Спорт | 14:02 / 07.11.2023
28714
10 дақиқада ўқилади

Лондонда «қирпичоқ». «Челси» «Тоттенҳэм»нинг суперсериясини тўхтатди

Икки футболчи четлатилди, 5 та гол бекор қилинди, 22 дақиқа қўшиб берилди. АПЛда яна бир ҳиссиётларга бой ва қайноқ учрашув бўлиб ўтди.

Фото: IMAGO/George Beck/PPAUK

«Тоттенҳэм» – «Челси» 1:4 (1:1, 0:3)
Голлар:
1:0 – 6 Кулусевски, 1:1 – 35, пеналти Палмер, 1:2 – 75 Жексон, 1:3 – 90 Жексон, 1:4 – 90 Жексон.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен (Ҳейберг, 45), Удоджи, Мэддисон (Эмерсон, 45), Биссума, Кулусевски (Скипп, 61), Сарр (Бентанкур, 61), Сон Хин Мин, Жонсон (Дайер, 34).
«Челси» – Санчес, Жеймс (Гюсто, 77), Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл (Кукуреля, 46), Галлаҳер, Фернандес (Мудрик, 58), Палмер, Кайседо, Стерлинг (Угочукву, 90), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Удоджи (18), Жексон (45), Сарр (45), Колуилл (45), Гюсто (86), Мудрик (89), Угочукву (90).
Четлатишлар: Ромеро (33), Удоджи (55).

АПЛнинг 2- ва 13-ўринларидаги жамоалари учрашуви — у қадар интригали бўлиб кўринмайди. Ангелос Постекўғли бошчилигида янги даврга кирган «Тоттенҳэм» — душанба куни оқшомига келиб АПЛнинг мағлубиятсиз давом этаётган ягона жамоаси сифатида қолаётганди. Бу жамоа учун 62 йилдаги энг яхши старт эди — дастлабки 10 турда саккиз ғалаба ва икки дуранг, «шпорлар» ҳатто Маурисио Почеттино даврида ҳам бундай ёрқин старт қайд эта олмаганди.

Ўз навбатида, аргентиналик мутахассис бошчилигидаги «Челси» ҳам янги даврда, аммо бу мавсум старти у қадар кўнгилдагидек кечмади, 11-тур арафасида жамоанинг мағлубиятлари сони (4) ғалабалар сонидан (3) кўпроқ эди. Лекин турнир жадвалидаги ўринларига қарамай жамоалар ўта шиддатли, курашлар, воқеалар ва видеотакрорларга бой ўйин намойиш этиб беришди. 

Илк дақиқаларданоқ икки томон ҳам ҳужумга ташланди. «Тоттенҳэм» эса АПЛда етакчилик учун курашаётган жамоа эканини намойиш этди ва меҳмонларни тезкор гол билан сийлади. Олтинчи дақиқада Мэддисон Саррга битта узатма билан рақибнинг яримҳимоя чизиғини ўйиндан узиб қўйди.

Сенегаллик яримҳимоячи Кулушевскини тўп билан таъминлади, унинг зарбаси эса Колвиллнинг бели орқали рикошет бўлиб бориб Санчесни доғда қолдирди. Майдон марказидаги бундай хато мудофаадаги омадсизлик билан қоришиб, ҳисоб очилди.

Кейин эса мезбонлар тўпни аутдан ўйинга киритишда хато қилишди ва фақат Викарионинг қаҳрамонлиги жамоани жавоб голидан қутқарди.

Яна бир неча дақиқа ўтиб VAR катта саҳнага чиқди ва ўйин охирига қадар бу ердан тушмади. Дастлаб «Челси»нинг омади келди: Жонсон қанотдан Сон Хин Минни тўп билан таъминлади ва кореялик ҳужумчи дарвозани ишғол этди. Аммо бундан олдин кичик офсайд рўй берганди, шу туфайли Майкл Оливер голни бекор қилди, VAR билан узоқ маслаҳатлашувдан кейин ҳам ҳукм ўзгармади.

Лекин бу ҳали бошланиши эди. Удоджи икки оёғи билан Стерлингга ташланди ва сариқ карточка олди. Рақиб вазиятни текширишни ва қизил карточка кўрсатишни талаб қилди. Яна видеотакрор ва қарор аввалгидек қолди.

Яна бир неча дақиқа ўтиб «кўклар» ҳисобни тенглаштирди. Стерлинг чап қанотдан жарима майдонига кириб келиб, Поррони алдаб ўтди ва тўпни узоқ бурчакка жойлади. Яна VAR вазиятга аралашди. 10 дақиқа ичида тўртинчиси. Видеотакрордан кейин Раҳим тўпни қўли билан ўйнагани тасдиқланди.

27-дақиқада «Челси» яна бир бор дарвозани ишғол этди, бу сафар Мойсес Кайседо жарима майдони ташқарисидан кучли зарба берди. Ва яна Оливер вазиятга аралашди – лекин бу ҳужумда икки эпизод кўриб чиқилди:

Аввал гол бекор қилинди, чунки зарба траекториясига туриб қолган Николас Жексон офсайд ҳолатида эди;

Кейин Ромеронинг Энцога ташланиши кўриб чиқилди ва «Тоттенҳэм» иккиталик жазога дучор бўлди — аргентиналик ҳимоячи четлатилди ва 11-метрлик жарима зарбаси белгиланди.

Бу Ромеро АПЛдаги сўнгги икки йилда тўртинчи бор қизил карточка олиши, лигада бу даврда бошқа ҳеч ким у каби кўп четлатилмаган. Аслида у олдинроқ майдонни тарк этиши ҳам мумкин эди, 21-дақиқада у Тиагога нисбатан хавфли ўйнаган, ётган ҳолатда Колуиллнинг оёғига тепиб қолганди. Бу вазият Стерлинг гол урган ҳужум бошланган вақтда рўй берган ҳамда ҳакамлар эътиборидан четда қолганди.

Ёш Палмер ўз вазиятидан фойдаланди, Викарио тўп йўналишини топган бўлса ҳам унга ета олмади. Ўйин бутунлай ўзгарди — бу VAR тизими туфайли. Усиз Кайседонинг голи ҳисобланган бўларди, аммо жамоалар тенг таркибда ўйнашда давом этарди.

37-дақиқада «Челси» яна гол урди: Стерлинг олдинга ташланди ва тўпни Жексонга узатди, у эса осонлик билан дарвозани ишғол этди. Аммо бекор қилинган голлар паради давом этди – бу сафар Раҳим офсайдда қолгани видеотакрорсиз ҳам маълум эди.

«Шпорлар» учун синов шу билан тугаб қолмади. Бўлим охирида жамоа жароҳат туфайли ван де Венни ҳам йўқотди: унинг эса оёқ мушаклари шикастланди.

Бўлимга қўшиб берилган 12 дақиқа якунланиб бораётганида яна видеотакрорга мурожаат қилишга тўғри келди. Жеймс тирсаги билан Удоджига зарба берди ва майдондан четлатилиши мумкин эди. Лекин ҳакам «Челси» етакчисини кечирди ва ҳатто сариқ карточка ҳам олмади.

Икки марказий ҳимоячисидан айрилган Постекўғли марказдаги яратувчилар — Жонсон ва Мэддисон (у ҳам оёғини қайириб олди) жуфтлигидан воз кечишга мажбур бўлди. У танаффусда қўшимча тузатишлар киритди ва жамоа тўлиқ ҳимояланишга ўтди.

Почеттино ҳам паузадан фойдаланиб, Колвилл ўрнига Кукуреляни туширди. Бу орқали меҳмонлар бир ўқ билан икки қуённи уришди. Биринчидан, биринчи бўлим охирида асаблари дош бермаган ва можаро келтириб чиқарган Колвилл қизил карточка ишлаши эҳтимоли истисно қилинди. Иккинчидан, чап қанотда босим кучайтирилди ва бу охир-оқибат мезбонлар сафида яна бир футболчи четлатилишига олиб келди.

Иккинчи бўлим кутилганидек меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланди. 55-дақиқада Стерлинг қарши ҳужумга отилди ва биринчи бўлимда сариқ карточка олган Удоджи уни йиқитди.

Фото: IMAGO/Paul Terry/Global Look Press

Италиялик ҳимоячи подкат бошлаётганида қандай аҳмоқлик қилаётганини тушуниб қолди, аммо энди кеч бўлганди.

Фото: CHRIS LEE/GETTY IMAGES

Энди «Челси»нинг ғалабаси вақт масаласи бўлиб қолганди. Қатор футболчилар позицияларини ўзгартиришга мажбур бўлган «9 га 11» форматида ҳеч қандай иккинчи план иш бермаслиги тайин эди. «Тоттенҳэм» энди олдинги турларда ўзининг жабрланувчиси бўлган «Ливерпул» ролини бажариб, 20 дақиқа давомида қаҳрамонларча ҳимояланди, Викарио мўъжизалар кўрсатди, ҳимоячи Ҳейберг дарвоза чизиғи устидаги тўпни тиззаси билан олиб чиқди, жамоа устози эса қуйи блокда ҳимояланмасдан, ҳимоя чизиғини деярли майдон марказида қурди.

Бу бир томондан кўкларни офсайдда тутишга ёрдам берарди. Бошқа томондан — «Челси» таркибида тезкор футболчилар жуда кўплиги туфайли хавфларни арита олмасди. Ҳатто Кукуреля ҳам бирга-бир вазиятга чиқиб кетди, Почеттино эса Фернандес ўрнига Мудрикни тушириб, форвардлар сонини оширди.

Алал-оқибат сон устунлиги сифат устунлигига айланди ва 75-дақиқада «Челси» барибир ҳисобда олдинга чиқди – Стерлинг яна барчадан қочиб кетди ва бўш дарвоза қаршисида очилган Жексонни тўп билан таъминлади, у эса бир тегинишда ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Бу вазиятда ҳам офсайд бор ёки йўқлиги текширилди, аммо меҳмонларнинг яна омади келганди – гол тоза урилган деб топилди.

Ва шундай ҳолатда ҳам «Тоттенҳэм» ўйинни ташлаб қўймади ва жавоб қайтара олди – аммо Эрик Дайернинг аниқ зарбасидан кейин вазиятга яна видеотакрор аралашди ва ўйинда бешинчи бор голни бекор қилди. Бентанкур бош билан тўп узатган вақтда Дайерда кичик офсайд бўлгани маълум бўлди.

«Шпорлар» яна нимадир қилишга уринди: қўлидан келганча, ёппасига прессинг уюштирилди, стандарт вазиятда яна ўша Бентанкурда голли вазият бўлди, Сон ҳам ўз услубида юриш қилиб кўрди, аммо унинг бурчакка йўналтирилган зарбасини Санчес қайтарди.

«Челси» эса сон жиҳатдан устунлигидан фойдаланиб, қўшимча дақиқаларда рақибни Жексоннинг иккинчи ва учинчи голлари билан узил-кесил таслим этди. 4:1 — умуман ўйинга мос бўлмаган ҳисоб.

Фото: ALEX PANTLING/GETTY IMAGES

«Тоттенҳэм» учун бу мавсумдаги илк мағлубият. Қайғули, аммо критик даражада эмас. Қолаверса, жамоа характери айнан шундай ўйинларда тобланади. «Челси» эса АПЛда сўнгги ойдаги илк ғалабасига эришди ва 10-поғонага кўтарилди, аммо жамоани кейинги турларда «Ман Сити», «Нюкасл», «Брайтон» ва «МЮ» каби рақиблар кутмоқда — бу ўйинларда эса рақиб футболчилари майдондан четлатилишига таяниш қийин.

Гари Линекер ижтимоий тармоқда бу ҳодисани шундай ифодалади: «Бу ўйин эмас, жаҳаннам».

Мавзуга оид