Жаҳон | 22:55 / 09.12.2023
49465
11 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар Путинни кўндирди, Ғазода эркаклар ечинтирилди, Украина раҳбариятида бўлиниш – ҳафта дайжести

Ўзбекистонда байрам ва дам олиш куни эди. Конституция қабул қилинган кун муносабати билан аксар ўзбекистонликлар оиласи даврасида ҳордиқ чиқарди. Аммо дунёнинг кўплаб ерларида одамлар на дам оладиган ва на байрам қиладиган аҳволда. Қуйида ортда қолаётган ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.

Путиннинг «осмон кортежи»

Россия президенти Владимир Путин 6 декабр куни БАА ва Саудия Арабистонига борди. У БААда мамлакат президенти Муҳаммад ибн Зайд Ол Наҳён билан, Саудияда қироллик валиаҳд шаҳзодаси, амалда мамлакатни бошқараётган Муҳаммад ибн Салмон билан учрашди.

Фото: Kremlin.ru

Бу икки учрашув ҳақида фақат умумий маълумотлар берилган. Унга кўра, Путин араб давлатлари етакчилари билан Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони, шунингдек, Украинадаги урушни муҳокама қилган. Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан учрашувда эса икки давлатнинг ОПЕК+ доирасидаги ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинган. Тезда Россияга қайтган Путин 7 декабр куни Кремлда Эрон президенти Иброҳим Раисийни қабул қилди.

Россия президентининг бу учрашувларини нефт билан боғлашмоқда. Ахир чиндан Саудия ва Эрон дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчилардан ҳисобланади. Нефт нархининг ошиши эса икки йилдан буён Украина билан урушаётган Россия учун айни муддао. Путиннинг бу учрашувларидан кейин бозорда нефт нархи бироз қимматлади, лекин фавқулодда ўсиш билан эмас.

Путинни Яқин Шарққа сафари давомида 5 та қирувчи самолёт кузатиб борди. Кремл расмий вакили Дмитрий Песков буни «минтақадаги олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият» билан боғлаган.

Фото: Видеодан кадр

Хоин Кива ўлдирилди

Украина Олий Радаси собиқ депутати Иля Кива Москва областида у яшаётган меҳмонхона яқинидаги дарахтзорда отиб ўлдирилди. Украин нашрларига кўра, собиқ депутат Украина Хавфсизлик хизматининг махсус операцияси доирасида ўлдирилган.

Иля Кива ҳамда Виктор Медведчук

Ўз вақтида «Донбассни куч билан украинлаштириш керак» деган ғояни тарғиб қилган Кива кейинчалик ўз позициясини кескин ўзгартириб, Россияни қўллай бошлайди. Украиналиклар буни Кива Путиннинг Украинадаги одами Виктор Медведчук билан танишгани билан боғлашади. Собиқ депутат уруш бошланиши арафасида Украинани тарк этиб, Россияга йўл олади. У тез орада Кремл тарғиботчиларидан бирига айланиб, рус телеканалларида Украинани қоралаб юзлаб чиқишлар қилади.

2023 йил 6 декабр тонгида Иля Кива ўз каналида Украина президенти Зеленский тез орада ўлдирилишини ёзиб чиқди. Аммо бир неча соат ўтиб унинг ўзини ўлдириб кетишди. Кива билан яшаб юрган аёлнинг айтишича, у канали учун видеоларни жойини топа олмасликлари учун меҳмонхона яқинидаги дарахтзорда суратга олади. Уни айнан мана шу дарахтзорда отиб кетишган.

Йўқолган вазир ўлганми?

Шу кунларда АҚШнинг Politico нашри яна бир ўлим ҳолати ҳақида шов-шувли хабар тарқатди. Газетанинг ёзишича, июн ойидан буён кўринмай қолган Хитой собиқ ташқи ишлар вазири Син Ган июл ойи охирида Пекиндаги ҳарбий ҳоспиталда вафот этган.

Нашрга кўра, собиқ вазир ёки қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган ёки ўз жонига қасд қилган. Politico манбалари Син Ганнинг ғойиб бўлишини Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденконинг Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашувига боғлаган.

Андрей Руденко ва Син Ган

Руденко чиндан Син Ган ғойиб бўлишидан бироз аввал Си Жинпинг билан учрашган. Politico манбаларига кўра, Руденко Хитой раисига мамлакат ташқи ишлар вазири Син Ган Ғарб давлатлари махсус хизматларига «Хитой ядро сирлари борасида маълумот етказганини» айтган.

Маълумот учун, Син Ган Хитой ташқи ишлар вазири бўлишидан аввал бир йил давомида мамлакатнинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган. 1995 йилдан 2005 йилгача эса Британиядаги Хитой элчихонасида маслаҳатчи бўлган.

Ҳарбийлар кўндиришди! Путин сайловда қатнашади

8 декабр куни Россия президенти Владимир Путин келаси йил март ойида ўтадиган президентлик сайловларида қатнашишини айтди.

Кремлда Путин бир гуруҳ ҳарбийлар билан учрашди. Улардан бири Путиндан келаси йил сайловда қатнашишини илтимос қилиб сўради. Ҳарбий Путин мамлакатга кераклигини, ҳали қиладиган ишлар кўп эканини айтди. Путин эса ҳар хил вақтда ҳар хил фикрда бўлгани, ҳозир эса сайловда қатнашмоқчи эканини маълум қилди.

Фото: Кремл расмий сайти

Маълумот учун, илк марта 1999 йил Борис Елцин ўрнига вақтинча президент бўлган Путин ҳозиргача 4 марта Россия президентлиги учун сайловда қатнашган ва ҳар сафар катта устунлик билан ғалаба қозонган.

Эрдўған Юнонистонда

Ҳафтанинг муҳим ташрифларидан бири Туркия президенти Ражаб-Тоййиб Эрдўғаннинг Грецияга боргани бўлди. Бу Туркия етакчисининг қўшни Грецияга 7 йил ичидаги илк ташрифи эди. Икки қўшни давлат азалдан мураккаб муносабатда бўлган, 2016 йил уларнинг алоқаси кескин ёмонлашганди. 7 декабрда Афинада ўтган учрашув доирасида Эрдўған Греция бош вазири Кириакос Мицотакис билан бирга икки давлат ўртасидаги дўстлик декларациясини имзолади.

Туркия ва Греция туризм, савдо, энергетика, технология, таълим ва миграция соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди. Бундан ташқари, томонлар беш йил ичида товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириб, 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Кавказда тинчлик келишуви

Озарбойжон ва Арманистон ниҳоят тинчлик битими бўйича келишувга эришди. Томонлар Озарбойжон тарихий ерлари бўлмиш Қорабоғни қайтариб олганидан кейин келишув борасида ўзаро иш олиб бораёганди. Ушбу ҳафтада ҳар икки давлат ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида аниқ қадамлар қўйишга келишиб олди.

«Арманистон ва Озарбойжон минтақада узоқ кутилган тинчликка эришиш учун тарихий имконият мавжудлигини тан олади. Иккала давлат ҳам муносабатларни нормаллаштириш, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилиш асосида тинчлик битимини тузиш ниятларини тасдиқлайди», дейилади икки давлат қўшма баёнотида.

Келишув доирасида Озарбойжон 32 нафар арман аскарини, Арманистон эса икки озар аскарини озод қилган.

Ғазода эркаклар ечинтирилди

Ғазода бир ҳафтагина давом этган оташкесимдан кейин Исроил яна ҳужумга зўр берди. Ушбу ҳафтада Ғазода олинган ва бир нечта йирик нашрлар ҳаққонийлигини тасдиқлаган даҳшатли видео тарқалди.

Ғазодаги эркаклар исроиллик ҳарбийлар томонидан ич кийимигача ечинтирилди

Унда ўнлаб фаластинлик эркаклар ич кийимигача ечинтирилган ҳолатда Исроил ҳарбийлари буйруғига бўйсуниб турибди. Видеода исроиллик ҳарбийлар фаластинликларга оёқ кийимини ечишни буюрган. BBC видео ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Бир қатор нашрлар кадрда фаластинлик машҳур журналист ҳам ечинтирилган одамлар орасида бўлганини ёзиб чиқди.

Данияда Қуръонни ёқиш тақиқланди

Данияда ислом оламининг муқаддас китоби Қуръони каримни ёқиш тақиқланди. Бу жиноятни содир этганлар икки йилгача қамалиши мумкин. Дания парламенти муқаддас матнларни таҳқирлашни тақиқловчи қонунни маъқуллади. У мамлакатда террорчилик хавфини ошираётган «тизимли таъқиблар»ни тўхтатиш мақсадида қабул қилинган.

Reuters агентлигига кўра, биргина 2023 йилда қиролликда 500 мартадан кўпроқ Қуръонни ёқиш ҳолатлари кузатилган. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва унинг кўплаб аъзолари бундай ҳаракатларни кескин қоралаган эди.

Тўқаев йил голини урди

Ҳафтанинг энг кулгили видеоларидан бири Қозоғистонда тарқалди. Мамлакат президенти Тўқаев Ақтўбе областидаги спорт комплексларидан бирига бориб футбол бўйича маҳоратини синаб кўрмоқчи бўлди. Айтиш мумкинки, Тўқаев ўша оддий қишлоқ залида «йил голини урди». Видеода қўшни давлат президенти жуда кучсиз ва муваффақиятсиз зарба йўллаган бўлса-да, тўп дарвоза тўрига бориб тушгани кўринган.

Аммо видеодаги бир кадрдан ўша зарба аслида гол бўлмаганини тахмин қилиш мумкин. Гап шундаки, видеода Тўқаев тепган гол бошқа, дарвоза тўрига бориб тушган тўп бошқа. Қозоғистон президенти билан боғлиқ бу ҳолат интернетда яхшигина муҳокама қилинди.

Бўлиниш?

Украина президенти Володимир Зеленский ва мамлакат армияси бош қўмондони Валерий Залужний ўртасидаги муносабатлар яхши эмаслиги тобора ойдинлашиб бормоқда. «Украинская правда» президент ва бош қўмондон ўртасидаги келишмовчилик ҳақида катта мақола тайёрлади.

Зеленский Telegram-канали

Унда айтилишича, Зеленский армиядаги бошқа қўмондонлар билан Залужнийни четлаб ўтган ҳолда мустақил гаплашмоқда. Барчаси Залужнийнинг The Economist нашрига берган интервюсидан бошланганди, унда бош қўмондон уруш боши берк кўчага кириб қолгани ва йилларга чўзилиши мумкинлигини айтганди.

Зеленский бунга жавобан вазиятни умидсиз деб ҳисобламаслигини билдириб, яна бир марта Украина Россия билан сулҳ ва можарони вақтинчага музлатиб қўйиш бўйича музокаралар олиб бормаслигини таъкидлади.

Кейинроқ президент «сиёсат билан шуғуллана бошлаган ҳарбийлар катта хатога йўл қўяётганини» айтди. Кўпчилик буни тўғридан тўғри бош қўмондонга мурожаат сифатида баҳолади. Худди шу The Economist нашри кўп ўтмай Зеленский ва Залужний муносабатларини энди «даҳшатли»дан бошқа сўз билан таърифлаб бўлмаслиги ҳақида ёзди.

Киев мэри Виталий Кличко Залужнийнинг гапларини очиқчасига қўллаб-қувватлаб чиқди. Ўз навбатида, «Слуга народа» президент партиясининг Олий Рададаги фракцияси вакили бўлган депутат Маряна Безуглая эса Украина қуролли кучлари қўмондонида 2024 йил учун режа йўқлигини айтиб, уни истеъфога чиқишга чақирди.

Мавзуга оид