Ҳиндистон глобал кучга айланяптими?
Глобал жануб лидерларидан бири Ҳиндистон барқарор ўсиш зинасидан тўхтамай илдамлаяпти. Хўш, Деҳлининг катта куч марказлари билан муносабатлари қандай шаклланган? Ҳиндистон ташқи сиёсатида юмшоқ кучнинг аҳамияти қандай? Ҳиндистон – Марказий Осиё муносабатлари қайси манфаатларга асосланади?
“Геосиёсат” мавзунинг шу каби нуқталарини сиёсий таҳлилчи Наргиза Умарова ва шарқшунос таҳлилчилар клуби аъзоси Зилола Аҳмедова билан таҳлил қилди.
— Маълумки, Ҳиндистон иқтисодий ва ҳарбий салоҳияти бўйича дунёнинг топ бешлигидан ўрин олган. Ҳиндистон бундай муваффақиятга қандай эришди?
Наргиза Умарова: — Ҳақиқатан ҳам Ҳиндистон қудрати ошиб бормоқда, асосан иқтисодиёт ва ҳарбий соҳада шундай бўляпти. Бу ҳам бўлса Ҳиндистон халқаро майдонда минтақавий ўйинчидан глобал ўйинчи даражасига кўтарилиб бориши билан боғлиқ. Баъзи экспертлар Ҳиндистон глобал ўйинчи эмас, дейишади, аммо шахсан мен глобал ўйинчи деб ўйлайман бир нечта параметрлар бўйича.
Ҳарбий қудрат ошиши иқтисодиёт ўсиши билан боғлиқ. Ҳозирги кунда Ҳиндистон энг кўп аҳолига эга давлат. Тўғри, дунё иқтисодиётидаги улуши АҚШ ва Хитойга нисбатан кам, аммо иқтисодий ўсиш темпи бўйича жуда катта кўрсаткичга эга. Ўтган йили иқтисодий ўсиш 6 фоиздан ортиқ бўлган. Агар шу темпда давом этадиган бўлса, яқин 10 йил ичида Ҳиндистон дунёнинг учинчи иқтисодий қудратига айланиши мумкин. 2070–2075-йилларда демографик ўсиш юқорилаган пайтда эса дунёнинг иккинчи, ҳатто биринчи иқтисодий кучига айланиши мумкин, деган таҳлиллар мавжуд.
Умуман, Ҳиндистон қандай глобал ўйинчи? У дунёда кризис ўчоқларини яратадиган ўйинчи эмас. Аммо иқтисодий ўсиш эвазига ҳарбий қудрат ҳам ошиб бормоқда, бу нормал ҳолат. Амбициялари кучайган давлатни тийиб туришга бўлган ҳаракатлар ҳам бўлади, шунинг учун ҳарбий қудрат хам оширилмоқда. Аммо Ҳиндистон ҳарбий техника ва қурол-яроғларни мустақил ишлаб чиқараётгани йўқ.
Зилола Аҳмедова: — Ҳиндистон мураккаб минтақада жойлашган. Узоқ муддатдан бери давом этаётган Покистон билан низолар, Хитой билан чегарадаги муаммолар ҳарбий соҳага катта эътибор қаратишга мажбур қилади. Йилдан йилга ҳарбий соҳага кўпроқ маблағ ажратяпти, бу йил ҳам 13 фоизга ошиб, 74 млрд доллар ажратган. Мудофаа саноатига ҳам эътибор бўляпти, 18 та корхона ҳарбий техникалар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, ҳарбий салоҳияти юқори давлатлар билан ҳамкорликка ҳам эътибор қаратади, яъни Россия, АҚШ, Исроил каби. Яна бир имконият омили демография, 2023 йил январ ҳолатига кўра, Ҳиндистонда ҳарбий хизматга яроқлилар сони 47 фоиз, фаол аскарлар сони эса 1,5 млн.
— Ҳиндистон ташқи сиёсатида “юмшоқ куч”нинг аҳамияти қандай? Қолган давлатлардан қандай ўзига хос хусусияти билан ажралиб туради?
Наргиза Умарова: — Ҳиндистон кўпроқ “юмшоқ куч” ишлатувчи давлат ҳисобланади. У ўз дипломатиясини оҳиста олиб боради. Масалан, охирги 5-6 йил давомида тизимли равишда Марказий Осиёдаги таъсирини оширишга ҳаракат қилди, бундай ҳаракатлар 90-йилларда ҳам бўлган эди. Ҳиндистонда 2019 йилдан бери Марказий Осиё билан боғланиш дастури бор, шу дастур асосида минтақамиз давлатлари билан мулоқот олиб борган. Умуман, Ҳиндистон Марказий Осиёдаги иштирокида ҳеч қандай ҳарбий таҳдид қилмайди, фақат иқтисодий ҳамкорликни кўзлайди.
Ҳиндистон иқтисодиётининг яна бир муҳим локомативларидан бири кино соҳаси ҳисобланади. Бу бўйича жиддий таҳлиллар бор, ростдан ҳам катта улуши бор кинонинг. Кино эса “юмшоқ куч” воситаси ҳисобланади. Хитой билан солиштирганда, Ҳиндистон “юмшоқ куч” анъанавий воситаларидан кўпроқ фойдаланади, яъни тил, маданият, этник яқинлик кабилар. Хитой эса “юмшоқ куч”га бошқача таъриф беради ва иқтисодий лойиҳаларни ҳам “юмшоқ куч” воситаси сифатида қабул қилади.
Зилола Аҳмедова: — “Юмшоқ куч” бирор миллатнинг асрлар давомида шаклланган образи дегани. Бугунги ахборот инқилоби даврида инсон онгини забт этиш орқали мамлакат миллий манфаатларини экспорт қилишади ва бунга алоҳида эътибор беришади.
“Юмшоқ куч”нинг 3 асосий манбаси бор: маданият, сиёсий қадриятлар, ташқи сиёсат. Ҳиндистон бу учаласи бўйича ҳам пойдеворга эга. Ҳиндистон бир миллат ичида турли маданиятларни мужассамлаштирган давлатдир, бу эса халқаро ҳамжамият учун жозибали.
Кейинги омил Болливуд, буни инкор қилиб бўлмайди. Филмлар инсонга таъсир қилувчи кучли восита. Масалан, кичик ёшли бола ҳам АҚШни кучли давлат деб билади, чунки кинолар орқали шуни кўрган. Худди шу каби ҳинд филмлари орқали Ҳиндистон маданияти кириб боради.
Бундан ташқари, яна бир муҳим омил унинг диаспораси. Ҳиндистоннинг 30 млндан ортиқ диаспораси мавжуд. Британия бош вазири, АҚШ вице-президенти, бошқа катта бизнесменлар ва олимлар ҳам бунга мисол бўла олади.
Ҳиндистон йогаси, медитацияси кабилар жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинади доим.
Кейингиси эса демократия. Ҳиндистон дунёдаги энг йирик демократик давлатлардан бири ҳисобланади. Биргина конституциясида 27 тил бор.
Инженеринг, таълим, IT соҳаларидаги ютуқлари ҳам кўплаб ёшларни, инвесторларни Ҳиндистонга жалб қилади. Иқтисодий ўсиш инвестиция кириши ва ўзи инвестор давлатга айланишига имкон яратади. Ҳиндистон бугун импорт қилувчи давлат сифатида 6-ўринда, экспорт қилишда 9-ўринда туради.
Ташқи сиёсатда кам зиддиятларга борувчи, асосан ҳамкор давлат сифатида кўрсата олган. Баъзи давлатлар билан иқтисодий алоқалар ўрнатилганда фуқароларда бу давлат еримизни олиб қўяди, яхши ниятда эмас, деган қўрқув пайдо бўлади. Аммо Ҳиндистонга нисбатан бундай қараш бўлмайди, дўст мамлакат сифатида имижини шакллантирган.
— Глобал жануб концепциясида Ҳиндистон етакчи бўла оладими? Бунга қандай омиллар тўсиқ бўлиши мумкин? Ҳиндистоннинг катта куч марказлари билан муносабатлари қандай шаклланган?
Наргиза Умарова: — Глобал жанубда ким лидер бўлади, лидерлар сони нечта бўлади, деган масала очиқ турибди. Ҳар ҳолда, Ҳиндистон ҳаракат қиляпти бунга. Ҳали глобал жануб концепциясида қандай мазмун киритилаётгани ҳам сўроқ асосида. Бу тушунча атрофида Хитой, Россия каби давлатлар АҚШ ва Ғарбга оппонент сифатида бирлашяпти. Хитой ҳам бу концепцияда ўзини лидер сифатида кўрсатишга уриняпти, Россия ҳам.
2023 йилда Ҳиндистон глобал жануб лидерларидан бири сифатида ўзини кўрсата олди. 25 январда глобал жануб овози саммитига бошчилик қилади. Кейинги шу форматдаги саммит ноябрда бўлди. G20 давлатлари саммити Ню-Деҳлида бўлди, бу ҳам қўшимча бонус бўлди.
Глобал жануб концепциясини Хитой ҳам, Ҳиндистон ҳам илгари суряпти. Улар дунё тартиботини ўзгартиришни илгари суряпти, позициялари ўхшаш. Аммо бу икки давлат бир-бирига стратегик рақиб ҳисобланади. Глобал Жануб концепциясида икки давлат ҳали у қадар қудратли бўлмаган давлатларни ўз атрофига тортяпти. Хитой “Бир макон — бир йўл” лойиҳаси билан тортяпти, Ҳиндистон эса турли саммитлар орқали тортишга уриняпти.
Ўтган йили Ҳиндистон G20 давлатлари саммитида Африка давлатлари иттифоқини G20'таликка киритишга эришди. Бу Ҳиндистоннинг жуда ҳам катта сиёсий ғалабаси сифатида қабул қилинди. Ҳиндистон ўзини янги дунё тартиботида янги куч сифатида тақдим этишга уринмоқда.
Ҳиндистон дипломатиясига қойил қолиш керак. Юқорида айтилгандек, ўзини дўст давлат сифатида тақдим этолади. АҚШ билан ҳам, Россия билан ҳам яқин алоқаларда балансни тўғри ушлай олади. Ҳиндистон ўзини энг йирик демократик давлат сифатида тақдим этади, аммо бу баҳсли чунки, тўла мос келмайди бунга. Аммо бу ҳам демократия байроқдорлари ҳисобланган Ғарб давлатлари учун жозибали элемент ҳисобланади.
Украина уруши фонида Россия билан алоқалар қандай бўлади, фаол ҳамкорлик қилса, санкцияларга тушиб қолмайдими, деган савол қўйилган эди. Лекин бундай бўлмади, балки Россия билан ҳамкорлик кучайди ҳам, биргина нефт экспорти 11 баробар ошган. Ғарб билан яқин бўлгани учун санкциялардан қутула олди, Ҳиндистонга осонликча санкциялар жорий этилмайди. Жанубий Осиёдаги Ҳиндистондек йирик ҳамкорни йўқотишни истамайди Ғарб давлатлари ҳам. Кучлар баланси нуқтаи назаридан ҳам Ҳиндистон муҳим ўйинчи ҳисобланади.
Зилола Аҳмедова: — Глобал жануб концепциясида Ҳиндистон лидер бўлмайди деб ўйлайман. Бу доирада Ҳиндистон фаоллиги ошди. Аммо унинг ўзида ҳали ички муаммолар етарли. Қашшоқлик, инфратузилма яхши ривожланмагани кабилар. Глобал Жануб АҚШ бошчилигидаги Ғарб лойиҳаларига оппонент деб биламиз. Ҳиндистон бу концепцияда етакчи бўлолмайди деб биламан, чунки қатор муаммолари бор.
Наргиза Умарова: — Дунё тартиботи ўзгараётгани маълум. Ҳатто таҳлилчилар келажакда 5 та куч маркази бўлади, деган тушунчани ҳам илгари суряпти, булар: АҚШ, Россия, Хитой, Хиндистон ва Туркия. Тўғри, ҳозирги беқарор вазиятда прогнозлар бериш мушкул, аммо Ҳиндистоннинг потенциали юқори. Кейинги 30-40 йил ичида Ҳиндистон асосий муаммоларини ечади, 2070-йилларга бориб эса АҚШ билан иқтисодий баланслашади, деган қарашлар ҳам бор. Шунинг учун ҳам лидер бўлиши мумкин деб ўйлайман.
Зилола Аҳмедова: — Хитой билан стратегик рақиблик нуқтаи назаридан Ҳиндистон кўпроқ АҚШга яқинлашяпти. Ҳарбий ва иқтисодий томондан ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда, шу сабабли Ғарбга оппонент бўлган Глобал Жанубда Ҳиндистон лидер бўлади деб ўйламайман.
— Халқаро Шимол-Жануб транспорт коридори Ҳиндистон учун қанчалик долзарб? Бу коридорни Хитойнинг "Бир макон – бир йўл" лойиҳасига қарама-қарши лойиҳа деб ҳисоблаш мумкинми?
Наргиза Умарова: — Шимол-Жануб коридорида 3 та ташаббускор давлат бор: Россия, Ҳиндистон ва Эрон. Бу ерда Эрон транзитчи, асосий давлатлар эса Россия ва Ҳиндистон. Бу коридор 2000-йилларда илгари сурилган эди. “Бир макон – бир йўл” эса 2013 йилдан кейин чиқди, лекин инвестиция киритилгани, тизимли бўлгани ва тарғиботи яхши бўлгани учун тезда ёйилди. Ҳиндистон Хитойчалик иқтисодий қудратга эга эмас, шунинг учун у халқаро лойиҳаларга манзилли ёндашади. Шимол-Жануб коридори ўша 2000-йилларда Мумбай портларидан Эрон орқали Россиянинг Астрахан шаҳригача бориши кўзланган эди, бугунги кунга келиб кенгайди бу, Чобаҳор порти қўшилди, транзитчи сифатида Туркманистон қўшилди, Ўзбекистон, Қирғизистон орқали ўтувчи йўллар ҳам назарда тутиляпти энди.
Ҳиндистон ўз манфаати бўлган тақдирда ҳам Хитой иштирокидаги транспорт коридорларида қатнашмайди ва муқобил коридорлар яратишга уринади. Масалан, Покистон ва Хитой ўртасидаги катта транспорт коридорига жавобан Марказий Осиё билан боғланиш учун Чобаҳор портини ривожлантириб, Афғонистон транзитидан фойдаланишга ҳаракат қилди. ТрансАфғон темирйўлининг кўринмас ташаббускорларидан бири Ҳиндистон ҳисобланади. “Толибон” келгач, Туркманистон транзитига юзланди.
Ҳиндистон вазифаси рақобатчи лойиҳа яратиш эмас, балки ўзи учун транспорт боғлиқликни яратиши керак. Марказий Осиё давлатлари, Россия билан иқтисодий алоқаларда асосий тўсиқ тўғридан тўғри коридор йўқлиги бўлмоқда.
Зилола Аҳмедова: — Шимол-Жануб коридори Ҳиндистон учун Марказий Осиё ва Евросиё бозорларини очади. Шу билан биргаликда денгиз йўлларига қарамликни йўқотади. “Бир макон — бир йўл”га алтернатив сифатида 2023 йилда тақдим этилган Ҳиндистон-Марказий Осиё-Европа коридори деб биламан. Бу коридор Шимол-Жануб коридоридан хам кўра кўпроқ алтернатив бўлолади.
— Ҳиндистон – Марказий Осиё муносабатларининг негизи қандай манфаатларга асосланади?
Наргиза Умарова: — 4 та асосий соҳани ажратиб кўрсатган бўлардим, булар: савдо-иқтисодий муносабатлар, инфраструктуравий лойиҳалар, халқаро транспорт коридорлари ва хавфсизлик.
2011 йилдаги Ашхобод келишуви бор. Унга кўра, Марказий Осиёдан Яқин Шарққа олиб борадиган транспорт коридорига тамал тоши қўйилган 5 та давлат иштирокида (Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Қатар, Уммон). Бу транспорт коридори 2016 йилда ишга тушади, аммо бунгача ташаббускор давлатлар таркиби ўзгаради. 2013 йилда Қатар лойиҳадан чиқиб кетади, шу йили Қозоғистон киради, 2015 йилда Покистон, 2018 йилда эса Ҳиндистон киради.
Чобаҳор портига чиқиш бир неча транспорт воситалари орқали чиқиши мумкин. Ўзбекистон учун энг қулай йўл Туркманистон орқали юриш. Чобаҳор портини ривожлантириш учун Эрон ичида темирйўллар етишмаслиги муаммоси бор эди. 2020 йилдан бошлаб Ҳиндистон кўмаги билан Чобаҳор – Заҳедон темирйўли қуриляпти, шу йили битиши кўзда тутилган. Бу орқали бу портга чиқиш бизга ҳам қулай бўлади.
2022 йилда Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари давлат раҳбарлари ўртасида онлайн тарзда Марказий Осиё – Ҳиндистон саммити бўлади. Ундан олдин ташқи ишлар вазирлари ўртасида бундай учрашув бўларди. Қўшма баёнотда хавфсизлик масаласига катта эътибор берилган. Мудофаа вазирлари, хавфсизлик идоралари доирасида ҳам мулоқотларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш вазифалари қўйилмоқда.
Ҳиндистон 90 йиллардан бошлаб Марказий Осиёда ўз ҳарбий базаларига эга. Тожикистонда ҳарбий ҳоспитал деб аталадиган база бор, бу объект тўла ҳарбий база бўлмаса ҳам, фуқаролар уруши пайтида, Афғонистон масаласида катта ёрдам бергани айтилади. Ҳозир бу объект ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тожикистоннинг Айний туманида Ҳиндистон томонидан ҳарбий аэродром ҳам қурилган эди, кейинчалик Ҳиндистон тасарруфидан чиққан. Шулардан кўриш мумкинки, Ҳиндистон учун Марказий Осиёдаги тинчлик ва хавфсизлик муҳим ҳисобланади.
Зилола Аҳмедова: — Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ривожланиб келаётган минтақа, икки минтақа аҳолиси қарийб 2 млрдни ташкил этади, Жанубий Осиё катта бозор ҳам ҳисобланади. Ҳиндистон энергия борасидаги эҳтиёжлари нуқтаи назаридан ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорликка интилади. Марказий Осиё ресурслари ва ривожланаётган мамлакатлар технологиялари қўшилмаси, кўплаб янги имкониятлар яратади.
Наргиза Умарова: — Ҳиндистон энергия ресурсларини 60-80 фоизгача импорт қилади. Шунинг учун ҳам Ҳиндистон бу ресурсларни яқин минтақалардан олишга ҳаракат қилади. Марказий Осиё эса энергияга бой ҳисобланади. Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги рангли ва камёб металлар ҳам қизиқтиради Ҳиндистонни, чунки саноати ривожланяпти. Ҳиндистон глобал фабрика мақомида Хитойдан ўзига олаётган давлатлардан бири. Хитой ва АҚШнинг савдо-иқтисодий уруши бошлангач, Ҳиндистонга жуда кўп компаниялар кириб келди, чунки арзон ишчи кучи, жозидор бозор, солиқ имтиёзлари мавжуд. Бу бўйича Ҳиндистонда алоҳида Make in India дастури ҳам ишлаб чиқилди.
Бу глобал фабрикада нафақат анъанавий маҳсулотлар, балки юқори технологияли маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқилмоқда, яъни телефонлар, компютерлар каби. Apple компанияси яқин келажакда маҳсулотларининг чорак қисмини Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни режалаштиряпти. Шу каби бошқа бренд компаниялар қизиқяпти. Шундай вазиятга Ҳиндистонга хомашё керак, шу сабабли ҳам Марказий Осиёга интилмоқда.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.