Жаҳон | 11:44 / 01.11.2023
20161
15 дақиқада ўқилади

Фазовий пойгада Америка ғалаба қозонганми ёки СССР? Космик парвозлар рекордлари кимларга тегишли?

Инсоният фазога илк бор парвоз қилгандан бошлаб жуда кўп рекордлар ўрнатган. Жумладан, фазода энг узоқ вақт бўлиш, энг кўп марта парвоз қилиш, энг юқори тезликда ва энг узоқ масофага учиш бўйича ақл бовар қилмас натижалар қайд этилган. Ушбу материалда космик рекордларнинг асосий қисми билан таништириб ўтамиз.

2023 йил 3 октябр куни фазода космик станцияда 371 кун яшаган НАСА астронавти Франк Рубио Ерга қайтиб тушди. Бу НАСА астронавтлари орасида фазода энг узоқ муддат қолиш бўйича рекорд бўлди. Бунгача АҚШлик астронавтлардан бири фазода 355 кун қолган эди.

Франк Рубио ўтирган капсула Қозоғистоннинг Жезқазған шаҳри яқинига келиб қўнган. Уни махсус шифохонага олиб кетишган. Астронавтлар ва космонавтлар фазода узоқ муддат қолиб кетса уларнинг танасида турли ўзгаришлар бўлади. Шу сабабли энди Франк Рубио жиддий текширувлардан ўтказилади.

Франк бир йилдан ошиқ давом этган космик саёҳати давомида спорт жиҳозлари билан турли машқлар қилган. Энди ўша машқлар унинг танасига қандай таъсир кўрсатгани ўрганилади.

Франк Рубио
www.alamy.com

Инсоният Қуёш системасини чуқурроқ ўрганишни режа қилаётган бир пайтда бундай тадқиқотлар жуда муҳим. Масалан, Марсни ўрганиш дастури бўйича фазода 1100 кун – 3 йил бўлиш режа қилинган.

Марсга жўнатиладиган космик кема Халқаро Космик cтанциядан кичикроқ ҳажмда бўлади ва бу кемага енгил ва кичик ҳажмли спорт жиҳозларни ўрнатиш мумкин холос.

Аввалроқ Kun.uz’да Ойга учган космик аппаратлар ва америкаликларнинг Ойга парвозлари ҳақида мақолалар берилганди. Бу сафар космик рекордлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтамиз.

Космик рекордларнинг аксарияти инсонлар парвози билан боғлиқ. Бироқ улар орасида фазога учган жонзотлар ва турли космик қурилмаларга тегишли рекордлар ҳам бор.

Космик станциянинг тузилиши

Инсоннинг фазога илк парвозлари

Фазога биринчи бўлиб 1961 йил 12 апрел куни совет фуқароси Юрий Гагарин «Восток-1» космик кемаси билан парвоз қилган. У фазода 1 соат 48 дақиқа (108 дақиқа) бўлиб, бу вақт мобайнида Ер куррасини бир марта айланиб чиққан.

1961 йил 5 май куни АҚШ ҳам фазога одам учиради. Астронавт Алан Шепард Mercury MR-3 космик кемаси билан фазода 15 дақиқа бўлади ва Ерга қайтиб тушади.

НАСА томонидан фазога биринчи учирилган Алан Шепард
www.alamy.com

Орадан икки ярим ой ўтиб, 1961 йил 21 июл куни америкалик яна бир астронавт Виржил Грисс Mercury MR-4 космик кемасида парвоз қилади. У ҳам фазода 15 дақиқа бўлиб, Ерга қайтиб тушади. Шу тариқа фазога одам учириш бўйича АҚШ ва СССР ўртасида мусобақа бошланади.

Аёллардан фазога илк бор совет космонавти Валентина Терешкова учган. У 1963 йил 16 июн куни «Восток-6» космик кемасида парвоз қилади ва фазода 2 сутка, 22 соат 51 дақиқа бўлади. Терешкова Ер куррасини 48 марта айланиб чиқади ва қарийб 2 миллион километр масофани учиб ўтади.

Америкаликлардан фазога илк бор 1983 йилда Салли Райд учади. Унгача 1963 йилда Валентина Терешкова ва Светлана Савицкая фазога учган эди. Салли аёллар орасида учинчи, америкалик аёллардан биринчи бўлиб парвоз қилган. Ўшанда Салли Райд бири ўзи эмас, Challenger STS-7 космик кемасида тўрт нафар ҳамкасби билан биргаликда учган эди.

Салли Райд
www.airspacemag.com

Очиқ фазога чиққан биринчи космонавт

Космонавтлар орасида илк марта очиқ фазога 1965 йил 18 март куни совет космонавти Алексей Леонов чиққан. У космик кема ташқарисида 12 дақиқа 9 сония бўлади.

Ўшанда Леонов «Восход-2» космик кемасида Павел Беляев билан бирга парвоз қилган эди.

Аёллар орасида очиқ фазога биринчи бўлиб Светлана Савицкая чиққан. У 1984 йил 25 июл куни очиқ фазога чиқади ва «Салют-7» космик кемаси ташқарисида 3 соат 34 дақиқа бўлади.

Алексей Леонов
www.bbc.co.uk
Светлана Савицкая
www.alamy.com

Фазода энг кўп вақт ўтказган космонавтлар

Россиялик Геннадий Падалка фазода энг кўп вақт ўтказган космонавт ҳисобланади. У 1998 йилдан 2015 йилгача жами беш марта парвоз қилган ва 878 сутка 11 соат вақтини фазода ўтказган.

Падалканинг рекорди 2016 йил 15 апрел куни Халқаро авиация федерацияси томонидан қайд этилган. Унгача Сергей Крикалов фазода энг кўп вақт ўтказган космонавт ҳисобланарди.

Геннадий Падалка
communist.ucoz.ru

Сергей 1988 йилдан 2005 йилгача жами олти марта парвоз қилган ва фазода 803 кун, 9 соат 39 дақиқа бўлган. Падалка ва Крикалов фазода асосий вақтини «Мир» орбитал станциясида ўтказишган.

Ҳозир ҳам фаол бўлган космонавтлар орасида Александр Калери фазода энг узоқ вақт бўлган. У 1992 йилдан 2011 йилгача бўлган беш марта парвоз қилган ва фазода 769 кун, 6 соат 35 дақиқани ўтказган.

Аёллар орасида фазода энг кўп вақт ўтказиш бўйича рекорд америкалик Пегги Уитсонга тегишли. У 2002 йилдан 2018 йилгача тўрт марта парвоз қилган ва умумий ҳисобда 675 сутка 3 соат вақтини фазода ўтказган.

Пегги Уитсон
stock.adobe.com

Фазода узлуксиз энг кўп вақт ўтказган космонавтлар

1994 йил 8 январ куни «Союз ТМ-18» миссияси доирасида парвоз қилган россиялик космонавт Валерий Поляков «Мир» орбитал станцияси бортида 437 кун 7 соат бўлади.

Шу вақт ичида у Ерни 7 075 марта айланиб, 300 миллион 765 минг километр масофани босиб ўтади. Миссия 1995 йил 22 мартда якунланди ва Поляков «Союз ТМ-20» космик кемасида Ерга қайтиб тушади.

Аёллар ўртасида узлуксиз энг узоқ вақт фазода бўлиш рекорди америкалик астронавт Кристина Кукка тегишли. У 2019 йилда 328 сутка 13 соат фазода бўлган.

Унгача рекорд америкалик Пегги Уитсонга тегишли эди. Пегги 289 сутка 5 соат фазода бўлган.

Учинчи ўринда италиялик космонавт Саманта Кристофоретти жойлашган. Саманта 2014 йил ноябрдан 2015 йил июнгача жами 199 сутка давомида халқаро космик станцияда бўлади.

Кристина Кук
www.dostor.org

Очиқ фазода энг кўп вақт бўлиш

Очиқ фазода узлуксиз энг кўп бўлиш рекорди америкалик астронавтлар Жеймс Восс ва Сюзен Хелмсга тегишли. Улар 2001 йилда халқаро космик станциядан очиқ фазога чиқишади ва у ерда 8 соат 56 дақиқа бўлишади.

Очиқ фазода энг кўп марта бўлиш бўйича рекорд россиялик космонавт Анатолий Соловёвга тегишли. У жами 16 марта очиқ фазога чиққан ва 78 соат 48 дақиқа вақтини космик кема ташқарисида ўтказган.

techno.bigmir.net

Аёллар орасида бундай рекорд америкалик астронавт Пегги Уитсонга тегишли. У жами 10 марта очиқ фазога чиққан ва 60 соат 19 дақиқа вақтини ташқарида ўтказган.

Унгача рекорд америкалик бошқа бир астронавт Сунита Уилямсга тегишли эди. Сунита жами етти марта очиқ фазога чиққан ва 50 соат 40 дақиқа вақтини космик кема ташқарисида ўтказган.

Ойга биринчи тушиш

Ой сиртига биринчи марта Нил Армстронг тушган ва 2,5 соат вақтини Ернинг табиий йўлдоши сиртида ўтказган. Унинг шериги Эдвин Олдрин Ой сиртида 1,5 соат бўлган.

Ой юзасида узлуксиз равишда энг узоқ вақт америкалик астронавт Южин Сернан ва Харрисон Шмитт бўлишган. Улар жами 7 соат 36 дақиқа вақтларини Ой сиртида ўтказишган.

www.shutterstock.com

Ой сиртида энг узоқ вақт қолиш рекорди ҳам Южин Сернан ва Харрисон Шмиттга тегишли. 1972 йил 11 декабр куни ичида Южин ва Харрисон бўлган «Аполлон-17» космик кемаси Ойга қўнади.

Улар 14 декабргача 74 соат, 59 дақиқа Ой сиртида қолишади. Астронавтлар бу вақт мобайнида уч марта Ой юзасига чиқишади у ерда 22 соатдан кўпроқ вақт ўтказишади.

Биринчи кўп ўринли космик кема парвози

1964 йилгача космик кемаларда бир кишилик ўрин бўлган ва космонавтлар ҳамда астронавтлар ёлғиз учишган.

1964 йил 12 октябр куни илк марта СССР уч киши жойлашадиган «Восход» космик кемасини учиради. Унда Владимир Комаров, Константин Феоктистов ва Борис Егоров бор эди. Улар фазода бир сутка бўлиб, 13 октябр куни Ерга қайтиб тушади.

vk.com

Биринчи космик станция

1971 йилда советлар фазога биринчи космик станцияни учиришади. «Салют-1» деб номланган космик станция Ердан 200-222 километр баландликда жами 174 сутка учиб юради.

Энг кўп сонли экипаж

1985 йилда америкаликлар кўп марта фойдаланса бўладиган Challenger шаттлини тўққизинчи марта учиришади. Ўшанда космик кема бирданига 8 нафар астронавтни фазога олиб чиқади. Улар октябр ва ноябр ойларини фазода ўтказиб, сўнг Ерга қайтиб тушишади.

Энг ёш ва энг кекса космонавтлар

Энг ёш космонавт Герман Титов бўлган. У 1967 йил 6 август куни «Восток-2» космик кемаси билан фазога парвоз қилганда 25 ёш 10 ойлик бўлган.

Самога парвоз қилганлар орасида энг кекса одам америкалик астронавт Жон Гленн бўлган. У 1998 йил 29 октябрда Discovery шаттли билан фазога парвоз қилганида 77 ёшда эди. Ўшанда Жон фазода саккиз кун қолади.

Америкалик Жон Гленн 77 ёшида ҳам парвоз қилган
pics-about-space.com

Аёллар орасида энг ёш космонавт Терешкова ҳисобланади. У 1963 йил 16 июн куни парвоз қилган пайтида 26 ёшда бўлган.

Фазога учган энг кекса аёл америкалик Барбара Морган ҳисобланади. У 2007 йилда Endeavour шаттлида парвоз қилганида 55 ёшда эди. Ўшанда Барбара фазода 13 кун бўлади.

Фазода бир вақтда энг кўп космонавтларнинг бўлиши

Фазода бир вақтда ва бир жойда энг кўп космонавтлар 1995 йил 14 март куни йиғилади. Ўшанда «Мир» орбитал станциясига туташиб турган учта космик кемада 13 нафар космонавт ва астронавт бор эди.

Жумладан, «Союз ТМ-20» космик кемасида 3 нафар, Endeavour шаттлида 7 нафар, «Союз ТМ-21»да 3 нафар космонавт бўлган.

Мир космик станцияси
www.alamy.com

Фазода танаффуссиз энг узоқ вақт парвоз қилиш

1989 йил 5 сентябрда «Союз ТМ-8» космик кемаси учирилади. Орадан икки йил ўтиб СССР парчаланиб кетади, бироқ космик кема Ерга қайтиб тушмай парвозни давом эттираверади.

Кейинчалик «Союз ТМ-8» «Мир» космик станциясига айлантирилади ва унга бошқа космик кемалар бориб туташади. Шу тариқа «Союз ТМ-8» фазода 3 644 кун (қарийб 10 йил) парвоз қилиб юраверади.

Ана шу вақт мобайнида космик кемадан космонавт узилмаган. Бири учиб борганда бошқаси қайтиб тушган ва у ерда доим одам бўлган.

Бу вақт мобайнида космик станцияга СССР ва Россиянинг 22 та космик кемаси, 1995-1998 йиллар оралиғида америкаликларнинг «Atlantis», «Endeavour» ва «Discovery» космик кемалари ҳам бир неча марта бориб туташади.

www.shutterstock.com

Космик станцияга туташган бошқа космик кемалар унда доимий қолмаган. Улар маълум вақт давомида ўзларига берилган вазифани бажаришган ва Ерга қайтиб тушишган. 1999 йил 28 августда «Союз ТМ-29» космик станция билан туташади ва ундаги космонавтларни олиб ортга қайтди. 2001 йил 23 март куни станция ўз фаолиятини тўхтатади.

Энг узоқ давом этган яккалик парвоз

1963 йил 14 июн куни Валерий Биковский «Восток-5» кемасида парвоз қилади. У фазода 4 кун 23 соат 7 дақиқа вақт ўтказади ва 19 июн куни Ерга қайтиб тушади.

Биковскийнинг ана шу парвози энг узоқ давом этган яккалик парвоз сифатида тарихда қолган.

www.alamy.com

Ҳайвонларнинг энг узоқ парвози

Маълумки, фазога инсондан аввал ҳайвонлар учган. Жумладан СССРда Белка ва Стрелка номли итлар, Америкада маймун учирилган. Ҳайвонларни учириш одам учгандан сўнг ҳам давом этади.

1966 йил 22 феврал куни советлар «Космос-110» космик кемасини фазога учиришади. Унинг бортида Ветерок ва Уголок лақабли иккита ит бор эди холос. Итлар фазода 22 кун бўлиб, 1966 йил 16 март куни Ерга қайтиб тушишади.

Инсоннинг энг узоқ масофага парвози

«Аполлон-13» экипажи аъзолари Жим Ловелл, Фред Хейс ва Жон Свигерт Ердан Ойнинг орқа томонига парвоз қилиш вақтида жами 400 171 километр масофани учиб ўтишади. Бу рекорд 1970 йил 15 апрел куни халқаро вақт билан соат 0:21 да ўрнатилади.

Жим Ловелл, Фред Хейс ва Жон Свигерт
www.alamy.com

Энг юқори тезликдаги парвоз

«Аполлон-10» экипажи аъзолари Томас Стаффорд, Жон У Янг ва Южин Cернан фазога парвоз қилиб, Ерга қайтиб тушишда рекорд даражадаги тезликка эришишади.

Ўшанда улар соатига 39 896 километр (секундига 11,1 километр) тезликда ҳаракатланишади. Бу инсоният томонидан техник қурилма билан босиб ўтилган энг юқори тезлик ҳисобланади.

Маълумот учун, товушдан тез учувчи ҳарбий самолётлар ўз тезлигини соатига 20 минг ва ундан бироз баланд тезликкача ошира олади.

Энг кўп парвоз қилганлар

Франклин Чанг-Диаз ва Жерри Л. Росс (иккаласи ҳам АҚШ фуқароси) фазога етти мартадан парвоз қилишган.

Чанг Диаз
www.alamy.com

Кертис Браун, Майкл Фоале, История Масгрейва, Жеймс Уезерби, Жон Янг (АҚШ фуқаролари), Сергей Крикалов, Геннадий Стрекалов (Россия фуқаролари) олти мартадан парвоз қилишган.

Фазога энг кўп одам учирган давлатлар

Фазога энг кўп одамни АҚШ учирган – 335 нафар астронавт. Иккинчи ўринда СССР (Россияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда)  – 118 нафар космонавт учирган. Умумий ҳисобда фазога 37 та давлатдан қарийб 600 киши учган. Уларнинг 59 нафари аёллар бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид