Ўзбекистон | 10:26 / 03.12.2023
9635
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишга келишди

Ўзбекистон ва БАА ички ишлар вазирлари икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади. Шунингдек, БААда узоқ вақтга яшаш ҳуқуқини олган ўзбекистонликларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида имтиёз берилади.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

2 декабр куни Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосари — ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

ИИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашув давомида «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмашиш тўғрисида»ги англашув меморандуми имзоланган.

Таъкидланишича, мазкур меморандумнинг кучга кириши билан ҳар икки давлат фуқаролари ўзларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан иккинчи томон давлатининг ҳудудига ташриф буюрган даврда (узоқ муддатга яшаш учун келганлар бундан мустасно) транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

БАА резиденти бўлган (узоқ муддатга яшаш ҳуқуқини олганлар) миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Ўзбекистон фуқаролари БАА ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш вақтида тегишли назарий ва амалий синовларни топширишдан озод қилинади.

Ҳужжат 2024 йилнинг 27 январидан кучга кириши белгиланган.

Шунингдек, бўлиб ўтган учрашувда томонлар трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва кибержиноятларга қарши биргаликда курашиш, мазкур йўналишларда ходимларнинг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни муҳокама қилди.

Мавзуга оид