Air Cairo Мисрдан Фарғонага авиақатновлар йўлга қўймоқчи
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Мисрнинг Air Cairo чартер авиакомпанияси вакиллари Муҳаммад Юнус Юсуф ва Талгат Даировларни қабул қилди.
Учрашувда Air Cairo авиакомпанияси томонидан Фарғона ва Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳри ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Фарғона халқаро аэропортини хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилган вилоят ҳокими, Миср билан тўғридан тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши аэропортда йиллик йўловчилар оқимини кенгайишига, Миср билан Фарғона ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланишига хизмат қилишини таъкидлаб, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканликларини билдирди.
Ёз бошларида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган қатновларга Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлигидан рухсатнома расмийлаштиришни жадаллаштириш бўйича биргаликда иш ташкил этилишига келишиб олинди.
2003 йилда ташкил этилган Air Cairo чартер авиакомпаниясининг штаб-квартираси Қоҳирада жойлашган бўлиб, Мисрнинг миллий авиаташувчиси EgyptAir таркибига киради. 30 та замонавий лайнерларга эга бўлган авиакомпания ҳозирда Миср шаҳарларига, 30 га яқин давлатларга, шу жумладан, Тошкент шаҳрига жами 70 дан ортиқ йўналишларга парвозларни амалга ошириб келади.
Мавзуга оид
07:06 / 05.09.2024
Фарғонада автотрейлер ЙТҲга учради
16:34 / 30.08.2024
Фарғонада Spark симёғочга урилиши оқибатида 2 киши вафот этди
18:40 / 22.08.2024
Фарғонадан Новосибирскка авиақатновлар йўлга қўйилади
14:57 / 14.08.2024