаштириш масаласи овозга қўйилади. Вали Иброҳимовдан ташқари барча рози бўлади.
Қримда Яҳудийлар автономиясини тузишга қарши бўлган Вали Иброҳимовнинг тақдири аянчли кечади. 1928 йилда уни ҳибсга олишади ва отиб ташлашади. (Иброҳимов 1990 йилга келиб оқланади).
Шундан сўнг ҳеч ким Қримга яҳудийларнинг жойлаштирилишига қаршилик кўрсатмайди. Жумладан, Украина раҳбарияти ҳам. Шу тариқа 1928 йилдан бошлаб яҳудийларга Қримдан ер ажратиш бошланади.
1932 йилга келиб бу ерда 86 та яҳудий қишлоқ қўрғони пайдо бўлади. Яриморолда яшовчи яҳудийлар сони 20 мингдан ошади.
1930 йилда Қримда илк маъмурий бирлик – Фрайдорф яҳудий миллий тумани пайдо бўлади. Кўп ўтмай иккинчи маъмурий бирлик – Лариндорф тумани ташкил этилади.
Иккинчи томондан Узоқ Шарқда ҳам яҳудийлар учун маъмурий бирлик тузиш ҳаракати бошланади. 1930 йил 20 август куни РСФСР марказий ижро қўмитаси Узоқ Шарқ ўлкасида Биро-Биджон миллий туманини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Кўп ўтмай совет ҳукумати Яҳудийлар автономиясини Қримда эмас, Узоқ Шарқда ташкил этишга қарор қилади. Яҳудийлар Узоқ Шарққа кўчирила бошланади.
Узоқ Шарқда Яҳудийлар автономияси ташкил этилиши
СССР марказий ижро қўмитасининг 1934 йил 7 майдаги қарори билан Узоқ Шарқда ташкил этилган Биро-Биджон миллий тумани Яҳудий миллий мухтор вилояти деб қайта номланади.
1934 йил 20 июлда мухтор вилоятнинг маъмурий бўлиниши тасдиқланади. Мухтор вилоятдан Амур-Тунгус тумани ажратиб олиниб, Хабаровск вилоятига қайтариб берилади. Ўрнига Хабаровск вилоятидан Облученский тумани олинади.
Шу тариқа, Яҳудийлар автономиясида бешта, Биробиджон, Бирск (ҳозирда Облученский), Сталин (ҳозир Октябр), Блюхер (ҳозир Ленин), Смидович туманлари ташкил этилади.
Шундан сўнг мухтор вилоятга миллати яҳудий бўлган партия ходимлари, раҳбарлар, ишчилар жўнатила бошланади. 1934 йил 18 декабр куни Яҳудийлар миллий мухтор вилояти кенгашининг биринчи съезди ўтказилади ва маъмурий бирликнинг раҳбарлари тасдиқланади.
1935 йил январ ойида Москвада Калинин яҳудий ишчилари билан учрашув ўтказади ва унда совет ҳукумати «яҳудийларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб», бу миллатга ўз миллий маъмурий бирлигини тузишга рухсат берганини айтади.
2023 йил маълумотларига кўра Яҳудий мухтор вилоятида 147 минг аҳоли бор. Улар орасида яҳудийлар жуда кам, бор-йўғи 800-900 нафар. Яҳудийлар вилоят аҳолисининг бор-йўғи 0,5-0,6 фоизини ташкил қилади. Вилоятга Ростислав Голдштейн раҳбарлик қилмоқда.
Қримда Яҳудийлар автономиясини ташкил этиш масаласининг қайта кўтарилиши
1941 йилда Германия СССРга ҳужум бошлагач кўп ўтмай Қрим ҳам немислар томонидан босиб олинади. Унгача бу ерда яшовчи яҳудийлар яриморолдан мамлакат ичкарисига қочиб кетишади.
Қочишга улгурмаганлар немислар томонидан асирга олинади ёки ўлдирилади. Шу тариқа, Қримда яҳудийлардан ҳеч ким қолмайди.
1943 йилдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида вазият ўзгаради ва совет армияси қайта ҳужумга ўтади. Тез орада совет армияси Қримни озод қилиши ҳам аниқ бўлиб қолади.
Кўп ўтмай Теҳронда СССР, Британия ва АҚШ раҳбарларининг конференцияси ўтказилади. Конференцияда АҚШ президенти Ленд-лиз ёрдами эвазига Қрим озод бўлганидан сўнг яриморолда «Яҳудийлар автономияси»ни ташкил этишни сўрайди.
АҚШ президенти Сталинга яриморолни «Қрим Калифорнияси»га айлантириш ҳақида гапирганди. Айрим манбаларга кўра, ўшанда Британия ва АҚШ раҳбарлари яҳудийлар давлатини Фаластинда эмас, Қримда тузишни хоҳлашган.
1944 йил февралда совет яҳудийлари яриморолда Яҳудийлар иттифоқдош республикасини тузиш таклифини беради. Жумладан, Яҳудий антифашист қўмитаси аъзолари Соломон Михоэлс ва Исаак Фефер Вячеслав Молотов билан учрашиб Қримни яҳудийларга бериш масаласини муҳокама қилишади.
Ўша пайтда барча масалани шахсан Сталиннинг ўзи ҳал қилгани учун, 1944 йил 15 феврал куни Михоэлс, Фефер ва публицист Шахно Эпштейн Сталинга мактуб жўнатишади.
Мактубда улар совет қўшинлари Қримни озод қилганидан сўнг яриморолда Яҳудий совет социалистик республикаси тузишни таклиф этишади.
Шунингдек, мактубда Узоқ Шарқдаги мухтор вилоят яҳудийлар кўчиб бориши учун ноқулайлиги, Қримда яшаган кўплаб яҳудийлар немислар томонидан қириб юборилгани ва шунинг ҳаққи-ҳурмати учун яриморол яҳудийларга берилиши лозимлиги ёзилган эди. Сталин яҳудийларнинг бу мактубини эътиборсиз қолдиради.
Орадан уч ой ўтиб, 1944 йил май ойида Қримдан унинг тубжой аҳолиси қримтатарлар ҳам депортация қилинади. Шундан сўнг яҳудийлар бўшаб қолган Қримда ўз республикаларини тузиш масаласида «жонланиб» қолишади. Бироқ бу амалга ошиши учун Сталиннинг розилиги керак, «Доҳий» эса ҳеч рўйхушлик бермасди.
Уруш тугашидан сал аввал, 1945 йил 4-11 феврал кунларида СССР, Британия ва АҚШ раҳбарлари Қримда учрашишади. Рузвельт бу сафар ҳам «Қрим Калифорнияси» ҳақида гапиради. Бироқ Сталин унинг гапларини яна эътиборсиз қолдиради.
Қримда яҳудий республикаси тузилишининг барбод бўлиши
1947 йилда БМТ резолюцияси билан Фаластин ерларида яҳудийлар ҳамда араблар давлатини тузиш ҳақида қарор қабул қилинади. 1948 йил май ойида Исроил давлати ташкил этилади. Араб давлати тузилмайди ва ўртада уруш бошланади.
Шунда СССРдаги яҳудийларнинг аксарияти ва Яҳудий антифашист қўмитаси аъзолари бу урушда АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлган Исроилни қўллаб чиқишади. Бу иш Сталинни ғазаблантириб юборади.
Унинг буйруғи билан НКВД яҳудийларга Яҳудий антифашист қўмитасини тарқатиб юбориш талабини қўяди. Бироқ қўмита раҳбарлари ва аъзолари парво қилишмайди.
Шундан сўнг Яҳудий антифашист қўмитасининг энг фаол аъзоси Соломон Михоэлс қидирувга берилади ва 1947 йилда Минскда НКВД ходимлари томонидан отиб ўлдирилади.
Орадан бир йил ўтгач, 1948 йил сентябрда СССРда «Яҳудийлар иши» номи билан машҳур бўлган қатағонлар бошланади. Энг аввал Яҳудий антифашист қўмитаси аъзолари ҳибсга олинади, сўнг бошқалар.
Қатағон тўрт йил давом этади ва мамлакатдаги кўзга кўринган таниқли яҳудийлардан 125 нафари ҳибсга олинади. Улардан 12 нафари отиб ташланади. Қолганлари узоқ муддатларга қамалади.
Отиб ташланганлар орасида Қримда яҳудий республикасини тузиш тарафдори бўлган Исаак Фефер, қамалганлар орасида Сталиннинг яқин одами Вячеслав Молотовнинг хотини Полина Жемчужина ҳам бор эди.
Шу тариқа, «Яҳудийлар иши»дан сўнг Қримда «Яҳудий автономияси»ни тузиш режаси ўз-ўзидан йўққа чиқади. Сталин вафотидан сўнг 1956 йилда Қрим Украина ССРга берилади. Яҳудийлар фақат Узоқ Шарқдаги Яҳудий мухтор вилоятини сақлаб қолишади холос.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
10:20 / 11.11.2024
Трамп жамоаси «йўқотилган Қрим» ҳақидаги сўзлардан бош тортди
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024