Иқтисодиёт | 19:09 / 09.11.2023
25419
1 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси раисининг лавозимга лойиқлиги кўриб чиқилади

Президент йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани ва бошқа ҳолатларни Рақобат қўмитаси фаолиятидаги “жиддий камчиликлардан далолат” деб атади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳмедов лавозимида озод этилиши мумкин.

Президент ўтказган 9 ноябр кунги селекторда сут ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди. Сариёғ экспортига чекловни бекор қилиш, сут етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқиш бўйича ҳукуматга топшириқ берилди.

Йирик чакана савдо тармоқларида сотилаётган қуруқ ва табиий сутдан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни алоҳида белгилаш амалиётини жорий этиш, кўчма гўшт-сут шохобчаларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.

Шу муносабат билан қўмита раиси Ш.Шораҳмедовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид