Иқтисодиёт | 18:32 / 25.11.2023
28341
9 дақиқада ўқилади

Кўпайган олтин экспорти, узоқроққа очилаётган Европа бозори ва кўчмас мулк бозорида пасайиш — “Иқтисодий таймлайн”

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси 1 йил ичида 25 фоизга ошди, экспорт ва импорт ўртасидаги манфий фарқ эса 10 млрд долларга етди. Кўчмас мулк бозорида пасайиш кузатиляпти. Энергетика вазири энерготизим қишга тайёрлиги ҳақида баёнот берди. Энди янги боғлар ва парклар қаерларда ташкил қилинишини ҳам фуқароларнинг ўзи ҳал қилади. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

Ташқи савдо: Олтин экспорти 2 баробарга ошди

2023 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга маҳсулот ва хизматлар экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга кўпайди. Импорт ҳажми эса 23 фоизга ошган. Бу ҳақда Статистика агентлиги эълон қилган ҳисоботда маълум қилинган.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ташқи савдо айланмаси 50 млрд доллар бўлганди. 2023 йилда бу кўрсаткичга 10 ойдаёқ эришилди. Январ–октябр ойларидаги ташқи савдо айланмаси 51 млрд долларга етди. Бунда, экспорт ҳажми 20,5 млрд долларни, импорт ҳажми эса 30,5 млрд долларни ташкил этиб, ташқи савдонинг салбий салдоси 10 млрд долларга етган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда – ўзаро товар айирбошлаш ҳажми салкам 11 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу – республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21 фоизи дегани.

Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлар бешлигидан Хитойдан кейин Россия, Қозоғистон, Туркия ва Корея ўрин олган.

Ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши камайиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2022 йилда 40 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда 33 фоизгача қисқарган.

Доимгидек, экспортнинг катта қисми олтин ҳиссасига тўғри келади. Январ-октябр ойларида 6,87 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу – умумий экспортнинг 33,6 фоизини ташкил этади. Олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,3 баробарга кўпайган.

Статистикага кўра, 10 ой давомида Ўзбекистон 561 млн долларлик газ импорт қилган, бу – 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 баробарга кўп. Ўз навбатида, газ экспорти қарийб 48 фоизга ёки 458 млн долларгача қисқарган.

Ўзбекистон фаол равишда кўмир импорт қилмоқда, мамлакат четдан 161 млн долларлик кўмир сотиб олиб, импорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 73 фоизга оширди. Электр энергияси импорти 44 фоизга, нефт импорти 2 фоизга ўсган. Генерация ошиб бориши фонида электр энергияси импорти 2 фоизга пасайди.

GSP+ имтиёзлари муддати узайтирилди

Ташқи савдо мавзусини давом эттирамиз. 2021 йилда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзлар дастурига қабул қилинган 8-давлат бўлган эди. Бу билан Ўзбекистон компаниялари Евроиттифоқ бозорларига 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотларни божсиз олиб кириш имконига эга бўлганди. 22 ноябр куни бу дастурнинг амал қилиш муддати 4 йилга – 2027 йил 31 декабргача узайтирилди.

Шу муносабат билан Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адрианнинг айтишича, имтиёз натижасида 2022 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига экспорти 2020 йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 647 млн долларга етган. Ўзбекистон Европага асосан тўқимачилик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларини етказиб беряпти.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи GSP+ дастурига инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳит ҳимояси ва оқилона давлат бошқарувига доир БМТнинг 27 та конвенциясини қабул қилган ривожланаётган давлатларни қабул қилади. Бенефициар давлатларнинг бу конвенциялар талабларини бажараётгани Евроиттифоқ томонидан мониторинг қилиб борилади. Ташкилотнинг Ўзбекистонга навбатдаги кузатув миссияси келаси йили келиши кутиляпти.

Кўчмас мулк бозорида пасайиш

Октябр ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси 10 фоизга камайди. Сентябрда 23 мингта олди-сотди битимлари имзоланган бўлса, ўтган ойда бу кўрсаткич 21 мингтага тушган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар бермоқда.

Марказ таҳлилларига кўра, кўчмас мулкни сотиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 7 фоизга камайган. Сотувлар пасайишининг энг юқори суръатлари Тошкентда – 27 фоиз, Жиззахда – 19 фоиз ва Сирдарё вилоятида 15 фоиз миқдорида қайд этилган.

Айни пайтда, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти олиб борган ўрганишлар натижасига кўра, октябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой учун ижара нархлари арзонлашган. Ўртача таъмирлаган хонадонлар учун ижара нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6-14 фоизгача пасайган.

Пойтахтда бир хонали хонадон учун ўртача ижара нархи 370 доллардан 348 долларга тушган бўлса, икки хонали хонадонлар учун 474 доллардан 437 долларга, уч хонали хонадонлар учун 611 доллардан 526 долларга, тўрт хонали хонадонлар учун 729 доллардан 633 долларга арзонлашган.

Долларнинг расмий курси илк бор 12300 сўмдан ошди

Ўзбекистонда АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси илк марта 12 300 сўмдан ошди. Марказий банк 24 ноябрдан бошлаб Америка валютасининг миллий валютага нисбатан расмий қийматини бир кун олдингига нисбатан қарийб 16 сўмга ошириб, 12 304,98 сўм деб белгилади.

Шу тариқа, расмий курс бўйича ҳисоблаганда, ўзбек сўми йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 9,4 фоизга қадрсизланди. Таққослаш учун, сўмнинг долларга нисбатан девалвацияси 2022 йил давомида 3,9 фоизни ташкил этганди.

Доллар курсининг кўтарилиши хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ва экспортдан валюта тушумлари камайиши фонида рўй бермоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, январ–октябр ойларида ташқи савдодаги салбий салдо 10 млрд долларга етган.

Таъкидлаш керак, тижорат банкларида долларнинг сотув курси 2 ноябрдаёқ 12300 сўмдан ошган эди, орадан 3 ҳафта ўтиб регуляторнинг расмий курси ҳам бу миқдорга етиб келди.

Белгиланган расмий курс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ва бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади. Марказий банк хорижий валюталарни ўзи эълон қилган қийматда сотиб олиш ва сотиш мажбуриятини олмаган.

Энергетика вазири ҳисоботи: тизим қишга тайёрми?

Иқтисодий янгиликлар лентасида энергетика доимий ўринга эга. Йил бошида кузатилган аномал совуқ ва энергетика инқирози иқтисодий кўрсаткичларга салбий таъсир кўрсатмай қолмаганди. Шу ҳафта парламентда ҳисобот берган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, масъуллар бу йилги қишда ҳам ўтган мавсумдаги каби аномал совуқ бўлиши эҳтимолини инобатга олган ҳолда тайёргарлик кўрган. Бутун республика бўйлаб тармоқни янгилаш учун қиймати 14 трлн сўмга тенг бўлган ишлар амалга оширилган. Бунда 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланган. Катта миқдорда эҳтиёт қисмлар, кўмир ва мазут захираси тайёрлаб қўйилган.

Газ масаласида эса, куз-қиш мавсуми учун Россия ва Туркманистондан 5 миллиард кубометр газ сотиб олиш масаласи ҳал қилинган. Ерости газ омборлари юз фоизга тўлдирилган. Шу билан бирга, Энергетика вазири қаттиқ совуқ кузатилган кунларда автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига бериладиган табиий газ миқдори 30 фоизгача камайтирилиши мумкинлигини истисно қилмади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкент шаҳрига алоҳида тўхталиб, шаҳарда юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари янгилангани, аҳоли учун мўлжалланган газ тармоғига уланган иссиқлик марказларига алоҳида тармоқ тортиб келингани, иссиқлик марказларида ўтган йилгидан 7 баробар кўп мазут ёқилғиси ғамлаб қўйилганини айтди. Чоршанба куни президент ҳузурида ҳам ҳисобот берган вазир энергетика тизими 1 декабрдан бошлаб 24 соатлик иш тартибига ўтишини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, синоптиклар бу йилги қишда аввалгиси каби ўта қаттиқ совуқ бўлиши эҳтимоли пастлигини айтмоқда.

“Яшил макон” – “Ташаббусли бюджет”да

Олқишларга сазовор бўлган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кенгайишда давом этяпти. Эндиликда фуқароларнинг яшил боғлар ва истироҳат паркларини ташкил қилишга оид таклифлари ҳам “Ташаббусли бюджет” доирасида молиялаштирилади.

23 ноябр куни имзоланган президент фармонига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Бунда фуқаролар боғлар ва паркларни қаерда ташкил қилиш бўйича ташаббусларини порталга киритиб, таклиф этилаётган майдоннинг манзили ва расмларини кўрсатиши керак. Кўрсатилган жойда боғ ёки парк ташкил қилиш харажатлари 250 млн сўмдан ошмаслиги талаб этилади.

“Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январ-феврал ойларида ўтказилади.

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид