Жаҳон | 12:08 / 28.09.2024
2114
3 дақиқада ўқилади

Прилепинга суиқасдда айбланган шахсга умрбод қамоқ жазоси сўралди

Россия прокуратураси урушпараст жамоат арбоби ва ёзувчи Захар Прилепиннинг машинасини портлатиб юборганликда айбланган Александр Пермяковни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради, деб хабар берди «Медиазона».

Фото: ТАСС

Россия прокуратураси уруш тарафдори бўлган жамоат арбоби ва ёзувчи Захар Прилепиннинг машинасини портлатганликда айбланган Александр Пермяковни махсус режимли колонияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўрамоқда. Бу ҳақда 27 сентябр, жума куни 2-ғарбий округ ҳарбий суди залидан «Медиазона» мухбири хабар берди. Прокурор Надежда Тихонова жиноятнинг ижтимоий хавфлилигини «катта» деб атади ва айбланувчининг «қатъий ғайриижтимоий муносабатлари ва ижтимоий хавфли манфаатларини» қайд этди.

Ўз навбатида, адвокат Пермяковга тегишли эпизодлар бўйича жиноий таъқибни тўхтатишни сўради, деб ёзади «Медиазона». Ҳимоячи, шунингдек, Пермяков судланмаганлигини, «прокуратура далилларига зид равишда», ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганини ва «жиноятни очишга фаол ҳисса қўшганини», онаси эса бир қатор сурункали касалликларга эга эканлигини ҳисобга олишни сўради. Шунинг учун адвокат суддан Пермяковга «бу шароитда минимал даражада мумкин бўлган» жазо тайинлашни илтимос қилди.

Айбланувчи Пермяков ўз фикрини билдирмади. Жабрланувчи Прилепин мунозарада иштирок этишдан бош тортди ва Пермяковни «қонунга мувофиқ» жазолашни сўради. Суд ҳукмни 30 сентябр куни эълон қилиши керак.

Прилепин 2023 йил май бошида автомобил портлаши оқибатида жароҳатланган эди

Кремлпараст ёзувчи Захар Прилепиннинг Audi Q7 автомобили 6 май куни Нижний Новгород яқинидаги Пионерское қишлоғида портлаб кетди. Портлаш натижасида Прилепин яраланди, унинг ҳайдовчиси Александр Шубин ҳалок бўлди. Прилепин Донбассга ташрифидан сўнг Москвага қайтаётган бўлган ва чегара ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтган. У тушликдан кейин машинага қайтганидан кейин портлаш содир бўлди.

Худди шу куни жиноят содир этилган жойдан унчалик узоқ бўлмаган ўрмон зонасида Александр Пермяков қўлга олинди, унинг ёнидан Россия ва Украина паспортлари ҳамда Қозоғистоннинг қалбаки паспорти, жанговар тўппонча, пластир, бешта сим-карта, иккита банк картаси, нақд рубл ва гривна, фонар, компас, чақмоқ тош, ўнта телефон рақамлари ва исмлар ёзилган қоғоз топилди.

Полиция бўлимида Пермяков айбини тан олди. Экспертиза уни қўлга олиш вақтида қўлларида портловчи модданинг излари борлигини аниқлади. «Медиазона» шунингдек, қўлга олингандан сўнг Пермяков Шубиннинг ўлимидан қайғуда эканини, лекин Прилепин ўлмаганидан афсусда эканлигини айтганини аниқлади.

Мавзуга оид