Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путинни эшитишмади, Ғазода дипломатия, Аргентинада «телба» президент – ҳафта хорижий дайжести
Ортда қолаётган ҳафта ҳам воқеаларга бой бўлди. Ғазода асирлар алмашилди, дунё сиёсатига яна бир телба президент кириб келди. Қозоғистон президенти Тўқаев эса Путин ва бошқаларни кўп ҳам қўрқмасликка чақирди. Қуйида ҳафта давомида содир бўлган баъзи муҳим воқеаларни эслаймиз.
Ҳафта воқеаси
Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси ҲАМАС ва Исроил ўлтасидаги вақтинча сулҳ бўлди. Томонлар 4 кун давомида ўт очиш режимини тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича келишиб олишди. Келишувга кўра, ҲАМАС 50 нафар асирни қўйиб юбориши, Исроил эса ўз қамоқхоналарида сақланаётган 150 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилиши белгиланди.
25 ноябр куни ҲАМАС 13 нафар исроиллик, 12 нафар Таиланд ва 1 нафар Филиппин фуқаросини озод қилди. Улардан 4 нафари ёш бола эди. ҲАМАС қўйиб юборган асирларнинг энг каттаси 78 ёш, энг кичиги 2 ёшда эди. Улар Ғазодан Рафаҳ ўтиш пункти орқали Қизил Хоч жамияти тез ёрдам машиналарида Мисрга олиб ўтилди ва кейин Исроилга йўл олишди.
Исроил эса мамлакат қамоқхоналарида муддат ўтаётган 39 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Улардан 24 нафари аёллар, 15 нафари ўсмир йигитлар бўлган. Фаластинлик маҳбуслар Ғарбий соҳилдаги чегара пункти орқали Фаластинга ўтказиб юборилган.
Исроил ҲАМАС билан келишув доирасида қўйиб юборилиши мумкин бўлган 300 нафар фаластинлик маҳбус рўйхатини эълон қилди. Уларнинг аксари ёш ўғил болалар бўлиб, 40 фоизи ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган. Рўйхатда 33 нафар аёл ҳам бор. Исроил томонига кўра асирлар алмашинуви доирасида озод қилинадиган фаластинликларнинг ҳеч бири одам ўлдиришда айбланмаган.
Фаластин томонига кўра, Исроил қамоқхоналарида 8000 нафаргача фаластинлик сақланмоқда. Уларнинг 3000 дан ортиғи маъмурий иш билан қамалган ва нега қамоққа олингани ҳақида маълумот ҳам берилмаган.
Ҳафта ғолиби
Ҳафта бошида дунёдаги энг катта давлатлардан бири Аргентинага янги президент сайланди. Фавқулодда радикал таклифларни илгари сурган Хавиер Милей 55 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб ғолиб бўлди. У овоз бериш натижаларига кўра ҳукмрон коалиция вакили бўлмиш иқтисодиёт вазири Серхио Массани ортда қолдирди.
«Аррали президент» номини олган Милейни бежизга бундай деб аташмайди. У давлат харажатларини кескин камайтириш керак деб ҳисоблайди. Милей маданият вазирлиги, спорт ва туризм вазирлиги, атроф-муҳит вазирлиги, аёллар, гендер ва хилма-хиллик вазирлиги, меҳнат вазирлиги мамлакат учун ортиқча бошоғриқ деб билади. У Аргентина ҳукуматида мавжуд бўлган 8 та вазирликни ёпиб, 11 та вазирлик билан мамлакатни бемалол бошқариш мумкин деб ҳисоблайди.
Аргентина янги президенти мамлакат марказий банкини ёпиб юбориш кераклиги, миллий валюта песо ўрнига АҚШ долларини қабул қилиш керак эканини айтди. Милей мамлакат ташқи сиёсатда АҚШга яқинлашиши, аввалги ҳукуматнинг Россия тузган БРИКС ташкилотига кириш учун берган аризаси эса қайтиб олинишини айтди. Шунингдек, Исроилни қўллашини ҳам яширмади.
Зеленскийга суиқасд
Украина президенти Володимир Зеленский The Sun нашрига берган интервюсида россияликлар унга қарши 5-6 марта суиқасд уюштирганини айтди.
The Sun Россия ҳукуматига ишлаган кўплаб украиналиклар мамлакат махсус кучлари томонидан машинаси портлатилиб, минали тузоққа туширилиб ёки бошқа йўл билан ўлдириб юборилгани ҳақида ёзган.
Журналист Зеленскийдан Украина Путинни ўлдириш имкони бўлса, бундан фойданадими, деб сўраган ва сиёсатчи саволга тасдиқ жавобини берган: «Бу уруш, Украина ўз ерларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», деган Зеленский.
Кремл Зеленскийнинг бу гапларига муносабат билдирди: «Эсингизда бўлса, улар бир неча марта Путинга суиқасд қилишди, фақат сўзда. Биз буни ҳисобга оламиз, лекин улар буни уддалай олмайди», деган Путиннинг матбуот котиби Песков.
Хавотир
Хитой шимолида янги респиратор вирус кенг тарқалиб, болаларни оммавий равишда қамраб олган. ЖССТ Хитойдан вирус ҳақида маълумот беришни сўраган. Ташкилот 23 ноябр куни Хитойдаги болалар орасида номаълум пневмония ўчоқлари аниқлангани ҳақида маълумот берди. Ташкилот ҳисоботида бир-биридан 500 мил узоқда жойлашган шаҳарлардаги болалар шифохоналари бемор болалар билан тўлиб тошганига эътибор қаратган.
Хитой томони бундай касаллик кўпайишини ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, ковид чекловларининг олиб ташлангани ва маълум патогенларнинг тарқалиши билан боғлаган. ЖССТ 2023 йил май ойида коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилган ва бу вирус грипп ва бошқа респиратор инфекциялар каби мавсумий касалликка айланиши айтилганди.
Машина Канада чегарасига етиб олди
22 ноябр куни Ниагара шаршараси яқинидаги АҚШ ва Канада чегарасида машина катта тезликда ўтказиш пунктига бориб урилди ва портлаб кетди. Машина ичидаги икки киши ҳалок бўлган. Воқеага тезда Оқ уй ва Канада бош вазири офисида муносабат билдиришди. Аввалига бу теракт бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб АҚШ ва Канада чегарасидаги бошқа тўртта ўтиш пунктлари ҳам ёпиб қўйилганди. Аммо кейин бу бахтсиз ҳодиса бўлгани айтилди. Шундай бўлса-да, Ниагара шаршараси атрофида назорат кучайтирилди.
Си ва Жо Путинни эшитмади
Украинага бостириб кирган Россия президенти Владимир Путин уруш бошланганидан буён илк марта «Катта йигирматалик» давлатларининг йиғилишида иштирок этди.
Бу гал саммит Ҳиндистон раислигида онлайн видеоконференция кўринишида ташкил этилди. Путин чиқиши давомида навбатдаги марта Украинани тинчлик музокараларидан бош тортишда айблади, шунингдек, Яқин Шарқдаги уруш мавзусига тўхталди.
Экспертлар катта саҳналарда кўринмай қолган Путин учун Макрон, Шолц каби сиёсатчилар бўлган йиғилишда онлайн бўлса ҳам нутқ сўзлаш муҳим бўлганини таъкидлашди. Лекин энг асосийси шундаки, Путин қатнашган бу онлайн учрашувда яқинда Сан-Франсискода кўришган Хитой раиси Си Жингпинг ва АҚШ президенти Жо Байден иштирок этишмади.
«Агент» Касянов
Россия урушга қарши гапирган русларга нисбатан репрессив сиёсатини давом эттирмоқда. Ушбу ҳафтада Россия Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхатини янада узайтирди. Асосан журналист ва фаоллар ўрин оладиган бу рўйхатда энди Россия собиқ бош вазири Михаил Касянов ҳам бўлади.
Путин президентликка келган дастлабки 4 йилда Россия бош вазири бўлган Касянов мамлакат Украинага бостириб кирганидан кейин Россияни тарк этган. Сиёсатчи уруш бошидан буён босқинни қоралаб келади.
Пашинян: қуроллар қани?
Россия билан муносабатлари тобора совуқлашиб бораётган Арманистон бош вазири Никол Пашинян руслар пули тўланган қуролларни етказиб бермаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, арманлар миллионлаб доллар тўлаб, икки томонлама шартнома тузган, лекин қуроллар етказиб берилмаган. Пашинян Россиянинг ўзи ҳозир қуролга муҳтож эканини тушуниши, шу сабаб муаммони бошқа йўл билан ҳал қилишни таклиф қилди. Масалан, Арманистоннинг Россия олдидаги қуроллар учун берилган пул миқдорига тенг қарзидан воз кечишни.
«Жогорвуд» газетасининг ёзишича, гап бир неча йил олдин савдо шартнома имзоланган «Смерч» ракеталари ҳақида кетмоқда. Нашрга кўра, Россия бу қуролларни Украинадаги уруш бошланишидан аввал тайёрлаб бўлган ва Арманистондан уч марталаб қуролларни олиб кетишини сўраган. Аммо арманлар омбордаги қуролларни олиб кетмагач, уларни Украинадаги урушда ишлатиб юборган.
Қорабоғни бой берган Арманистон бош вазирида жуда жиддий сиёсий муаммолардан ташқари кичик коммунал муаммолар ҳам учраб турибди. Масалан, у ҳукумат вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказаётганда чироқ ўчиб қолди.
Тўқаев қўрқмасликка чақирди
Дарвоқе, Пашинян бу ҳафта Беларусда ўтказилган КХШТ йиғилишига бормади. Озарбойжон билан урушида Россия ёрдам бермаганидан қаттиқ хафа бўлган Пашинян Москва бўлган барча ташкилотлардан чиқиб кетмоқчи бўлаётгандек ҳаракат қилмоқда. Аммо КХШТ йиғилишига борганда ҳам Пашинян Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевдан ўтказиб нимадир дея олмасди. Қўшни давлат етакчиси ушбу хавфсизлик ташкилотига аъзо бўлган давлат раҳбарларига худди қўрқаётгандек доим қандайдир хавфлар ҳақида гапирмасликни маслаҳат берди.
Мавзуга оид
10:00 / 19.01.2025
ҲАМАС ва Исроил келишуви, ҳибсга олинган Корея президенти ва Байденнинг хайрлашуви — дунё ҳафта ичида
22:55 / 09.12.2023
Ҳарбийлар Путинни кўндирди, Ғазода эркаклар ечинтирилди, Украина раҳбариятида бўлиниш – ҳафта дайжести
01:48 / 04.12.2023
Кўпроқ туғишга ундаган Путин, исловатхоналарни ёпишни буюрган Ташиев – ҳафта хорижий дайжести
21:36 / 19.11.2023