Жаҳон | 14:46 / 09.01.2024
17931
6 дақиқада ўқилади

БРИКС ичидаги энг катта зиддият нима? Путин нимага эришмоқчи?

2009 йилда тузилган БРИКС бугун дунёда ғарбдан мустақил бўлган энг йирик геосиёсий ва геоиқтисодий бирлашма сифатида шаклланмоқда. БРИКСнинг мақсади – коллектив ғарбга нисбатан муқобил геоиқтисодий ва геосиёсий қутб яратиш, АҚШ ва унинг иттифоқчилари таъсиридан чиқиш, доллар гегемонлигидан қутулиш, дунёда янги тартибот ўрнатишдир.

БРИКС (BRICS) – бу унга аъзо беш давлатнинг бош ҳарфлари йиғиндиси ҳисобланади. Бу Бразилия, Россия Федерацияси, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси ҳамда Жанубий Африка Республикасидир.

2009 йилда тузилган БРИКС 2024 йилнинг январ ойидан яна 5 та янги аъзо билан, кенгайди. Янги аъзолар – Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Эрон Ислом Республикаларидир. Аввалига бу рўйхатда ҳам бўлишига келишилган эди, лекин мамлакатнинг янги президенти Хавьер Милей БРИКСга кириш ниятидан воз кечди, у АҚШ билан яқинлашиш ниятида.

Кремлга яқин сиёсатчилар, экспертлар БРИКСни “ғарбдан мустақил ёки ғарбга қарши дунё аксариятининг энг йирик тимсоли” дейишади. Дунёнинг бошқа маслакатларида эса, “дунё аксарияти” (мировое большинство) деган атама эмас, кўпроқ “глобал жануб” деган атамани ишлатишади. Моҳиятан “дунё аксарияти” (яъни ғарбга кирмаган ва унинг ҳокимиятидан норози бўлган кўпчилик давлатлар ва халқлар) ва “глобал жануб” – битта тушунча.

Глобал жануб – бу асосан жанубда жойлашган, лекин геосиёсий жиҳатдан Россия каби шимол давлати ва шарқий ҳисобланмиш Хитой Халқ Республикаси ҳам кирувчи, араб давлатлари, Осиё ва Африка давлатлари, Эрон ва ҳатто Туркияни ҳам назарда тутувчи геосиёсий конструкция.

Бугун “глобал жануб”нинг энг қудратли лидерлари, булар – ХХР ва РФ. Бу давлатларнинг пировард мақсади – дунё қудратини ўзгартириш, АҚШ салоҳиятини пасайтириш ва имкон бўлса, демонтаж қилиш ҳамда ўзларининг ўйин қоидаларини янги тартибот сифатида ўрнатишдир.

Шу январда нафақат янги беш давлат БРИКСга яъзо бўлди, балки ташкилотга раислик РФга ўтди. Бугун россиялик сиёсатчилар ва экспертлар Россиянинг БРИКС йўналишидаги энг асосий вазифаси – ушбу ташкилот ичидаги зиддиятни бартараф қилиш демоқда. Қандай зиддият?

БРИКС ичидаги энг катта геосиёсий зиддият – бу унинг Хитой ва Ҳиндистон ўртасида шаклланган ашаддий рақобат, вақти-вақти билан, душманлик кайфиятидир. Ҳиндистон ўзида Хитойга қарши мухолифат кўради. Ҳиндистон, мана кўп ўн йилликларки, Хитойга қарши қуролланиб, сиёсий фаолият олиб боради. 3400 километрлик ҳинд-хитой чегарасининг тахминан 65 фоиз қисмини икки томон ҳам тан олмайди, яъни умумий чегаранинг катта қисми баҳсли ҳисобланади.

Ҳиндистон Хитойга қарши жиддий қуролланиб, бошқа давлатлар билан ҳарбий-ўқув машқларини ўтказиб келади. Хитойга қарши фаолият олиб борадиган кўплаб сепаратчи гуруҳлар, жумладан, “қувғиндаги Тибет ҳукумати” ҳам Ҳиндистонда ўтиради.

Хитой ҳам Ҳиндистонни ўзи учун катта таҳдид деб билади. Шунинг учун Ҳиндистонга қарши ҳарбий ўқув машқлари ўтказади, Ҳиндистоннинг бошқа душмани – Покистонни ўзига яқин кўради, Покистон билан алоқаларни ривожлантириб келади.

Ҳиндистон Хитойга қарши стратегик режалар тузиши ҳам одатга айланган. Мисол учун, ҳиндистонлик экспертларда “агар Тайван атрофида уруш бошланса, Ҳиндистон бир қанча сценарийлар бўйича иш кўради” деган режалар бор. Бир режага кўра, Ҳиндистон Хитой билан урушаётган давлатлар ва кучларни ўқ-дори билан таъминласа, бошқа сценарийларга кўра, тўғридан тўғри урушга қўшилади ва Хитой билан урушади.

Шунинг учун, Хитой ва Россия нигоҳида БРИКС ичидаги энг заиф нуқта – бу Ҳиндистон. Ҳиндистон бу ташкилот аъзолари орасида ғарбга мойил давлат. Кейинги йилларда Ҳиндистоннинг АҚШ билан ҳарбий, иқтисодий ва геосиёсий ҳамкорлиги ошиб бормоқда. 2022 йилда АҚШ ва Ҳиндистон Ҳимолай тоғларида (Хитой чегараси яқинида) ўқув машқлари ўтказган бўлса, 2023 йилда Аляскада (Американинг Россия ва Хитойга энг яқин минтақаси) ҳарбий машқлар ўтказди. 2023 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида янги ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича келишувлар, янги контрактлар имзоланди.

Кўплаб халқаро тадқиқот марказлари бу икки давлатнинг иқтисодий, сиёсий, ҳарбий, демографик салоҳиятини таҳлил қилиб боради. Таҳлилларга кўра, келажакда Ҳиндистоннинг иқтисодий ва геосиёсий салоҳияти сурункали ошиб боради. Ҳозир дунёнинг биринчи иқтисодиёти – АҚШ. Иккинчиси – Хитой. Лекин, кейинги ўн йилликларда Хитой биринчи иқтисодиётга айланиши кутилади. Аммо, шу нарса аниқки, Хитойнинг аҳолиси ўсишдан тўхтаган. Кейинги ўн йилликларда Хитой аҳолиси кескин қисқариб боради. Шунинг учун, 2050 йилга бориб, АҚШ яна энг катта иқтисодиёт сифатида майдонга чиқади. 2080 йилга бориб эса, дунёнинг аҳоли сони ва иқтисодий улушига кўра, энг катта давлати – Ҳиндистон бўлади.

Бу йил БРИКС раислигини қўлга олган Россия, ўз олдига катта амбицияли вазифа қўймоқда: Путин Хитой ва Ҳиндистонни яраштириш ниятида. Агар у Деҳли ва Пекин ўртасидаги зиддиятни пасайтира олса, БРИКСнинг ғарбга, аввало АҚШга қарши бирлиги, бирдамлиги, фаоллиги анча ошади. Путин дунёда геосиёсий инқилоб қилишни орзу қилади. Яъни АҚШни дунё ҳокимиятидан йиқитишга бел боғлаган. Шунинг учун БРИКСни АҚШга қарши геосиёсий ва геоиқтисодий майдон сифатида кўради.

Шу тариқа, дунёда глобал ҳокимият учун кураш янги даражага кўтарилмоқда. Бу курашда БРИКСнинг, жумладан Ҳиндистоннинг вазни янада ортмоқда.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид