Иқтисодиёт | 16:51 / 03.12.2023
26895
7 дақиқада ўқилади

Қарзини тўлолмаган МТРК, олтин нархининг янги рекорди ва “сургун” қилинаётган ОТМлар – “Иқтисодий таймлайн”

Ўзбекистонда йиллик инфляция ноябр ойида 8,8 фоизни ташкил этди. Бу 2016 йил августидан кейинги энг паст кўрсаткич. Humo устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкдан олиниб, Давактивга ўтказилади. МТРК олган 22,5 млн евро кредитнинг 93 фоизи давлат бюджетидан қопланади. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари “Иқтисодий таймлайн”да.

“Нархоз” ва Молия институти шаҳар четига кўчирилиши мумкин

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент молия институти шаҳар марказидан Сергели туманига кўчирилиши мумкин. Бу борада лойиҳа ишлаб чиқилган, аммо ҳали тасдиқланмаган.

Kun.uz манбасига кўра, таълим муассасаларини марказдан бошқа жойга кўчириш ва иккита ОТМни бирлаштириш таклифи Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги расмийлари томонидан илгари сурилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда иккита ОТМ ҳам аввалгидай фаолият юритяпти, лойиҳа ҳали тайёр эмас. Бу борада янгилик бўлса, қўшимча маълумот берилади.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ислом Каримов шоҳкўчасида, Молия институтининг бош биноси эса Амир Темир шоҳкўчасида жойлашган. ОТМларнинг бўшатиладиган биноларининг кейинги тақдири маълум эмас.

МТРК'нинг 22,5 млн евролик қарзини халқ тўлайди

Миллий телерадиокомпанияга замонавий ускуналар сотиб олиши учун 2016-2017 йилларда 10 йиллик муддатга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 22,5 миллион евро кредит ажратилган. Шартнома шартларида қарз МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда -11,25 млн евродан тўланиши керак бўлган. Аммо ўтган йиллар давомида корхона олган қарзи учун умуман пул тўламаган.

Президент қарори билан кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши 21,1 млн еврогача оширилди.

Маълумот учун, 2024 йилда МТРКга давлат бюджетидан 560 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу миқдор 2023 йил учун 556 млрд сўмни, 2022 йил учун 463 млрд сўмни, 2021 йил учун 427 млрд сўмни, 2020 йил учун эса 399 миллиард сўмни ташкил қилган. 

Humo Давактивга ўтказилади

Humo (“Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ) устав капиталидаги давлат улуши Марказий банкдан олиниб, Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Бу – 30 ноябр куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, тўлов тизими операторларининг устав капитали 2024 йилнинг 1 июлидан бошлаб камида 50 млрд сўм бўлиши керак. Шу санадан эътиборан тўлов ташкилотининг устав капитали бўйича минимал талаб 10 млрд сўм, 2025 йил 1 июлдан эса 20 млрд сўм деб белгиланади.

Аввалроқ, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб банклар устав капиталининг энг кам миқдори 200 млрд сўмга оширилган, энг қуйи чегара 2024 йил 1 апрелдан бошлаб 350 млрд сўмга, 2025 йил 1 январдан эса 500 млрд сўмга кўтарилиши белгиланган эди.

Шунингдек, онлайн фирибгарликларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида Марказий банкка шубҳали операциялар вақтида банк карталари ва ҳисобварақларни блоклаш тўғрисида мажбурий кўрсатма бериш ваколати берилди. МБ антифрод тизимларини ҳаётга татбиқ этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш механизмларини ҳам жорий этади.

Йиллик инфляция янги эпохадаги энг паст даражасига тушди

Йиллик инфляция ноябр ойида 8,8 фоизни ташкил этди. Бу 2016 йил августидан (8,6 фоиз) кейинги энг паст кўрсаткичдир.

Статистика агентлигига кўра, ўтган ойда озиқ-овқатлар 1,3 фоизга, ноозиқ-овқатлар 0,7 фоизга, хизматлар 1,5 фоизга қимматлаган.

Аввалроқ, Марказий банк октябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражасини эълон қилганди. Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,4 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 17,2 фоиз ва Тошкент вилоятида – 14,2 фоиз, энг паст даражаси эса Қорақалпоғистон – 11 фоиз ва Навоий вилоятида – 11,5 фоиз сезилган. 

Товар ва хизмат гуруҳлари бўйича бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, кийим-пойабзал, дорилар, йўлкира ва ташишда энг юқори нарх ўсишлари кузатилган.

Ўзбекистонга Россиядан нефт импорт қилиш ошади

Қозоғистон магистрал нефт ҳайдаш бўйича миллий оператори «Қазтрансойл» 2024 йилда Россия нефтининг Ўзбекистонга транзитини уч баробарга оширмоқчи. Етказиб бериш ҳажмини 154 минг тоннадан 500 минг тоннагача кўпайтириш режалаштирилган.

“Sanoat Energetika Guruhi компанияси (Ўзбекистон) «Казтрансойл» АЖга 2024 йил учун 500 минг тонна Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича ариза берди, бу кўрсаткични 1 миллион тоннагача ошириш имконияти мавжуд", — деган компаниянинг транспортировка бўйича департаменти директори Абай Бейсембаев.

2023 йилда «Қазтрансойл» магистрал нефт қувурлари тизими орқали Россия нефтининг Ўзбекистонга кутилаётган транзит ҳажми 154 минг тоннани ташкил этади. Январ-октяб ойларида эса 104 минг тонна нефт етказиб берилган.

Олтин нархи қимматлашди

Ҳафта давомида олтин котировкалари нархи 1 трой унцияси учун 2000 доллардан пастламади ва 1 декабр куни 2075 долларгача кўтарилди.  Доллар курсининг пасайиши фонида олтиннинг инвестицион жозибадорлиги ошиб бормоқда. Аввалги рекорд нархлар 2020 йил августда қайд этилган эди – 2072 доллар.

Ўзбекистон олтин савдоси бўйича дунё етакчиларидан бири саналади. Табиийки, қулай нархлар асосий экспорт товари ҳисобланган олтин экспортини янада рағбатлантиради.  

2023 йилнинг 10 ойида Ўзбекистон 6,87 млрд доллар қийматидаги олтин сотди. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланиб, ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп. Маълумот учун, Ўзбекистон 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотган.

Якунланаётган ҳафтада содир бўлган бошқа иқтисодий янгиликлар:

  • Ўзбекистон октябр ойида Хитойга газ экспортини бироз оширди. Шундай бўлсада, йил бошидан буён кўк ёнилғи етказиб беришдан тушган даромад икки баробардан кўпроққа камайган.
  • Тошкентда чиқинди олиб кетиш нархи қимматлашади. Хизмат баҳоси аҳоли учун ойига 4500 сўмдан 7500 сўмга, бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 53 минг 986 сўмдан 89 минг 966 сўмгача ошган. Янги тарифлар 14 декабрдан амал қилади.
  • Жаҳон банки Ўзбекистонга IT соҳасида иш ўринларини яратиш учун 50 млн доллар ажратди. Лойиҳа Ўзбекистоннинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида яшовчи 30 ёшгача бўлган ёшларни ўқитиш ва IT-компаниялар учун офис инфратузилмасини ривожлантиришни кўзда тутади.

Мавзуга оид