Жаҳон | 11:46 / 22.11.2023
3603
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навалний 23-марта жазо камерасига юборилди

Мухолифат етакчиси Алексей Навалний яна 15 кун жазо камерасида ўтиришга ҳукм қилинди. Унинг жазо камерасида умумий ўтказган вақти 266 кунни ташкил қилади.

Фото: Tatyana Makeyeva/AFP/Getty Images

Владимир вилоятидаги колонияда ўтирган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний яна жазо камерасига жўнатилди. «Улар менга яна 15 сутка берди», — деб ёзди сиёсатчи 21 ноябр, сешанба куни Telegram-каналида. 

Бу Навалнийнинг жазо камерасига 23-маротаба юборилиши. Бу сафар нима сабаб бўлгани айтилмаган. Янги жазо ҳисобга олинса, сиёсатчининг жазо камерасида ўтказган умумий вақти 266 кунни ташкил қилади. У ерга охирги марта 7 ноябр куни жойлаштирилган эди. 

Навалнийнинг таъкидлашича, тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун уни аллақачон Мелехово қишлоғидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан тергов изоляторига ёки махсус режимли колонияга ўтказишлари керак эди. 

«Тергов мени тергов изоляторига ўтказмоқчи эмас, лекин мен учун Сибирнинг бирон бир жойига, махсус режимли колонияга келишни ҳам хоҳламаяпти. Шунинг учун, одатдагидек, Россия қонунчилиги нормалари бу борада бекор қилинди ва улар мени эски жойимда ушлаб турмоқда», деб ёзади у. 

Навалний 19 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда 

Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан 2023 йил августида «экстремистик ҳамжамият» ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияда 19 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Расмийларга кўра, сиёсатчи асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси шундай ҳамжамият бўлган. 

Октябр ойида Навалнийнинг уч адвокати – Алексей Липцер, Вадим Кобзев ва Игор Сергунин «экстремистик ҳамжамият»да иштирок этганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Терговнинг фикрича, адвокатлар сиёсатчидан унинг жамоасига «мунтазам равишда маълумот узатиб турган».

Мавзуга оид