Ўзбекистон | 13:53 / 02.12.2023
195414
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олинди

У атрофига жисмонан бақувват шахсларни тўплаб, қарздорлик ва бошқа муаммоларни қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш билан шуғулланган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев қўлга олинди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлари доирасида бир қатор жиноий ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига тўплаб, қатор жиноятларни содир этган. Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидан.

Жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Саидазиз Саидалиев ва бошқа бир неча шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсдан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-66, 71-206-49-46 ёки 102 рақамига ёхуд яқин орадаги ИИОга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда.

  • 30 ноябр куни Kun.uz манбаси сўнгги бир ҳафта ичида Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча жиноий гуруҳлари ва жиноий дунёнинг ўнлаб вакиллари»га қарши кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эди
  • 2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилаётгани тасдиқлади.

Мавзуга оид