Жаҳон | 20:55 / 21.12.2023
49369
3 дақиқада ўқилади

Прилепиннинг Ўзбекистон ҳақидаги баёнотлари Москванинг позицияси эмас — Россия ТИВ

Баёнотда Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилгани қайд этилган.

Фото: Россия ТИВ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ёзувчи ва публицист Захар Прилепиннинг меҳнат миграцияси ҳақидаги баёноти билан боғлиқ саволга жавоб берди.

Прилепин меҳнат миграцияси ва у билан боғлиқ бўлган бошқа давлатлар ҳудудлари Россия томонидан «аннексия қилиниши» кераклигини айтиб, Ўзбекистонни алоҳида тилга олганди.

Мария Захарова Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб турганини қайд этиб, Прилепиннинг сўзлари унинг шахсий фикри эканини таъкидлади.

«Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Ва бу шунчаки ёқимли ибора эмас. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябр ойида мамлакатимизга расмий ташрифининг таъсирчан якунлари, кенг кўламли йиғилишда ҳукм сурган илиқ муҳит бунинг яққол далилидир.

Биз 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларга тўлиқ содиқмиз. Ўзаро мажбуриятларга кўра, ҳамкорлигимиз суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТ ташкилотларидаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган. Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ўсиши манфаатларидан келиб чиқиб, Москва Тошкентга Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини ҳисобга олган ҳолда ёрдам бермоқда.

Агар кенгроқ қарайдиган бўлсак, Россия ва Марказий Осиёни умумий тарих, яқин инсоний ва маданий ва бевосита иқтисодий алоқалар бирлаштиради. Давлатларимиз ва ҳукуматларимиз раҳбарлари вазирликлар, идоралар, вилоятлар раҳбарлари олдига имтиёзли алоқаларни изчил ривожлантириш вазифасини қўйди. Бундан ташқари, биз ҳар доим бир-биримизга ёрдам беришга тайёрмиз, бу бир неча бор амаллар билан тасдиқланган (коронавирус пандемияси даврида ўзаро ёрдам, жабрланган ҳудудлар аҳолисига инсонпарварлик ёрдами, Марказий Осиёда ғайритабиий совуқлик даврида Россия энергия ресурсларини етказиб бериш, ва бошқалар.).

Миграция мавзусига келсак, Россия томони чет элдан, биринчи навбатда, дўст мамлакатлардан меҳнат ресурсларини жалб қилиш ҳам Россия, ҳам бундай хизматларни экспорт қилувчи давлатлар манфаатларига жавоб беришини бир неча бор таъкидлаган. Айни пайтда миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада тартибли ва ўзаро манфаатли бўлишини таъминлаш мақсадида бир қатор тартибга солиш, ташкилий, ахборот ва бошқа чора-тадбирлар бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Юқоридагилар билан боғлиқ ҳолда, Захар Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, Россия Федерациясининг расмий позициясига ҳатто яқинлашмайди», деди Захарова.

Мавзуга оид