Жаҳон | 13:48 / 26.11.2023
11754
17 дақиқада ўқилади

«Союз-1»дан «Апполон-1»гача – Энг йирик космик ҳалокатлар

Космик тадқиқотлар бошлангандан буён орадан ўтган 70 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида турли ҳалокатлар содир бўлган. Бирида космик кема парвоз чоғида, бошқасида қайтиб тушаётганида, яна бир ҳолатда сақланаётган жойида портлаб кетган. Оқибатда кўплаб одамлар ҳалок бўлган.

Фото: korrespondent.net

1955 йилдан бошлаб фазони тадқиқ этиш бошланади ва илк сунъий йўлдошлар учирилади. Кейинчалик синовлар ҳайвонлар билан ўтказилади. Сўнг 1961 йилдан бошлаб фазога одам учирилади.

Ўша пайтларда фазони ўзлаштиришда асосан АҚШ ва СССР рақобат олиб борарди. Шу сабабли парвозлар билан боғлиқ ҳалокатлар ҳар икки давлатда ҳам содир бўлган.

1960 йилда Гагарин парвозидан аввал Бойқўнғир космодромида қитъалараро ракетанинг синови пайтида ҳалокат содир бўлади. Оқибатда 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Америкаликлар учун энг аламли ҳалокат Арканзас штатидаги ракеталарни сақлаш шахтасида содир бўлади ва унда 50 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Қуйида энг кўп одам ўлимига сабаб бўлган космик ҳалокатлар ҳақида маълумот берамиз.

«Челленжер STS-51-L» шаттли, АҚШ.

1986 йилда NASA’га тегишли «Челленжер STS-51-L» шаттли парвоздан сўнг кўп ўтмасдан портлаб кетади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 7 киши ҳалок бўлади.

1970-йилларнинг иккинчи ярмида америкаликлар илк марта кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясаб чиқишади. У муваффақиятли парвоз қила бошлагач, 1980-йилларнинг бошларида яна бир нечта шундай турдаги космик кема тайёрланади. «Челленжер» шаттли шулардан бири эди.

Ушбу космик кема 1983 йилда илк марта парвоз қилган бўлса, кейинчалик уни тез-тез учира бошлашади.

1986 йилда NASА «Космосдаги ўқитувчи» лойиҳасини ўтказишга қарор қилади. Бунда космосга астронавтлар билан бирга мактаб ўқитувчиси ҳам чиқиши ва космик кема ичида туриб дарс ўтиши лозим эди.

«Челленжер STS-51-L»нинг парвози АҚШда жуда кўп реклама қилинади. Телеканаллар космик кема парвозини тўғридан тўғри эфирга узатишни режа қилишади.

1986 йил 28 январ куни тонг пайтида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнида жойлашган космодромдан космик кема учирилади. Бироқ орадан 73 сониядан кейин «Челленжер STS-51-L» ҳавода портлаб кетади.

Астронавтлар ва ўқитувчи космик кема портлаган пайтда тирик қолишади. Бироқ улар ўтирган махсус кабина соатига 330 километр тезликда сувга келиб урилгач, астронавтлар ҳалок бўлишади. Ҳодисани бутун мамлакат томоша қилиб турарди.

«Колумбия» шаттли ҳалокати ва унда ҳалок бўлган астронавтлар

Ҳалокат туфайли дарҳол шаттллардан фойдаланишга 32 ойлик тақиқ қўйилади. Ушбу ҳодисадан сўнг, шаттллардаги бир қанча ускуналар такомиллаштирилади. Уларга астронавтларни қутқарувчи парашют тизими ўрнатилади.

«Колумбия» шаттли, АҚШ.

2003 йилда NASA’га тегишли «Колумбия» шаттли парвоздан сўнг кўп ўтмасдан портлаб кетади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 7 киши ҳалок бўлади.

«Колумбия» шаттли АҚШда ясаб чиқилган энг биринчи шаттл ҳисобланади. Мазкур шаттл 1981 йилдан 2003 йил, ҳалокатга учраган кунгача жами 28 марта космосга парвоз қилганди.

2003 йил 1 феврал куни эрталаб «Колумбия» шаттли муваффақиятли миссиядан сўнг Ерга қайтаётган эди. Аввалига атмосферага кириш одатдагидек давом этади. Бироқ кўп ўтмай космик кемада муаммо келиб чиқади ва «Колумбия» билан алоқа узилади.

Шу орада парвозларни назорат қилиш маркази мутахассислари ҳодиса юзасидан баҳслашиб турганда телеканаллар тўғридан тўғри эфирда қулаб тушаётган космик кемани кўрсатишарди. Ҳодисада «Колумбия» шаттлида бўлган етти нафар астронавтнинг барчаси ҳалок бўлади.

Аполлон-1 шаттли ва ҳалок бўлган астронавтлар

«Колумбия» шаттли билан юз берган ҳодиса NASA’нинг обрўйига қаттиқ путур етказади. Ҳалокатдан сўнг шаттлларнинг парвозига тақиқ қўйилади. Кўп ўтмай АҚШ президенти Жорж Буш шаттллар технологияси эскиргани учун ёпилишини ва NASA янги космик кемалар ишлаб чиқишини эълон қилади.

Айнан 2003 йилда шаттлларга тақиқ қўйилгани учун NASA ўз астронавтларини халқаро космик станцияга Россиянинг Союз космик кемасида чиқаришга мажбур бўлади.

Ҳалокатдан 9 ой ўтгач, тарихда биринчи марта хитойликлар «Шэньчжоу-5» космик кемасини муваффақиятли учиришади.

«Аполлон-1», АҚШ.

1967 йилда «Аполлон-1» космик кемаси уч нафар астронавт билан парвозга шайланаётганда пайтда унда ёнғин келиб чиқади. Оқибатда астронавтларнинг барчаси ҳалок бўлади.

1960-йилларда АҚШ ва СССР ўртасида космосни ўзлаштириш бўйича пойга авжига чиқади. Шу пайтда ҳар икки давлат ҳам Ойга биринчи бўлиб парвоз қилиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган эди.

Америкаликларнинг Ойга парвози бўйича Аполлон дастури қабул қилинган ва шу дастур бўйича «Аполлон-1» космик кемаси фазога парвоз қилиши керак эди.

1966 йилда аввалига «Аполлон-1»ни бўш ҳолда, учувчисиз учириб кўришади ва парвоз муваффақиятли кечади. 1967 йил 21 февралда космик кемани астронавтлар билан бирга учиришга қарор қилишади.

Экипажни тайёрлашни бошлаш учун космик аппарат Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромга етказилади. Парвозга тайёргарлик бошланади.

27 январ куни уч нафар астронавт Эдварт Уайт, Виржил Гриссом, Рожер Чаффи «Аполлон-1» ичида тайёргарлик кўраётганида у ерда ёнғин содир бўлади. Оқибатда, уларнинг учаласи ҳам ҳалок бўлади.

Ҳалокатга учраган «Союз-1» космик кемаси ва ҳалок бўлган космоноавт

Уч нафар астронавт машғулотларни бошлаган кезда аппаратдаги ускуналар бир ишлаб, бир ишламай носозликлар кузатилади. Кўп ўтмай борт ичида ғалати ҳид тарқалади. Астронавтлар машғулотни тўхтатишади.

Навбатдаги текширув пайтида ўлчов ускуналари қисқа туташув туфайли қувват кучланишини қайд этади. 10 сониядан сўнг Уайт кабинада ёнғин чиққани ҳақида хабар беради.

Баъзи гувоҳларнинг таъкидлашича, кузатув камераларида Уайтнинг люк томон йўл олаётгани ва уни очишга урингани кўринган. Бир неча сониядан сўнг космодром ишчилари Чаффининг «Мен ёнаяпман» деб додлаганини эшитишган ва шу билан алоқа узилган.

Кўп ўтмай космик аппарат босимга дош бера олмай портлаб кетади ва шу тариқа уч астронавт ҳалок бўлади.

Фожиадан сўнг космик аппарат мукаммаллаштирилади. Унинг бортидаги барча материалларни ёнмайдиганларга алмаштиришади. Симларни тефлон билан қоплашади. Люкни ташқарига очиладиган қилишади.

«Союз-11» космик кемаси ҳалокатида ҳалок бўлган космонавтлар

«Союз-1» космик кемаси, СССР.

1967 йилда СССРга тегишли «Союз-1» Ерга қайтиб тушаётганда унинг парашюти ишламай қолади. Космик кема жуда катта тезликда Ерга келиб урилади. Оқибатда 1 нафар космонавт ҳалок бўлади.

1960-йиллар ўрталарида советлар фазони ўзлаштиришда америкаликлардан орқада қола бошлашади. Океан ортидагилар, айниқса, янги турдаги космик кемалар ясаб чиқишда муваффақиятга эришишади.

Шундан сўнг СССР раҳбарияти ҳам янги космик кема синовини тезроқ ўтказиш талабини қўяди. 1967 йил 23 апрел куни шошмашошарлик билан «Союз-1» космик кемаси учирилади.

Ўша пайтда мазкур космик кема парвозга тайёр эмасди. Бироқ Москвадаги раҳбарлар синов парвозини кечиктиришни хоҳламайди.

«Союз-1»да маҳоратли учувчи Владимир Комаров учади. Кўп ўтмай фазога «Союз-2» учиши ва иккала космик кема туташтирилиши керак эди.

Бироқ шу пайтда космик кеманинг автоматик тарзда ишлаши лозим бўлган ускуналари ишламай қолади. Комаров уни қўлда бошқара бошлайди. Кўп ўтмай учувчига Ерга қайтиш топшириғи берилади.

Космик кема атмосфера қатламига одатдагидай киради. Бироқ Ерга яқинлашганда ундаги парашют очилмайди. Захира парашюти очилади, бироқ унинг иплари чалкашиб қолгани учун нафи тегмайди.

Шундан сўнг «Союз-1» секундига 50 метр тезликда учиб тушиб Ерга урилади. Комаров ҳалок бўлади.

Ҳодисадан сўнг, «Союз-1» бўйича бошланган ишлар бир ярим йилга кечикади. Унгача советлар «Союз-1»даги носозликларни тузатиш учун яна олтита космик кемани синов тарзида учиришади.

1960 йилда Бойқўнғирда содир бўлган ҳалокат

«Союз-11» космик кемаси, СССР.

1971 йилда СССРга тегишли «Союз-11» фазода учиб юрганида унда носозлик кузатилади. Космик кема Ерга қайтиб тушганда унинг ичида бўлган уч нафар космонавт ўлик ҳолда топилади.

«Союз-11» фазога учирилганда унинг экипажига космик кема «Салют-1» станцияси билан туташиши керак эди. Космик кема фазога чиққандан сўнг унинг бортида муаммолар юз беради.

«Союз-11» носоз ҳолда фазода 11 кун бўлади. Муаммолар бартараф бўлмагач, экипажга Ерга қайтиб тушишга буйруқ берилади. Космик кема атмосферага одатдагидай киради. Бироқ шундан сўнг космонавтлар билан алоқа йўқолади.

Космик кема ерга тушганда унинг ичида бўлган уч нафар космонавтнинг барчаси жонсиз ҳолда топилади. Ўшанда «Союз-11»да учган космонавтларда скафандрлар бўлмаган, космик кема шундай қурилганди.

Ушбу фожиадан сўнг «Союз»даги носозликлар бартараф этилади. Космонавтларга скафандр кийиб учиш мажбурий бўлади.

Бойқўнғирдаги ҳодисада ҳалок бўлган маршал Неделин

Байқонғурдаги ҳалокат

1960 йил Гагариннинг парвозидан бир неча ой олдин, Бойқўнғир космодромида мисли кўрилмаган ҳалокат содир бўлади. Оқибатда 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

АҚШ билан космосни ўзлаштириш бўйича пойга ўйнаётган советлар бу ҳалокатни қаттиқ сир тутишади ва омма у ҳақда 1989 йилга келиб хабар топади.

«Берлин инқирози» туфайли халқаро муносабатларнинг кескинлашиши ортидан Хрушчев 1959 йилда қитъалараро баллистик ракеталарни ишлаб чиқишни тезлаштиришни буюради.

1960 йил 24 октябрда Бойқўнғир космодромида Р-16 ракетасини синовдан ўтказиш режалаштирилган эди. Мутахассислар ракетада камчиликлар борлигини айтишганига қарамасдан Москвадан синов парвозини ортга сурмаслик ҳақида буйруқ берилади.

Шунда ҳам айримлар синов парвозини кечиктириш кераклигини айтишганда парвоз учун масъул бўлган маршал Неделин «Парвозни кечиктириб бўлмайди, Унда мен Никитага нима деб жавоб бераман? Ракета белгиланган вақтда учади. Бутун мамлакат бу ишни амалга оширишимизни кутмоқда» деб жавоб беради.

Маршал Неделин парвоздан хавотирланмаслик кераклигини айтиб, лойиҳада қатнашаётган турли мутахассислар билан бирга старт майдончасидан атиги 17 метр узоқликда жойлашади.

1965 йилда Арканзас штатидаги парвоз шахтасида юз берган ҳалокат

Шу пайтда 30 дақиқалик сўнгги тайёргарлик эълон қилинади. Бироқ шу пайтда парвознинг иккинчи босқичида ишлаши керак бўлган двигател ишга тушиб кетади.

Ундан чиқаётган аланга ракета остида бўлган ёқилғи сиғимининг қизиб кетиб портлашига сабаб бўлади. Оқибатда ракета портлаб кетади ва старт майдони атрофидаги барча куйиб кетади. Улар орасида Маршал Неделин ва турли мутахассислар ҳам бор эди.

Старт майдонидаги кучли аланга икки соатда пасаяди ва шундан сўнг қутқарувчилар иш бошлашади. Бироқ бунгача атрофдаги ҳамма ўлиб бўлганди.

Ушбу фожиадан сўнг космодромда хавфсизлик режими кучайтирилади. Шунингдек, ракеталарни учиришни ташкил этиш ишларига жиддий эътибор берила бошланади.

Арканзасдаги ракета шахтасидаги ёнғин

1965 йилда АҚШнинг Арканзас штатида жойлашган ракета шахтасида ёнғин содир бўлади. Оқибатда 65 киши ҳалок бўлади.

1965 йил 8 август куни Серси аҳоли пункти яқинидаги ракета учириш шахталаридан бирида Прожеcт Project YARD FENCE модернизация дастури доирасида ишлар олиб борилади.

7 қаватли шахтани модернизация қилишда LGM-25C Titan-2 қитъалараро баллистик ракетасини ичкарида қолдиришга қарор қилинади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ундан жанговар каллак олиб ташланади.

Таъмирлаш ишлари кетаётган пайтда ишчилардан бири тасодифан гидравлик шлангни шикастлаб қўяди ва ундан тез ёнувчи суюқлик оқиб чиқа бошлайди.

Суюқликнинг ҳиди шахта орқали тарқалади ва сезганлар юқори қаватдаги чиқиш жойига қараб югуришади. Бироқ фақат икки киши қочиб чиқишга муваффақ бўлади.

1980 йилда Плесецк космодромида содир бўлган ҳалокат

Қолганлар чиқишга улгурмасдан шахтада кучли портлаш содир бўлади. Ҳосил бўлган кучли олов шахталар бўйлаб тарқалади. Оқибатда шахтада бўлган 53 нафар ишчи ҳалок бўлади.

Шахтада бўлган ракетага жиддий шикаст етмайди. Шахта фаолияти эса орадан 13 ой ўтиб қайта тикланади.

Плесецк космодромидаги авария

1980 йилда Архангелск вилоятида жойлашган Плесецк космодромида «Восток» ракетасини ёқилғи билан тўлдириш пайтида ёнғин содир бўлади. Оқибатда атрофда бўлган 48 киши ҳалок бўлади.

1980 йил 18 март куни бортида «Икар» айғоқчи сунъий йўлдоши бўлган «Восток» ракетаси Плесецк космодромида учиришга ҳозирланаётган эди.

Ракета сиғимларига турли хил ёқилғилар – керосин, суюқ кислород, азот қуйилади. Охирги босқичда унга водород перекиси қуйилади.

Ана шу босқичда эҳтиётсизлик туфайли ёнғин келиб чиқади ва ракетага қўйилган 300 тонна ёқилғи портлайди. Оқибатда ҳаммаёқ аланга ичида қолади ва атрофда бўлган 44 киши воқеа жойида ҳалок бўлади. Яна тўрт киши касалхонада вафот этади. 39 киши турли даражада тан жароҳатлари олади.

2003 йилда Бразилиянинг Алкантара космодромида содир бўлган ҳалокат

Ўша пайтда комиссия ҳалокатга парвоз жараёнига жавобгар бўлган ҳарбийларни айбдор деб топади. Орадан 16 йил ўтгач, ҳодиса юзасидан қайта текширув ўтказилади.

Текширувда ҳалокатга водород перекиси учун ишлатилган ёнилғи филтрларида хавфли материаллар ишлатилгани сабаб бўлган деб топилади.

Алкантара космодромидаги ҳалокат (Бразилия)

2003 йилда Бразилиядаги Алкантара космодромида парвозга ҳозирланаётган ракета портлаб кетади. Оқибатда 21 киши ҳалок бўлади.

2003 йил 25 август куни Алкантара космодромида VLS-3 ракетасининг парвози белгиланганди. Ракета иккита сунъий йўлдошни фазога олиб чиқиши керак эди. Шунда Бразилия Лотин Америкасидаги биринчи космик давлатга айланарди.

Бразилия икки марта ракета учиришга уринган, бироқ муваффақиятсизликка учраган эди. 22 август куни якуний синовлар ўтказилади. Парвоз куни ракета атрофида 100 га яқин одам ишларди.

Парвозга старт берилмасдан аввал тўсатдан ракетанинг биринчи босқичида ишлаши керак бўлган тўртта двигателдан бири ишга тушади ва ёнғин бошланади. Бироз ўтиб ракетанинг ёқилғи баклари портлайди.

Оқибатда ракета ва 10 қаватли учириш майдончаси бутунлай вайрон бўлади ва 21 киши ҳалок бўлади.

Ракетада ишлаган кўплаб олимлар ва муҳандислар портлаш оқибатида ҳалок бўлгани учун Бразилия космик дастури тўхтаб қолади. Ҳодиса юзасидан кенг кўламда текширувлар ва тергов ўтказилади. Бироқ ҳалокатнинг аниқ техник сабаблари аниқланмайди.

Сичан космодромидаги фалокат, Хитой

1996 йилда Хитойнинг Сичан шаҳридан парвоз қилган космик кема кўп ўтмай қулаб тушади. Оқибатда, расмий маълумотга кўра, 6 киши норасмий маълумотларга кўра, 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлган.

1990-йилларнинг иккинчи ярмида Хитой ўзининг космик дастурини фаол ривожлантира бошлайди. Бироқ мамлакатда етарли мутахассислар йўқ эди.

1996 йилда Хитой ва Россия ўртасида космик тадқиқотларни биргаликда ўтказиш бўйича шартнома тузилади. Бу хитойликларга фазога космик кемаларни учиришни тезлаштириш имконини беради.

Шунингдек, 1996 йилдан бошлаб хитойликлар АҚШ мутахассислари билан ҳам ҳамкорлик қила бошлашади. Жумладан, ўша йили АҚШ ва Хитой ўртасида ҳам ҳамкорлик бўйича келишув имзоланади.

1996 йил 15 февралда мамлакат жанубий-ғарбидаги Сичан космодромидан Хитой ракетаси АҚШнинг Intelsat 708 сунъий алоқа йўлдошини фазога олиб чиқиши керак эди.

Ракета белгиланган вақтда учирилади. Бироқ кўп ўтмай у тез айлана бошлайди. Ракета парвоздан 22 сония ўтиб, космодром яқинидаги қишлоққа қулаб тушади ва портлайди.

Сичан космодроми

 

Ҳодиса сабабини хитойликлар билан бирга америкаликлар ҳам ўргана бошлайди. Охирида ҳар икки томоннинг хулосаси қарийб бил хил чиқади. Фақат ҳалок бўлганлар сонида тафовут юзага келади.

Хитойликларнинг хулосасида жами олти киши ҳалок бўлгани ёзилганди. Америкаликлар хулосасида эса 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлгани келтирилганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид