Жаҳон | 01:48 / 04.12.2023
16282
13 дақиқада ўқилади

Кўпроқ туғишга ундаган Путин, исловатхоналарни ёпишни буюрган Ташиев – ҳафта хорижий дайжести

Инсоният учун урушлар, қимматчилик ва хаос кўринишида синовларга бой бўлган 2023 йилнинг охирги ойи бошланди. Бўлиб ўтаётган воқеалар, масъулиятсиз дунё етакчиларининг баёнотларига қараганда кейинги йил ҳам тинч ўтадиганга ўхшамаяпти. Қуйида ортда қолаётган ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини ёдга оламиз.

Йўқотиш

Ҳенри Киссенжер. Дунё сиёсатига бефарқ бўлмаганлар учун бу ном кўп нарсани англатади. Бугун дунё гўёки иккига бўлинган, катта давлатлар бир-бирига душман бўлган. Киссенжер мана шундай замонда ҳам вафоти учун барча гигант давлатлар ҳамдардлик билдирадиган даражада буюк инсон эди.

Бўлажак сиёсатчи 1923 йил Бавариянинг Фюрте шаҳрида яҳудийлар оиласида туғилади. Фашистлар таъқибидан қочган оила Ню-Йоркка йўл олади ва Киссенжер океан ортида аввал ўз ҳаётини, кейин эса унутилмас сиёсатчилик даврини бошлайди.

Табиийки немис тилини мукаммал билган 20 ёшли йигитча 1943 йил иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШ армиясига жалб этилиб, разведка гуруҳига жойланади. Урушдан кейин Германияни яхши билгани учун олмон ерларида денацификация операцияларида разведкачи сифатида қатнашади.

Киссенжер АҚШ тарихидаги энг мураккаб турғунлик даврида мамлакатнинг энг муҳим дипломати сифатида фаолият олиб борган. Уоттергейт можаросидан кейин мамлакат тарихида истеъфога чиққан ягона президентга айланган Ричард Никсон Оқ уй раҳбарлигига киришиши билан Киссенжерни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлайди.

Кейинчалик сиёсатчига АҚШ давлат котиби лавозими ишониб топширилади. Қизиғи, Киссенжер бу лавозимни кейинги президент Жералд Форд вақтида ҳам сақлаб қолади. Бунақаси АҚШ сиёсатида бошқа такрорланмаган.

Киссенжер номини тарихдаги учта муҳим воқеа билан боғлашади. У 4 йил давом этган мураккаб музокаралардан кейин Виетнамда уруш тугашига, иккига бўлинган мамлакат мустақил сайловлар орқали бирлашиши борасида келишув имзоланишига эришади. 70-йиллардаги деярли мавжуд бўлмаган АҚШ – Хитой муносабатлари айнан Киссенжернинг саъйи ҳаракатлари билан илиқлашади.

Кўп ўтмай дипломат АҚШ ва СССР муносабатлари илиқлашишига ҳам эришади. Унинг ҳаракатлари эвазига Никсон СССРга расмий ташриф билан борган илк АҚШ президентига айланади. Икки давлат душманчилиги кейинчалик Россия – АҚШ кўринишида давом этган бўлса-да, Киссенжер доим руслар учун ҳурматли дипломат бўлиб қолди.

Ўз вақтида Брежнев билан ёлғиз арақ ичган сиёсатчини бугун бутун Ғарбни ўзига душман деб ҳисоблайдиган Путин ҳам ҳурмат қиларди. Киссенжер яқиндагина Украинани НАТОга қабул қилиш керак деб айтган бўлса-да, Россия президенти у вафот этгач, биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирди.

101 ёшида вафот этган Киссенжер давлат ишидан аллақачон нафақага чиққан бўлса-да, сиёсатдан охирги дамларгача истеъфога чиқмади. У мункиллаб қолган даврида ҳам дунёдаги можароларини ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини билдиришдан чарчамай ҳақиқий сиёсатчи қандай бўлиши кераклигини бугунги дунёнинг урушқоқ етакчиларига яна бир бор кўрсатиб кетди.

«Ўлим гуруҳи»

Кейинги йил ёзда Германияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Европа чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Одатда иккитадан ортиқ кучли жамоалар бир гуруҳга тушса, «ўлим гуруҳи» ибораси ишлатилади. Бу гал мусобақанинг «Б» гуруҳи мана шундай номга муносиб бўлди. Бу ерда Испания, Хорватия ва Италия бечора Албания билан бирга кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради. Қолган гуруҳларда эса иккитадан жамоа нисбатан яхшироқ имкониятга эга.

Сулҳ тугади

Афсуски, Ғазода бир ҳафта давом этган вақтинча сулҳ ўз ниҳоясига етди. 1 декабр куни Исроил ҳимоясиз фаластинликлар жон сақлаётган бўлғага яна даҳшатли ракета зарбалари ёғдирди.

Исроил зарбалари оқибатида юзлаб фаластинликлар, хусусан, жуда кўп болалар ҳалок бўлди. Ғазодаги шунчаки биринчи ёрдам кўрсатиш имкони бўлмаган касалхоналар яна оёқ-қўли узилган, ҳамма ери қонга буланган ярадор болалар, уюм-уюм жасадларга тўлди.

Ғазода фаолият олиб бораётган журналистлар дунё етакчилари кўзларини очиши учун фарзандининг жасади билан видолашаётган оналарнинг видеоларини эълон қилмоқда. Исроиллик пропагандачи журналистлар эса тап тортмай бу видеолардаги болалар сунъий интеллект ёрдамида ясалган деб гап тарқатди.

Аммо бу фактларнинг ҳеч бири Дубайда иқлим муаммоларини муҳокама қилиш билан овора бўлган дунё етакчиларининг Ғазодаги фаластинликларни Исроил ракеталаридан ҳимоя қилиш борасида қандайдир ҳаракат қилишига ундай олмади.

Чолнинг иқрори

Ушбу ҳафтада Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг автобиография китоби эълон қилинди. Китоб ҳали сотувга чиқишидан аввал қозоқ нашрларида ундаги энг шов-шувли эпизод тафсилотлари пайдо бўлди. Элбоши ўзи ёзган китобда илк марта иккинчи хотини борлиги, қозоғистонлик модел Айсел Исабаева унинг хотини бўлганини тан олган. Назарбоевнинг ёзишича, у қизни ташрифларидан бирида гул тутқазган вақтда ёқтириб қолган. Кейинроқ Қозоғистон гўзали танловида ғолиб бўлган модел Нурсултон Назарбоевга иккита ўғил туғиб бергани эндиликда расман тасдиқланди.

Аслида қозоғистонликлар учун Назарбоевнинг иккинчи хотини ҳақида гап унчалик кутилмаган ҳолат бўлмади. Қўшниларда модел Исабаева собиқ президентнинг иккинчи хотини экани ҳақида гаплар анча аввал тарқалганди. Аммо Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, қўшхотинлик тугул унинг тарғиботи ҳам тақиқланган Ўзбекистон фуқаролари учун бу яхшигина муҳокама мавзуси бўлди.

Яна бир рус генерали ўлди

Украинага босқинни давом эттираётган Россия армиясида яна бир генерал ҳалок бўлди. Россиянинг урушни қўлловчи қатор нашрлари Украинадаги урушда генерал-майор Владимир Завадский ҳалок бўлгани ҳақида ёзмоқда. Агар маълумот тасдиқланса, бу урушда ўлган россиялик еттинчи генерал бўлади. «Царград медиа»га тегишли нашр генерал Украинанинг Изюм шаҳрида ҳалок бўлганини ёзган, лекин Изюм фронтдан камида 50 км узоқликдаги Украина ички шаҳри экани бу версия ишончли эканига шубҳа уйғотади.

Яна бир версияга кўра, генерал Херсон областининг Кринки қишлоғида ўлган. Бу ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин, чунки бу ерда руслар Днипро бўйида украин плацдармига қарши жиддий кураш олиб бориб, кўплаб қурбон бермоқда. 14-армия корпуси раҳбарининг ўринбосари бўлган генерал Завадский мина портлаши оқибатида ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Суиқасд

Укриана ҳарбий разведкаси раҳбари генерал-лейтенант Кирилл Будановнинг хотини Маряна Буданова оғир металлар ёрдамида заҳарланган. Бу маълумотни разведка бошқармаси тасдиқлади. Аммо идора заҳарлаш ортида Россия тургани ёки йўқлигига аниқлик киритмаган.

Бошқарма вакили Ондрий Юсовнинг айтишича, бир қанча ходимларда ҳам енгил захарланиш аломатлари аниқланган. Украин нашрларининг ёзишича, заҳар катта эҳтимол Будановнинг овқатига солинган. Разведка вакили Будановнинг хотинидан топилган моддалар кундалик ҳаётда ишлатилмаслиги, уларнинг танада аниқлангани кимнидир заҳарлашга уринишдан дадолат эканини айтган.

Генерал-лейтенант Кирилл Буданов Россия босқинига қарши урушаётган Украинанинг энг машҳур ҳарбийларидан бири ҳисобланади. Washington Post'нинг ёзишича, Будановга нисбатан уруш бошланганидан буён камида ўн марта суиқасд уюштирилган. Рус нашрлари Украина ҳарбий разведкаси биносига ҳужумдан кейин генерал Буданов ўлгани ҳақида ҳам хабар тарқатганди.

Маряна Буданова разведкачи эмас, у умуман давлат ишида ишламайди. Лекин уруш бошлангандан буён разведка бошқармаси биносида қолаётган эри генерал Буданов билан бирга яшаб келади. Шу сабаб заҳарланиш нишони Маряна эмас, унинг эри бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Қарши ҳужум ўхшамади

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат армияси ёзда бошланган қарши ҳужумда кутилган натижаларга эриша олмаганини тан олди. «Уруш янги босқичга ўтди, бу факт. Қиш шундоғам биз учун урушнинг янги босқичи. Шуниси аниқки, биз таслим бўлмаймиз. Ахир дунёнинг иккинчи армияси билан урушяпмиз. Шундай экан қўлга киритилган натижалардан кўнглим тўлмоқда. Одамларимизни йўқотяпмиз, фақат шундай кўнглим тўқ эмас. Биз керак қуролларни етарли миқдорда ва вақтида ололмадик. Аммо бундан жуда жиддий норози бўла омлайман ҳам», деган Зеленский.

Фоҳишахоналар ёпилсин!

30 ноябр куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат кўмитаси раиси генерал Қамчибек Ташиев орган ходимлари ва маҳаллий ҳокимликларга берган буйруғи тапрмоқда кенг муҳокама қилинди. Хавфсизлик ташкилотининг янги биноси очилишида нутқ сўзлаган Ташиев орган ходимлари ва маҳаллий хокимликларга 1 декабргача Қирғизистондаги барча фоҳишахоналарни ёпишни буюрди.

«Сизларга 15 соат вақт бераман, муддат тугагач биз текширув ўтказамиз, қаердадир шундай жой қолган бўлса, маҳаллий раҳбарлар ва ҳуқуқ тизимидаги ]масъуллар ишдан олинади», деди генерал Ташиев.

Шунингдек, генерал фоҳишалар хизматидан фойдаланган давлат хизматчилари, депутатлар ва тадбиркорларнинг юзларини кўрсатиш билан таҳдид қилди. «Қирғизистонда ҳеч ким бизнинг қизларнинг интим хизматидан фойдаланмайди, биз буни назорат қиламиз», деган Ташиев.

Ҳозирча Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг бу буйруғи қандай бажарилгани, қўшни давлатда чиндан бирорта исловатхона қолган-қолмагани аниқ эмас.

Кўпроқ туғинг!

Россия президенти Путин россияликларни кўпроқ туғишни одат қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, кўп болалилик яна рус оиласининг анъанавий ҳаёт тарзига айланиши керак. «Кўп халқларимизда 4, 5 ва ундан ортиқ фарзанд кўриш одатга айланган. Рус бувиларимиз, боболаримизни ҳам эсланг, уларда 7 та, 8 та ва ундан ҳам кўп болалар бўлган. Келинг, бу анъанани асраб авайлаб, уни қайта одатга айлантирамиз», деган Путин Бутунрус миллатлари йиғилишида.

Ташриф

Ҳафтанинг энг муҳим ташрифларидан бири дунёнинг энг бой одами Илон Маскнинг Исроилга боргани бўлди. 27 ноябр куни Маск антисемитизмда айбланаётгани фонида Исроилга борди. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу уни Ғазо яқинидаги Кфар-Аза кубицасига олиб бориб, ҲАМАС ҳужуми оқибатларини кўрсатди.

Бу ташрифидан аввал Маск унга тегишли Твиттер ижтимоий тармоғида гўёки яҳудийларга нафрат тарғиб қилинаётгани, йирик компанияларнинг рекламалари Адолф Ҳитлер мақталган постлар билан ёнма-ён кетгани учун антисемитизмга айбланганди.

Кўпчилик Маск айнан Твиттер жуда катта реклама шартномаларини бой беришидан қўрқиб Исроилга борганини тахмин қилмоқда. Тармоқда урушда Фаластин халқини қўллаётганлар Маскдан Исроилдан кейин Ғазога ҳам боришни, у ердаги вайронагарчиликларни ўз кўзи билан кўришни сўрашди. Дарвоқе, ташриф давомида Маск Ғазога Starlink интернетини бериши ҳам муҳокама қилингани айтилганди, лекин бир ҳафта ўтди ҳамки, ҳозирча бўлғада Маскнинг интернетидан дарак йўқ.

«Конфетчи»га чегара очилмади

Украина собиқ президенти Петро Порошенко Венгрия билан чегарада мамлакатдан чиқмоқчи бўлаётганда чегарачилар томонидан тўхтатиб қолинди. Украина Олий Радасининг амалдаги депутати ҳисобланган Порошенко Венгрияда мамлакат президенти Виктор Орбан билан кўришмоқчи бўлган. Украина Хавфсизлик хизмати Россия томонидан тайёрланаётган провакация сабаб собиқ президентга мамлакатдан чиқишга рухсат бермаганини маълум қилди. Идора маълумотида айтилишича, Россия томони Порошенконинг Орбан билан учрашуви вақтида Украинага қарши провакация уюштирмоқчи бўлган.

Маскдан келажак машинаси

Ушбу ҳафтада Илон Маскка тегишли Tesla компанияси янги Cybertruck пикапини тақдим этди. Экспертлар бу машинани нафақат ташқи кўриниши, балки техник имкониятлари жиҳатдан ҳам келажак машинаси эканини айтмоқда. Энг оддий версияси 61 минг доллардан бошланадиган бу пикап синовида Маск ўзига хос безбетлик қилишдан ҳам тонмади. Cybertruck Porche 911 билан пойгада устига бошқа бир Porche 911 уловини ортиб олган ҳолатда ғалаба қозонди. Машина кузови жуда кучли ясалган бўлиб, уни ўқ отиб синаб кўришди. Маск бундай келажак автосини 2021 йилда кўрсатган, Tesla энди уни серияли ишлаб чиқаришни бошлади.

Киши боши биттадан самолёт

Шу ҳафтада дунёнинг кўплаб етакчилари Дубайдаги иқлим саммитида иштирок этишди. У ерда дунё етакчилари иқлим ўзгаришларига қарши кўплаб таклиф ва режаларини маълум қилишди. Британия мухолиф сиёсатчилар саммит билан боғлиқ бир ҳолатни жиддий муҳокама қилмоқда.

Гап шундаки, Британия қироли Чарлз III, мамлакат бош вазири Риши Сунак ва ташқи ишлар вазири Девид Кэмерон Дубайдаги саммитга бориш учун учта самолётлар фойдаланишди. Британияда иқлим муаммоларига бағишланган саммитга мамлакат раҳбариятидагилар иқлим тозалигини бузиб учта самолётда борганини танқид қилишмоқда.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид