«Бахти Ташкентский»нинг ўғиллари ҳам қўлга олинди
Бегзод Бахтиёрович Зафаров ва Ихтиёр Қудратуллаев товламачиликда гумонланмоқда.
Тошкент шаҳрида бир қатор жиноятларни содир этишда гумонланган олти нафар шахс қўлга олинди. ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, улар орасида Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳамда Қудратуллаев Ихтиёр Бахтиёр ўғли ҳам бор бўлиб, улар «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғиллари ҳисобланади.
Ихтиёр Қудратуллаев (1996 йилда туғилган) Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан гумонланиб қўлга олинган.
Бегзод Зафаров эса (1994 йилда туғилган) Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик) билан ушланган.
Бахтиёр Қудратуллаев ҳам декабр ойи бошида қўлга олинган, майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаган учун 15 суткага қамалган, бундан ташқари, Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётгани маълум қилинганди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Бахтиёр Қудратуллаев уюшган гуруҳ таркибида ҳаракат қилгани ва бундай айблов учун далиллар етарли эканини айтганди.
Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларнинг «Долзарб қирқ кунлиги» доирасида бир қатор жиноятларни содир этган яна тўрт киши ушланиб, гумон қилинувчи тарзида жалб этилган:
1. Жуманиязова Наргиза Рустамовна (1983 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик);
2. Бадалов Жаҳонгир Жўраевич (1975 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми, 168-моддаси 1-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик, фирибгарлик);
3. Сулаймонқулов Шерали Рўзиевич (1978 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик);
4. Турсунбоев Акмалжон Наримон ўғли (1995 йилда туғилган) — Жиноят кодекси 165-моддаси 2-қисми (товламачилик).
Тергов қилинаётган жиноят иши доирасида гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.
Фуқаролар агар ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлса ёки ушбу шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 Telegram рақамига мурожаат қилиши сўралган. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Мавзуга оид
17:11 / 24.10.2024
10 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Туркияда қўлга олинди
21:33 / 19.10.2024
Россияда гўдак боланинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистонлик энага ҳибсга олинди
19:56 / 15.10.2024
Қадимий олтин тангаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди
19:32 / 10.10.2024